3:12

Муҳим маълумотлар

MP3

Ассалому алайкум. Агар ўтган сафарги суҳбатимизни тинглаган бўлсангиз, ёзги таътилда, баъзи юқумли ичак касалликларининг олдини олиш учун нималар қилиш лозимлигини айтиб ўтган эдик. Оналарнинг шунчалик эҳтиёткор бўлишларига қарамай, болада ичак касаллиги даб-дурустдан бошланиб қолса-чи. Умуман бола юқумли ичак касаллигига чалинган-чалинмаганини қаердан билиш мумкин? Бунда боланинг ҳарорати кўтарилади. Кўнгли айнийди, қусади. Қорин соҳасида оғриқлар бўлади. Ичи кетиб ҳолсизланади. Бундай ҳолатлар кузатилса, тезда шифокор чақиринг. Ундан ташқари бундай ҳолатларда болага нима мумкин-у, нима мумкин эмаслигини ҳам билиб олсангиз фойдадан ҳоли бўлмайди. Умуман олганда оналар баъзи тиббий билимга эга бўлсалар, бу билим, зарур бўлганда асқотади.

Бола юқумли ичак касаллигига учраганда, кунига камида бир маротаба боланинг ҳароратини ўлчанг. Болага сут ва сут маҳсулотлари, мева-сабзавотлар, кофе, тузли ҳамда аччиқ таомлар, чипслар, ёнғоқлар, ва поп-корнлар берманг. Бундай пайтда қовурилан таомлар ҳам болага яхши фойда бермайди. Имкон борича, фарзандингизга қайнатилган, димланган таомларни тайёрлаб беринг. Маҳсус таомлар китобингизни очиб, қайнатма мастава, шўрва, димланган котлет, димланган мева ва савзавотларни болангизнинг оғзига ёқадиган қилиб тайёрлаб беринг. Бола сиз идишчасига солиб берган ҳамма овқатни еб тугатмаса ҳам майли. Уни мажбурламанг. У таъби тортганича есин. Муҳими унинг ошқозонига бирор нима кириши ва етарлича суюқлик ичишидир. Бундай пайтларда, унинг кўнглига қараб, кока-кола, фанта каби газланган ичимликларни олиб берманг. Ундан ташқари, таркибида қанд моддаси кўп бўлган узум, шафтоли, олма шарбатлари, конфет ва шоколадлар, музқаймоқни фарзандингиз таомномасидан чиқариб ташланг. Бола эмизикли ёшда бўлса, уни эмизишни давом эттиринг. Чунки она сути таркибида ичакни бактериал-вирусли инфекциялардан ҳимоя қилувчи моддалар мавжуд. Болангиз сунъий йўл билан боқилса, шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда, таркибида бифидобектерия моддалари бўлган бўтқа танланг. Муҳими йўқотилган суюқликни тўлдириш лозим. Агар боланинг териси қуруқ бўлса ёки бош оғриғи, оғиздаги қуруқлик ва чанқоқликдан шикоят қилса, бу ҳолат сувсизликдан далолат беради.

Бундай ҳолатда маҳсус ичимлик тайёрлаш керак. Бу ичимликни кўпчилик оналар яхши билишади. Шундай бўлса ҳам бу ичимликни қандай тайёрлашни айтиб ўтаман. Бунинг учун 1 литр қайнаган сувда бир ош қошиқ шакар, бир чош қошиқ туз, ва ярим чой қошиқ ичимлик содасини эритинг. Тайёр эритмани оз-оз миқдорда ичиринг. Бундай ҳолатларда иложи борича, ваҳимага тушмасдан, болангизнинг соғлиғини яхшилайдиган чораларни кўришингиз керак бўлади. Фарзандингиз ҳаста бўлганида ҳам соғлом бўлганида ҳам тўғри овқатлантириш, болани тўғри парвариш қилиш, шахсий гигиена қоидаларига амал қилишга ўргатиш, боланинг соғлом ўсишига ёрдам беради.

Шу билан бирга тўғри режалаштирилган кун тартиби, уйқунинг меъёрида бўлиши, очиқ ҳавода сайр қилиш, ҳаракат ва ўқув жараёнидаги машғулотлар ҳам боланинг соғлиғига ва касалликларга қарши курашувчанлигига таъсир қилишини унутмаслик лозим. Шунда кўпгина касалликлар сиз ва оилангизни четлаб ўтади. Болалар саломатлиги, тарбияси, оилавий мавзулар, аёлнинг руҳий ўсиши каби мавзулар сизни қизиқтирса, бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимиз эшиклари сиз учун ҳамиша очиқ. Марҳамат қилинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top