3:33

Бизнинг ҳимоячимиз

MP3

Ассалому алайкум. Аёл табиатан ҳимояга ва парваришга муҳтож. Бу Яратувчимиз учун янгилик эмас. У бизнинг нимага муҳтожлигимизни яхши билади. Шунинг учун бугунги суҳбатимизда ҳимоячимиз Масиҳнинг ишлари ҳақида суҳбатлашишни маъқул кўрдик. Калом бу ҳақида шундай дейди: “Азиз болаларим, мен сизларга гуноҳ қилманглар деб, шуларни ёзяпман. Борди–ю, бирортамиз гуноҳ қилиб қўйсак, Отамиз Худонинг олдида ҳомийимиз — Исо Масиҳ бор, У одилдир.” Қадимда Закариё пайғамбар ҳам Худованд унинг гуноҳларини кечириб, уни шайтон ёлғонидан ва балоларидан ҳимоя қилгани ҳақида ёзиб қолдирган: “Кейин фаришта менга Эгамизнинг фариштаси олдида олий руҳоний Ёшуа турганини кўрсатди. Ёшуанинг ўнг томонида эса шайтон уни айблаб турган эди. Эгамиз шайтонга шундай деди: — Эй, шайтон! Гапларингнинг ҳаммаси ёлғон! Мен Қуддусни танлаган Эгангман. Мен сенга айтаман, гапларинг ёлғон!

Ахир, бу киши алангадан қутқарилган бир ўтин парчасидай эмасми?! Фариштанинг олдида турган Ёшуа кир кийимларда эди. Фаришта атрофида турганларга:— Унинг кир кийимларини ечинглар, — деди. Ёшуага эса: — Мана, қара, Мен сенинг гуноҳларингни олиб ташладим, — деди. — Энди сенга тоза, байрамларда киядиган янги кийимларни кийдираман.” Масиҳнинг издошлари бу оятга кўра, худди суд ҳукми олдида турган жиноятчидай. Ёшуа пайғамбар ҳам Худонинг халқи учун кўз ёши билан марҳамат сўрар экан, шайтон унинг чап томонида туриб халқни айбларди. Ҳеч синаб кўрганмисиз, ибодат билан Худо ҳузурига яқинлашмоқчи бўлганингизда, шайтон сизнинг ҳамма айбларингиз, хатоларингиз ва ишларингизни сизга яққол кўрсатади ва Худо олдида туришга нолойиқсан, деб ишонтиришга уринади. Гуноҳга ўзи бошлаган шайтон Худо фарзандларининг ҳамма кирдикорларини ёмонликка ишлатади.

Албатта Худо ҳам гуноҳларимизни кўради, аммо У бизга ёмонликни раво кўрмайди. Шайтон эса вақти кам қолганини билади. Шунинг учун инсонларни Худодан узоқлаштириш учун гуноҳга чорлайди ва кейин эса ўша гуноҳлардан ўз ёлғонларини тўқишда фойдаланади. “Гарчи сизлар бу қисқа ҳаётда азоб чекиб яшасангизлар ҳам, Худонинг Ўзи сизларга мадад бериб, барчангизни баркамол, саботли, куч–қудратли ва мустаҳкам қилади. Ахир, иноятга бой Худо Исо Масиҳ орқали сизларни Ўзининг абадий улуғворлигига шерик қилиш учун даъват этган.” Худонинг севгиси орқали биз саботли, имонда ва руҳда кучли ва мустаҳкам бўламиз. Бу эса шайтоннинг ишларини самарасиз қилиб қўяди. Ҳар сафар шайтон Худо фарзандларини айблаш, тушкунлик, ёлғонлар сабабли ўғирламоқчи бўлганида Масиҳ орамизга тушади ва бизни ҳимоя қилади. Гарчи биз гуноҳ қилган бўлсак ҳам Масиҳ бизнинг гуноҳларимизни олди.

Биз ўз-ўзимизга ёрдам беролмасдик. Шунинг учун ҳам Худо биз учун нажот ва ёрдам йўлини тайёрлади. Юқорида Закариё пайғамбар билан содир бўлганидек, Худованд биздаги ифлосликларни олиб ташлади ва ўрнига тоза покиза кийимларни кийдирди. Масиҳнинг қурбонлиги натижасида биз руҳан покландик ва худди Худо олдида покиза кийимда турган Закариёдек бўлдик. Бизнинг камчиликларимиз ва ожизликларимизга қарамай, Масиҳ бизни ҳимоя қилишдан тўхтамайди. Худованд бизни севади ва Ўзига қайтаришни истайди. Масиҳ унга ишонганларнинг кир кийимларини ечиб, ўзининг солиҳлик либосларини кийдиради. Шуни билган ҳолда биз ҳам шайтонга қарши туришимиз керак.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top