3:20

Холсизлик

MP3

Ассалому алайкум. Кўпчилик “Касал эмасман, аммо негадир доим ҳолсизман.”, дея нолийди. Бундай ҳолатларда биз сизга нимага эътибор қилишингизни айтиб ўтамиз. Бизни диққат билан тингланг. Кўпчилик баҳорда ҳолсизланишдан шикоят қилади. Ҳолсизликка асосан, иммунитетнинг пасайиб кетиши, нотўғри овқатланиш, кучли зўриқиш, стресс, витамин танқислиги, ички аъзолардаги хасталиклар ва уйқудаги ўзгаришлар сабаб бўлади. Баъзан атроф-муҳитнинг ифлосланиши, доимий стресс ҳолатида юриш, етарли даражада мева-сабзавот, сут-қатиқ, гўшт каби маҳсулотларни истеъмол қилмаслик, уйдаги электр жиҳозлар таратаётган зарарли тўлқинлар каби омиллар ҳам иммун тизимининг заифлашувига олиб келади. Руҳий ҳолат ўзгариши, тана ҳароратининг сабабсиз кўтарилиши ва пасайиши, тез толиқиш, умумий ҳолсизлик, узоқ давом этувчи депрессия, руҳий тушкунлик кузатилади.

Аёл атрофдаги воқеа-ҳодисаларга нисбатан бефарқ, тунда бедор, кундузи уйқучи, турли аллергик таъсирларга осон чалинувчан бўлиб қолади. Бу эса унда иммунитет пасайганидан дарак. Иммунитетингиз қай даражада эканини сиздаги шамоллашнинг давом этиш муддати ёхуд бирор жойингиз шилингандан кейинги жароҳатнинг битишига қараб аниқлаш мумкин. Жароҳат тез битса, тумов тез чекинса, демак, иммунитет юқори. Хасталик асоратли кечиб, жароҳат секин битса, иммунитетни кўтариш учун дарҳол ҳаракат қилиш даркор. Чунки иммун тизимидаги «носозлик» организмнинг касалликларга чалинувчанлигини оширади. Иммунитетни кўтариш асли ҳолсизликнинг олдини олишдир. Бунинг учун ҳар куни наҳорга 1-2 дона қизил сабзи, 2 дона апельсин ёки олма, тушлик пайтида ярим боғ селдр ёки кашнич, салат барги, ётишдан олдин 1 пиёла қатиқ истеъмол қилиш фойдалироқ.

Петрушка, селдр, шивит, салат барги танага қувват берувчи, юқумли касалликлардан ҳимояловчи таъсирга эга. Ошқозон-ичак, жигар, ўт пуфаги соҳасида муаммолар бўлса, оддийгина наъматак, дўлана, шотут мевасини истеъмол қилинг, улар витаминларга ниҳоятда бой. Одамгиёҳ (женьшень), зубтурум, газанда ўт, дала қирқбўғини, арслонқуйруқ, дасторбош, беҳи барги, тоғжамбил, шивит ва зиғир уруғи, бўйимодарон каби ўсимликлар иммунитетни оширади. Улардан дамлама тайёрланиб, кунига икки маҳал наҳорга ва ётишдан олдин ичилади. Дамлама қуйидаги усулда тайёрланади: 1 ошқошиқ ўтни чойнакка солиб, устидан қайноқ сув қуясиз. 5-10 дақиқадан сўнг истеъмол қилиш мумкин. Иммунитетни кўтаришда ҳамда асаб тизимини мустаҳкамлашда асалга тенг келадигани йўқ. Ётишдан олдин 1 ошқошиқ асал еб, кетидан қайнатилган илиқ сув ичилади.

Ёки седанани янчиб, асалга аралаштирилади ва ҳар куни наҳорга нўхатдай миқдордагиси истеъмол қилинади. Таркибида А витамини бўлган маҳсулотлар иммунитетни кўтариш хусусиятига эга. А витаминининг организмдаги асосий вазифаси иммун тизимини бошқариш ва кўриш қобилиятини меъёрлаштиришдан иборат. Асосан, балиқ маҳсулотлари А витамини билан тўйинган бўлиб, болалар организми учун фойдаси катта.  Грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекциялар юққанда витаминга бой маҳсулотлардан истеъмол қилиш уларнинг тезда бартараф этилишига олиб келади. Наъматак таркибида витаминлар жуда кўп. Унутманг, ҳар қандай витаминли маҳсулотлар алоҳида истеъмол қилинсагина танага тўлиқ сингади. Шу сабабли дамламани овқатланишдан 2 соат ўтгач, бошқа маҳсулотларни аралаштирмасдан ичиш тавсия этилади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top