Ассалому алайкум. Баъзилар ишга бормай уйда ишлашади. Кўпчилик эса ишхонага бориб ишлашни ёқтиради. Уйда ишлаш ишхонада ишлагандек самарали эмас, унда ҳеч ким сизни назорат қилмайди ва дангаса бўлиб қоласиз, дейсизми? Қайсидир маънода сиз ҳақсиз. Агар уйда ишлашга уриниб кўрган бўлсангиз, уйдаги шароит қанчалик эркинлик беришини, диванда ўтирганда ишга киришиш қанчалик қийинлигини билсангиз керак. Шундай бўлса-да, уйда ишлашнинг ўзига яраша ижобий жиҳатлари бор. Агар шунга қарор қилган бўлсангиз, айрим қоидаларни эслаб қолишингиз керак. Бу қоидалар сизга офисдагидек самарали ишлашга ва ўзингиз учун назоратчи бошлиқ бўлишингизга ёрдам беради. Ишга кетаётгандек тайёрланинг. Иш жойингиз уйда эски курси бўлса ҳам, унга ўтириб, иш кунини бошлашдан аввал эрталаб офисга кетаётганда қиладиган ҳамма амалларингизни бажаринг.
Албатта, ишга кийиладиган кийимни кийиш шарт эмас, лекин қолгани, жумладан, эрталаб ювиниш, сочни тараш, пижамани ечиб, бошқа кийимни кийиш кабиларни албатта бажариш лозим. Бу иш кайфиятини туғдиради. Иш жойингизни мослаштиринг. Уйдаги офисингизда анча вақтингиз ўтади, шунинг учун унинг қаерда жойлашиши ва қандай жиҳозланишини яхшилаб ўйлаб кўринг. Ҳамма керакли нарсалар, компютер, принтер, телефон қўл остида бўлсин. Бундан ташқари, қариндошларингиз билан аввалдан келишиб олинг, сизни ҳадеб безовта қилаверишмасин. Ишни режалаштирганингиздан 30 дақиқа аввалроқ бошланг. Бу ярим соатни кун режасини тузишга сарфлашингиз мумкин. Иш жадвали иш кайфиятини туғдиришга ёрдам беради, бир ишдан иккинчисига ўтиришдан кўра, режалаштирган ишларингизни битиришингиз осонроқ кечади.
Бироқ кунлик режани тузиш унчалик кўп вақт олмайди. Шунда буларга иш соатингизни сарфлаб ўтирмай, иш вақтида камроқ чалғийсиз. Эсингизда бўлсин, сиз уйда ишлаяпсиз, олдингизда менежер ёки раҳбар тургани йўқ, шунинг учун янгилик ва ижтимоий тармоқларда ўтириб қолсангиз, иш жараёнини тезлаштирадиган одам бўлмайди. Иш кунини бошлашдан аввал 20 дақиқа ва тушлик танаффуси пайтидаги худди шунча вақт охирги янгиликларни ўқиб, кўнгилочар сайтда кайфиятни кўтариб олишга етарли вақт бўлади. Самарадорлигингиз вақтини аниқлаб олинг. Шунда энг қийин масалалар осонроқ ва тезроқ ҳал бўлади, қолган вақтингизни эса бемалол ижодий вазифаларга сарфлашингиз мумкин. Жадвал тузиб, унга амал қилинг. Одамлар изчил, ҳар куни такрорланадиган ҳаракатлар, яъни тартиб ва аниқ жадвалга эҳтиёж сезади.
Агар ишингизни ҳар куни битта вақтда бошласангиз, мия шунга ўрганади. Ўзингизни ишлашга мажбур қилишингизга ҳожат бўлмайди — бу одатга айланади. Ҳамкасблар билан мулоқот қилинг. Уйда ишлашни қийинлаштириши мумкин бўлган сабаблардан бири — ёлғизлик ҳисси. Ўзингизни ҳамкасблардан узилиб қолгандек ҳис этмаслик учун улар билан Skypeда гаплашинг ёки видеоқўнғироқ ёрдамида мулоқот қилинг. Биринчидан, бу сизни ёлғизлик ҳиссидан қутқаради, иккинчидан биринчи маслаҳатга амал қилишингизга ёрдам беради. Иш кунини вақтида тамомланг. Уйда чалғиш ва ишни зарур пайтда тугатмаслик муаммоси бор. Жадвал бўйича ишланг. Иш вақти тугадими, компьютерни ўчириб, бошқа иш билан машғул бўлинг. Бу дам олиш кунларига ҳам тегишли. Уйдан кўпроқ чиқишга, шароитни ўзгартириб, дам олиш кунларида ишламасликка ҳаракат қилинг. Бу сизни руҳан чарчаб қолишдан сақлаш билан бирга эски вазифаларга янгича қарашингизга ёрдам беради.