3:41

Калтакни аяш…

MP3

Ассалому алайкум қадрдон бекалар. Бугун ёш ва ўзига тўқ ота-оналар фарзандларига тарбия бериш масаласида жуда катта хатоликларга йўл қўйишмоқда. Уларнинг фикрича, агар фарзандни севсанг, уни калтакламаслик керак. Аммо итоатсиз ва қулоқсиз фарзандни вақтида тарбияламаса, у ўз йўли билан кетишга одатланиб қолади. Каломда тарбиялаш ҳақида шундай дейилган: “Калтакни аяган одам ўғлини ёмон кўради, ўғлини севган эса ёшликдан тартиб–интизомга ўргатади.” Худованд гуноҳимизни ўзимизга кўрсатиш учун, тарбиядан фойдаланади. Бу яна Нажоткорга муҳтожлигимизни ҳам кўрсатади. Агар фарзанд ўз гуноҳининг натижасини ҳис қилмаса, гуноҳ жазоланиши кераклигини билмайди. Эгамиз бизга Исо Масиҳ орқали нажот ва кечирим беради, аммо баъзилар ўз гуноҳкорлигини англамайди. Бундан ташқари тарбиялаш биз қилган ҳар бир ҳатти ҳаракатимиз учун жавобгар эканлигимизни кўрсатади.

Биздаги кибр бизни кўр қилиб қўяди ва Нажоткорга муҳтожлигимизни кўрмаймиз. Нажот топиш фарзанд ҳаётидаги энг муҳим нарса бўлгач, ота-оналар фарзандларини Масиҳга ва Худо нажотига йўналтиришлари ҳамда итоатсизликда жазолашлари шарт. Ўз гуноҳини ҳис қилган ва катталарни ҳурмат қилган фарзанд Масиҳга яқинроқ бўлади. Ҳамма фарзандлар гуноҳ ичида туғилишган, шунинг учун итоатсизлик уларнинг табиатида бор. Шунинг учун ҳам уларни жазолаб тарбиялаш керак. Сулаймон пайғамбарнинг Ҳикматлар китобида шундай ёзилган: “Танбеҳ олса ҳам ўжарлигича қоладиган одам бирданига ҳалокатга учрайди, шифо топмайди.” “Қамчи билан насиҳат ақл беради, ўз ҳолига ташлаб қўйилган бола эса онасига уят келтиради.” “Ақлсизлик боланинг дилига ўрнашган, танбеҳ қамчиси уни ажратиб юборади.” Тарбия донолик йўлидаги энг муҳим нарса. Итоатли бўлган фарзанд эса доно бўлади.

Ҳатто тарбияга эътибор бермаган катта одам ҳам ўз ахмоқликларининг оқибатини кўрадилар. “Идроклининг сўзларида — донолик, нодоннинг орқасида эса қамчи.” Кўпчилик “Албатта болани тарбиялаш керак, фақат уриб эмас”, дейди. Аммо Муқаддас Каломда тарбия усулини аниқ қилиб белгилаб берган. Қамчи бу – ингичка хивич. Бу билан қаттиқ шикаст етказилмайди. У озгина жисмоний оғриқ беради ҳолос. Жисмоний жазолаш сабабли фарзандларда кўкариш, жароҳатлар ва кесилган жойлар бўлмаслиги керак. Муқаддас Калом ота-оналарга ҳеч қачон Худо томонидан берилган ҳокимиятни суистеъмол қилмасликни буюради. Жазолаш доим севги билан бўлиши керак. Ота ёки она ҳаддан ташқари жаҳли чиқиб турганида боласини шу жахл ва нафрат билан жазоламасин. Худованд Ўз фарзандларига бўлган муносабати орқали ёш, тажрибасиз ота-оналарга қандай тарбия қилишни ўргатади.

Калом Худонинг тарбияси ҳақида шундай дейди: “Худонинг сизларга Ўз фарзандлари сифатида айтган бу далда сўзларини унутибсизлар: “Ўғлим, Эгамизнинг тарбиясига эътиборсиз бўлмагин, Ундан танбеҳ олганингда кўнглинг чўкмасин. Зеро, Эгамиз яхши кўрган бандасини тарбиялайди, Фарзанд қилиб олган ҳар бир одамни жазолайди.” Чекаётган азобларингизни Худонинг тарбияси, деб билиб, сабр–тоқат қилинглар. Чунки Худо сизларни Ўз фарзандларидай кўриб, тарбия қиляпти. Ахир, ҳар бир ота ўз фарзандини тарбия қилади–ку! Агар Худо сизларни бошқа фарзандларини тарбиялагандай тарбияламаса, демак, сизлар Худонинг фарзандлари эмас, ҳаромзодасизлар. Биз жисмоний оталаримизнинг тарбиясини олиб, уларни ҳурмат қилиб келяпмиз. Шундай экан, янги ҳаётга эга бўлиш учун осмондаги Отамизга бундан–да кўпроқ итоат қилишимиз керак эмасми?!”

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top