3:31

Йўқолган ва топилган

MP3

Ассалому алайкум матонатли опа-сингиллар. Руҳий ҳаётингизда аҳвол қандай? Руҳий ахволимиз қандай бўлмасин, худди Ёқуб пайғамбардек Худонинг этагини қўйиб юбормаслик керак. Ахволимиз қандай бўлмасин, Худога қарашда ва Ундан ўрганишда давом этишимиз лозим. Бугунги суҳбатимизда Масиҳнинг масалларидан бирини келтириб ўтишни лозим топдик. Исо Масиҳ шогирдларидан бири Луқо ёзиб қолдирган китобда Масиҳнинг ушбу масали акс этган: “Исо яна деди: “Бир одамнинг икки ўғли бор экан. Уларнинг кичиги отасига: — Ота, мол–мулкингиздан менга тегишли қисмини беринг, — дебди. Отаси мол–мулкини икки ўғлига бўлиб берибди. Орадан кўп ўтмай, кичик ўғил бор нарсасини йиғиштириб, узоқ бир мамлакатга кетибди. У ерда шалоқ яшаб, мол–дунёсини кўкка совурибди. Борини исроф қилганидан кейин, ўша мамлакатда оғир қаҳатчилик бошланибди. Йигит ҳам муҳтожликда қолибди.”

Бу маталнинг қолгани сизга аён шундай эмасми? Охири дарбадар ўғил Отаси ёнига қайтади. Ота эса уни қучоқ очиб кутиб олади. Йўқолган қўй ҳақидаги матал ёдингиздами? Исо Масиҳ шундай дейди: “Сизларнинг орангизда кимнингдир юзта қўйи бўлса–ю, биттаси йўқолиб қолса, тўқсон тўққизтасини яйловда қолдириб, йўқолган қўйни топмагунча қидирмайдими? Ўша қўйини топганда, хурсанд бўлиб елкасига кўтариб олади. У уйига келиб, дўстларини, қўшниларини чақиради ва уларга: “Мен йўқолган қўйимни топдим! Хурсандчилигимга шерик бўлинглар”, — деб айтади.” Ёки йўқолган танга ҳақидаги матал-чи? “Ёки қайси бир аёлнинг ўнта кумуш тангаси бўлса–да, биттасини йўқотиб қўйса, у чироқ ёқиб тангани топмагунича уйини супуриб–сидириб синчиклаб қидирмайдими?! Тангани топгач, дугоналарини ва қўшниларини чақириб: “Мен йўқолган тангамни топдим! Хурсандчилигимга шерик бўлинглар”, — дейди.

Сизларга айтаманки, худди шу сингари, тавба қилган битта гуноҳкор учун Худонинг фаришталари ҳузурида шодлик бўлади.” Бу маталларнинг ҳаммасида Худонинг бир ҳислати ҳақида гапирилади. Худованд ўзидан узоқда адашиб юрганларга ачинади. Гарчи бундай инсонлар Худодан юз ўгирган бўлса ҳам, Худо уларни оғир аҳволда ташлаб қўймайди. Улардан кўнглини узмайди. Дарбадар ўғил ҳақидаги маталда ўғил отасининг уйида ҳаддан ташқари эркинлиги чеклангандек ҳис қилади. Шунинг учун ҳам у: “Агар мол-мулкнинг ўзимга тегишлисини олиб отам уйидан кетсам яхшироқ яшайман”, деб ўйлади. Аммо афсуски, Отанинг доно ўгитларисиз, Унинг оқилона қоидаларисиз ҳар қандай ўсмир ёки фарзанд охири ўша дарбадар ўғил ахволига тушади. Афсуски орамизда шундайлар кўп. Жисмонан анча ёшга кириб қўйган бўлса ҳам, Худо олдида ўзларини худди ўсмирлардек тутадилар.

Калом бундайлар ҳақида шундай дейди: “Улар ўзларини ақлли, деб ҳисоблайдилар, аслида эса нодондирлар.” Дардабар ўғилнинг худбинларча, ўйламай қилган иши нимага олиб келганини биласизми? Унинг ёшлиги, кучи, энг бебаҳо йиллари, ақли, танавий хоҳиш истаклар оловида ёниб йўқ бўлди. Ўзининг эркинлигини истаган ва бу билан вақтинчалик мақтанган йигит охири бориб қулга айланиб қолганини англади. “Бу одамлар Худони таниб–билишни рад қилганлари учун, Худо уларни бузуқ хаёлларга топшириб қўйди, шу билан улар қилиш мумкин бўлмаган ишларни қиладилар.” Бундайлар ўша қилган ишларини унутишни истайди, аммо Худонинг олдига қайтишни хоҳламайди. Дарбадар ўғил каби Худодан олади аммо Худони рад этади. Умид қиламизки, сиз ундайлар тоифасига кирмайсиз. Руҳий ҳаётингизни бойитишни истасангиз бизнинг www.dilkashradio.com сайтимиз сизга кўмак беришга тайёр.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top