Ассалому алайкум меҳрибон ва куюнчак опа-сингиллар. Қиз бола онасидан гап-сўз ўрганади, ҳаракатларига тақлид қилади. Айниқса, қиз бола то турмушга чиққунигача онасининг измида юради. Қиз боладан энг яқин кишинг ким деб сўралганида ҳам «онам” деган жавоб олишимиз аниқ. Шунинг учун «Онасини кўриб, қизини ол”, дейишади-да. Қиз боланинг тарбияси нозик эканлиги тўғрисида кўп гапирамиз, амалда-чи, бу масалага қандай ёндашиш лозим? Ҳар бир оилада қиз бола тарбиясига алоҳида аҳамият берилади. Болалигиданоқ қизалоқни ёмон кўз ҳамда сўздан асраб-авайлайди. Вояга етгунича шаънига гард тушмасин деб ота-она, яқинлари парвона бўлади. Ота-она қалқон бўлиб ҳимоя қилаётган қизини «бировнинг хасми” дейди. Балоғатга етган қизларига меҳмондай муносабатда бўлишади. Ҳар бир хатти-ҳаракатини тўғрилаб, келин бўлиб тушадиган хонадон учун тайёрлашади.
Аслида, бу одоб-ахлоқ йўриғининг асосида қиз болани бекаликка ўргатиш, оналикка тайёрлаш ётади. Фарзандларнинг беихтиёр ота-онасига тақлид қилишини инобатга олсак, қиз бола аввало ўз онасини идеаллаштиради. Қизни кичиклигиданоқ назокатли қилиб тарбиялаш учун ўзингиз унга намуна бўлишингиз керак. Дилдан чиқмаган қалбаки мақтов ёки хушомад беўхшов эшитилади. Гўдак буни дарҳол сезади ва сўзингизни қабул қилмайди. Қизчангизни рақс гуруҳига беринг, уни чиройли ҳаракат қилишга ўргатишади. Уни музей ва кўргазмаларга олиб боринг, у гўзалликдан, санъатдан баҳра олишга ўрганади. Унга чиройли кўйлак ва туфличалар, безаклар, болалар гигиеник ва пардоз воситаларидан олиб беринг. Шунда у барчасидан оқилона фойдаланишни ўрганади. Унинг ҳар бир гўзал, нозик ҳаракатларини эътиборга олинг. Мақтанг ва севинг. Ўпинг ва эркаланг. Уни завқлантиринг.
Қизингизга ташқи кўринишида борасида камчиликларини юзига солаверманг. Айниқса, у жуда озғин ва дўмбоқлиги борасида кўп гапирманг. Бундай тушунча унинг онгига тез жойлашади ва салбий фикрларни келтириб чиқаради. Ҳатто сиз томонингиздан бехосдан айтиб қўйилган луқма ҳам бола кўнглини ўкситиши мумкин. Шунчаки ўз камчиликлари ва нуқсонларини қабул этишни ёки улардан қутилиш сирларини ўргатинг. Ўз қизчангизни ардоқланг. Қатиқққўл бўлиш шартми? Кичик ёшдаги қизалоқ болаларча қайсарлик, эркалик билан баъзида танбеҳ эшитса-да, катталарнинг айтганини қилмаслиги мумкин. Оилада жазоловчи мақомини олган она бундай пайтда қизалоғига қаттиққўллик қилиб, жисмоний жазо қўллайди. Лекин бу тарбиядаги яхши чора эмас. Бундан ҳам ёмони «Айтганимни қилмасанг, бошқа ойи топиб ол, энди сени қиз қилмайман” деган гапларни айтишдир.
Онасидан калтак ейишдан қўрқиб қочаётган болага бу ундан-да каттароқ жазо бўлиб кўринади. «Энди сени қиз қилмайман”, деган сўз қизчага онасидан ажраб қолишини англатади, жисмоний ҳамда руҳий зарба болакайни тушкунликка туширади. Унутманг: қизингиз келажакда қандай бўлиши унинг онаси — Сизга боғлиқ! Кейинчалик эса бу ҳолат ўзига паст баҳо бериш кўринишида намоён бўлади. «Мен ёмонманми? Нима қилсам онамга ёқаман?” деган фикр унинг бутун ҳаёлини забт этади. Уй ишларида ёрдам бериш, аъло баҳоларга ўқиш ва шунга ўхшаш нарсалар фақатгина онанинг кўнглидан жой олиш, ундан бир оғиз бўлсада мақтов эшитиш учун бажарилади. Зинҳор ўзига ёққани ёки хоҳлаганидан эмас. Ота-она фарзандини шартсиз севишни ўрганиши керак. Акс ҳода бу камчилик фарзандига акс таъсирлар бериши мумкин.