Ассалому алайкум мунис бекалар. Тозалик ҳар бир аёл учун жуда муҳим. Аёл оиланинг ҳамшираси. Шунинг учун у яқинларининг саломатлигига астойдил қайғуради. Шундай экан, бугунги суҳбатимизда оиламизда энг кўп микроб йиғиладиган жойлар манзили билан таништириб ўтишни лозим топдик. Бу маълумотлар барчамиз учун фойдали. Озодалигимизга ҳаммамиз эътиборли бўламиз. Аммо шундай нарсалар борки, айнан уларга биз унчалик ҳам аҳамият бермаймиз. Бу қандай нарсалар экан деб қизиқаётгандирсиз? Ҳозир билиб оласиз. АҚШнинг Аризона университетининг Микробиология бўлими олимлари олиб борган тадқиқотлари натижасида, улар хонадонимиздаги энг микробли 10 та ашёни аниқлашди. Улар қуйидагилар: Ошхонамиздаги тахтакач. Тахтакашни доимо иссиқ сувда ювиб, сўнг яхшилаб артишимиз лозим.
Мутахассисларнинг тавсия этишларича, уйимизда камида 6 та тахтакач ишлатишимиз лозим экан: товуқ, балиқ, гўшт маҳсулотлари учун, қайнатилган сабзавотлар учун, нон учун, мевалар учун алоҳида-алоҳида тахтакач ишлатиш лозим. Кейинги манзил бу телефон гўшаги. Телефон гўшагини 2-3 кунда бир яхшилаб артиб туриш керак. Уни тозалаш учун гўшакни аввал нам латтада кейин қуруқ латта билан артиш керак бўлади. Идиш-товоқ учун мочалка. Қанчалик озода бўлиб, уни ҳар куни ишлатиб бўлгач совунлаб ювиб қуритсангиз ҳам микроблар бу жойни тарк этишмас экан. Шунинг учун уни ҳар хафта янгилаб туриш маслаҳат этилади. Биласизки энг кўп намланадиган жой бу ҳаммом. У ерни ҳар куни тозаласингиз ҳам, пардасини тез-тез ювиб алмаштириб турмасангиз, микробларни уй-жой билан таъминлаган бўласиз. Ҳаммомингиздаги пардани ҳам ойда бир марта алмаштириб туриш керак.
Акс ҳолда, у ўзида барча зарарли микробларни йиғиб ўтиради. Ошхонада энг кўп тозаликни талаб қиладиган ашё бу -ахлат челак. Нафақат ошхонадаги балки, ҳаммом ва ҳожатхонадаги ахлат челакни ҳам бир ойда 2 марта махсус суюқликлар билан дизенфекциялаш керак. Кейинги ва энг суюкли манзил бу — кир ювиш машинаси. Кир ювиш машинасининг ташқи тарафини артиб-суртамиз аммо бу техника ҳам ўзида микробларни тўплаш хусусиятига эга. Кир ювиш машинаси ичидаги резина зичлагични ҳам 1 ойда 2 марта махсус суюқликлар билан дизенфекциялаш лозим. Кейинги энг севимли ва микроб тарқатадиган ашё бу — пульт. Қўлдан қўлга ўтадиган пультни тозалаш учун намли қоғоз сочиқчадан фойдаланишингиз мумкин. Уни ҳар куни бир неча марта тозалаш керак. Уй тозалаш вақтида аҳамиятсиздек туйилган эшик дастаги, микроблар учун аслида катта аҳамиятга эга.
Эшик дастагини ҳар куни уй тозалагандан сўнг, антибактерияли нам сочиқда артиш керак. Тиш чўткаси бизни ишимизни енгил қилиб, тишларимизни тозалаб беради, аммо аслида унинг ўзи ёрдамга муҳтож ҳисобланади. Уни тозалаш учун тиш пастасининг ўзи кифоя. Тиш пастаси билан уни иссиқ сувда ювишингиз керак. Микробларнинг кейинги замонавий манзили компьютер клавиатураси ва сичқонча ҳисобланади. Афсуски, уни ишлатишни билганимиз билан тозалашга келганда оқсоқланамиз. Уни тозалаш учун аввало компьютерингизни токдан суғуришингиз керак, сўнгра чангютгичнинг юмшоқ чўткаси билан клавиатурангизни тозаланг. Аввал нам мато билан, сўнг қуруқ матода артинг. Клавиатура ораларига сув кирмаслиги учун мато яхши сиқилганига эътибор қилинг. Оилангиз саломатлиги сизнинг қўлингизда. Шундай экан маслаҳатларимизга ҳар куни амал қилинг.