3:22

Қўшниларимизни севиш

MP3

Ассалому алайкум руҳда яқин опа-сингилларим. Аёл зоти мулоқот қилишга эркаклардан кўра мойилроқ ва бунинг уддасидан яхши чиқади, дейишади. Аммо бугунги ўта шиддат билан одимлаётган ҳаётда бу нарса ҳатто аёллар учун ҳам мураккаб нарсага айланиб қолди. Биз эрталаб ишга кетамиз ва кечки пайт чарчаб, ҳолдан тойиб қайтамиз. Йўл-йўлакай қўни-қўшнилар билан қисқагина саломлашамиз. Аммо Худованд бизга яқинларингни, қўшнингни сев деб амр берган. Хўш, унинг амрини қандай бажарамиз? Уларга қандай қилиб севги кўрсатамиз? Ёдингизда бўлса ўтган сафарги суҳбатимизда бу ҳақида баъзи маслаҳатларни бериб ўтган эдик. Бугун эса сиз билан бошқларни Худо истаганидек севиш қандай бўлишини тўлиқ кўриб чиқамиз. Аввал айтганимиздек, севги бошқаларнинг муҳтожлигини кўриб унга жавоб қайтаришни талаб қилади. Ҳамда бунинг учун маблағингизни, вақтингизни ва кучингизни ишлатишингизга ҳам тўғри келади.

Сиз Худованд сизга берган баракалар билан бошқаларни ҳам баракалашингиз керак. Кутилмаган вазиятларда ҳам муҳаббат кўрсатишингизга тўғри келиши мумкин. Исо Масиҳнинг “Раҳмдил Самариялик”, деган ҳикояси эсингиздами? Яраланган, ўзи юра олмайдиган одамни эшакка орқалаб олиб кетиш осон бўлмаган. Сиз ўзингизга қулай бўлмаган бир пайтда ёки ҳолатда қўшнингизга қандай ёрдам кўрсата оласиз? Севги шифоловчи. Самариялик одам яраланганнинг яраларини ювиб, унга малҳам қўйганидек, сизнинг қўшниларингизга бўлган севгингиз ҳам шифоловчи бўлиши керак. Севги қурбонликни талаб қилади. Раҳмдил Самариялик яраланган одамни меҳмонхонага олиб келиб, эгасига икки динор берган. Икки динор ўша пайтда бир одамнинг икки кунлик иш ҳақи бўлган. Самариялик бу яхшиликни беғараз қилган. Ярадор одамдан бунинг учун ҳеч нарса кутмаган. Сиз-чи?

Атрофингиздаги муҳтож қўшниларингизга қандай қурбонлик қила оласиз? Сизнинг севгингиз бошқаларни ҳам шу ишга жалб этиши керак. Самариялик кетар чоғида, яраланган одамга ғамхўрлик қилишни топшириб кетди. Биз ҳам баъзан бошқаларни ҳам шу меҳр-мухаббат кўрсатиш ишига жалб қилишимиз керак бўлади.  Севги раҳм-шавқатли. Масиҳ ҳикоясининг охирида уни тинглаб ўтирганларга савол берди, “Сизнингча, ўша уч одамдан қайси бири қароқчилар қўлига тушган одамнинг яқини ҳисобланади? Тафсирчи: -Унга шафқат кўрсатган одам–да, — деб жавоб берди.

-Боринг, сиз ҳам шундай қилинг! -деди унга Исо.” Жон Мак Артур ўзининг мақоласида, “Меҳр-шавқат бу овқатсиз одамни кўриб, унга овқат беришдир. Меҳр-шавқат севгига муҳтож бўлган одамни кўриб унга севги беришдир. Меҳр-шавқат бу муҳтожликдаги одамнинг муҳтожлигини шунчки ҳис қилиш эмас, балки қондиришдир ”, деб ёзган эди.

Биз эса унинг фикрига қўшиламиз. Самариялик одам ҳам яраланган одамни кўриб бошқаларга ўхшаб ўтиб кетиши мумкин эди, аммо у раҳм қилиб тўхтади ва унинг муҳтожлигида ёрдам берди. Биз кўпинча муҳтожликдаги одамларни кўриб кўрмаганликка оламиз. Агар юрагингизда бирор қўшнингизга нисбатан раҳм-шавқат бўлса демак, бунинг орқасидан ҳаракат ҳам бўлиши керак. Шунчки рахм-шавқатнинг ўзи етарли эмас. Худованд бизнинг ҳолатимизга ачинганидан нима қилгани ёдингиздами? Бу оятни ҳаммамиз ёддан биламиз, “Зеро Худо оламни шунчалик севдики, Ўзининг ягона Ўғлини берди. Токи унга ишонган одам халок бўлмасин, балки абадий ҳаётга эришсин”. Азиз меҳрибонлар, атрофингизга назар ташланг, Худо сизга берган севги билан кимга меҳр бера оласиз? Кимга Худонинг ажойиблигини кўрсата оласиз? Исо Масиҳ айтганидек, сиз ҳам Самарияликка ўхшаб иш тутинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top