3:10

Қанотлар ва томирлар

MP3

Ассалому алайкум. Меҳрибон ва севимли онажонлар. Аёл учун энг катта мукофот бу – келажакда фарзандларига берган тарбияси ва қилган меҳнатининг ажойиб самарасини кўриш. Ҳар бир аёл келажакда фарзанди етук, комил инсон, меҳрибон фарзанд бўлишини истайди. Шу ниятда фарзандини ўстиради ва тарбиялайди. Бир сафар фарзандларимнинг китоб дафтарларини йиғиштираётиб, уларнинг рангли бўёғидаги бир ёзувга кўзим тушди. «Ота-онанинг фарзанди учун бера оладигани бу – қанотлар ва томирлардир». Жуда ажойиб ёзув экан. Бу ҳақида узоқ вақт ўйладим. Фарзандларимиз тез-тез бизни, деразадан қушларни томоша қилишга, у билан бирга қўшнининг кучукчасини ўйнашга, кўчадан топиб келган гули ҳақида гаплашишга чорлайди. Шундай пайтда она боласига етарлича эътибор берса, у билан бирга у қизиққан мавзуда суҳбатлашса, ва унинг тасаввур дунёси бойиши учун қизиқарли машғулотлар ўйлаб топса, фарзандининг қанотлари чиқишига ёрдам берган бўлади. Бу қанотлар ижодий қанотлардир.

Худованд бизларни яратганида ҳаммамизнинг «қанотларимиз» бўлишини истаган. Атрофга қаранг. Худованд нима учун жирафага узун оёқлар ва узун бўйин берган? Нега шернинг ранги тилла рангда, нега капалакнинг қанотлари турли рангда? Нега товусга турли рангда товланадиган патлар берган? Нега Худо атрофимизда шунчалик турли хиллик ва гўзалликни яратган? Чунки, Яратувчимиз бизни тасаввур дунёмизни бой этиб, Унинг яратганларини тушуна оладиган қилиб яратган. Муқаддас Каломда шундай бир оят бор: «…Завқ олишимиз учун ҳар бир нарсани мўл-кўл эҳсон этган барҳаёт Худога умид боғласинлар» (1Тим 6:17). Она сифатида биз ҳамма ижодий қобилиятимизни болаларимизнинг қанотларини ўстириш, томирларини мустаҳкам жойлашиши учун ҳаракат қилишимиз керак. «Менда яратувчилик қобилияти йўқ. Тасаввур дунёйим ҳам унчалик бой эмас» — дейсизми? Ҳеч қиси йўқ. Агар истасангиз тасаввурингизни бойитишингиз, яратишни бошлашингиз мукин. Биринчидан ҳар биримиз Худонинг суратида яратилганмиз. Худовандимиз эса Яратувчи. Демак, сиз ҳам ярата оласиз, фақат бироз интилиш бўлса бас.

Болаларингизнинг ижодий қанотларини ўстириш учун уйда қизиқарли мактаб билан шуғулланинг. Агар фарзандларингиз кичик бўлса, уларга кўпгина қаламлар ва қоғозлар тайёрланг. Нонуштадан кейин, фарзандларингизга қаламлар ва қоғозларни бериб, уларни расм чизишга унданг. Баъзи болалар табиатан расм чизишга қизиқадиган, тинмай ота-онасидан ва опаларидан қоғоз сўрайдиган бўлишади. Бундай боланинг қизиқишини сўндирмай, унга керакли нарсаларни муҳайё қилиш лозим. Ҳар сафар улар расм чизганларида, мақтаб, янги-янги фикрлар беринг. Бир нарсани қайта-қайта чизга болакай, кейинчалик ўша нарсани яхши, бошқаларга фаҳрланиб кўрсатиш мумкин бўлган суратга айлантиради.

Ëки бўлмаса фарзандлар ошхонада ёрдам беришга қизиқишади. Шундай пайтда уларнинг ёшига қараб, иш тақсимлаб беринг. Ëрдамлашишларини маън этманг. Агар ҳозир улар сизга ёрдам беришни ўрганишса, келажакда улардан ажойиб ёрдамчилар чиқади. Хуллас фарзандингиз ҳаётдан завқланиб яшаши учун уларнинг қанотлари чиқишига ёрдам беринг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top