3:26

Меҳмондорчилик одоби

MP3

Ассалому алайкум. Меҳмон — атои худо, дейишади. Бугунги тезкор замонда алоҳида қунт ва ҳафсала билан барча таомилларини ўрнига қўйиб меҳмон кутиш ҳам катта иш бўлиб қолди. Бу одобни санъат даражасига олиб чиқадиганлар ҳам бор. Меҳмон кутишни тўғри ўзлаштирганлар доимо элнинг ардоғида. Менимча, бу одат ва одоб ҳам бир қобилиятдек. Меҳмон кутишга ҳоҳиши бор, аммо уқуви йўқ инсонлар ҳам топилади. Балки шунинг учун ҳам шаҳар жойларда меҳмонни бирон кафе, ресторан, чойхона каби емакхоналарда кутиш ҳам урфга кириб боряпти. Лекин инсонлар минг-минг йиллардан буён меҳмондорчилик юмушларига алоҳида эътибор қаратиб келган. Меҳмонни сийлаш борасида қўлидан келган ҳамма хизматини аямаган. Меҳмондорчилик билан боғлиқ урф-одатлар ёзилган ҳамда ёзилмаган қоидалар сифатида аждоддан авлодга ўтиб келяпти. Бугунги суҳбатимиз давомида меҳмон чақиришга доир одатлар ва меҳмоннинг бунга нисбатан муносабати ва жавобларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Юқорида айтиб ўтган одатларимиздан бири бу — чақириқ. Яқин кишилар, қариндош-уруғ, таниш-билиш, ҳамкасб ва бошқаларни вақти-вақти билан меҳмонга чақириб туриш энг эзгу таомиллардан саналади. Имкон топилганда бир дастурхон атрофида дийдорлашиб туриш кўнгилларни бир-бирига яқин ва улфат бўлишининг гаровидир. Шунингдек, бу ҳолат меҳр-оқибат ришталарининг узилиб кетмаслигига ҳамда ўзаро муҳаббатнинг ортиб боришига замин бўлади. Шу сабабли яқинларни меҳмонга чақириш савобли амаллардандир. Меҳмонга бориш одоби бўйича, чақирилган жойга албатта бориш зарур. Меҳмон чақирган киши аввалдан баҳоли қудрат ҳаракат ва харажат қилади. Ҳафсала қилиб, вақт ажратади. Шундай пайтда унинг чақирувини ижобат қилмаслик ҳурматсизликдир.

Баъзи ҳолларда узоқ шаҳардан бир юмуш билан келган инсон, ўша шаҳардаги қариндоши ёки биродариникига боришга қарор қилиб, унинг аҳволини сўраб бориш нияти борлигини маълум қилади. Табиийки, мезбон ҳам қурби етганча, келадиган меҳмонни хурсанд қилиб жўнатишга тайёргарлик кўради. Ана шундай катта ҳаракатлар ва ниятлардан кейин, меҳмоннинг ниятини ўзгартириши ва бормай қолиши ҳам одобдан эмас. Бу мезбонни хафа қилади. Агар чақирилувчининг бормасликка узрли сабаби бўлса, уни билдириб, олдиндан узрини айтиб қўйиши одоб белгиси саналади. Эҳтимолли ҳолатларни хисобга олган ҳолда мезбон ҳам ўзининг имкониятидан ортиқча ҳаракат қилмагани ҳар икки тараф учун ҳам маъқулдир. Уй эгасининг вақти ва имкониятини инобатга олмасдан ҳамда олдиндан огоҳлантирмасдан меҳмонга бориш хонадон соҳибларини бироз ноқулай аҳволга солиб қўйиши мумкин. Шунинг учун бирон кишини йўқлаб боришда, имкон бўлса, олдиндан хабар бериб қўйилгани маъқул.

Ҳадя. «Бировнинг эшигига қуруқ қўл билан бориб бўлмайди», деган гапни эшитган бўлсангиз керак. Меҳмондорчиликка бораётганда аёллар дастурхон  қилиб боришлари, эркаклар ҳам ўзига яраша ноз-неъмат ёки бирон эсдалик совға кўтариб бориши мезбон хонадонга бир чимдим муносабат ва эътибор кўрсатиш, қолаверса, шодлик улашиш рамзидир. Олиб борилган ҳадя кичик ва арзимас бўлса-да, илтифот юзасидан «кам бўлса ҳам кўп ўрнида кўрилади». Лекин мезбоннинг меҳмон олиб келадиган нарсага кўз тикмаслиги, таъмагирлик қилмаслиги, ҳадяни паст санаб, кибрга берилмаслиги ҳамда бундай кайфиятини бошқаларга таъна қилиб билдириб қўймаслиги муҳимдир. Оилавий меҳмондорчиликларда олиб борилган ҳадялардан кўпроқ жажжи болакайлар хурсанд бўлади. Болаларнинг хурсандчилиги ота-онанинг, қолаверса, бутун оиланинг хушнудлигига сабаб бўлади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top