3:16

Саҳий юрак

MP3

Ассалому алайкум, қадрли ва меҳрибон оналар. Биз саҳийликни қаердан ўрганамиз? Болалар саҳий бўлишни кимдан ўрганадилар? Албатта оналаридан. Ëдимда, бола эканман онамнинг саҳийлигини тушунмасдим. Унинг фикрига қўшилмасдим. Биз ҳовлида эмас, кўп қаватли уйда яшардик. Мева-чеваларни бозордан сотиб олардик. Эрта баҳорда қулупнай пишадими, эрта пишар олмалар бозорга чиқадими, онам бозордан олиб келгач, ўтириб ҳаммамиз баҳам кўрардик. Ортиб қолган бўлса, онам қўшнилар билан ўйин майдончасида ўтириб суҳбатлашаётиб, қўшниларга ҳам бир ликопчада олиб чиқишимизни буюрардилар. Кейин эса ликопчадаги мевалардан қўшниларга ва уларнинг болаларига улашардилар. Бу нарса менга сира ёқмасди. Оилада энг қизғанчиғи ўзим бўлганим боис, онамнинг бу қилиғидан жахлим чиқарди. Бу ҳолат фақат мевалар билангина содир бўлмасди. Онам пишир-куйдирга жуда уста эдилар. Улар бирор бир ширинлик пиширса ҳам қўшни болаларгаям ликопчада олиб чиқардилар. Гарчи онамни ёшлигимда тушунмаган бўлсам ҳам, ҳозир уни жуда яхши тушунаман. У бизни саҳий бўлишга мажбур қилмаган бўлса ҳам, жуда яхши ўрнак кўрсатган эди. Ҳозир ўзим ҳам оилалиман. Бирор нима пиширсам, қўшниларимга ҳам илинаман. Бу одатни мен онамдан ўрганганман.

Муқаддас Китоб масиҳийларни саҳий бўлишга ундайди. Унда бериш ҳақида жуда кўп ёзилган. Марк 10:45 оят шундай дейди: «Чунки Инсон Ўғли ҳам Ўзига хизмат қилдириш учун эмас, балки Ўзи хизмат қилиш ва Ўз жонини фидо қилиб, кўпларни қутқариш учун келган.» Саҳийлик, айниқса ўз оила аъзоларига нисбатан саҳийлик ҳар бир онанинг вазифаси. Худонинг кўнглига мос келадиган аёл саҳий бўлиши керак. Чунки Худо ҳам бизнинг она, рафиқа ва турмушга чиқмаган қиз сифатида саҳий бўлишимизни истайди. Бу бизнинг вазифамиз. Саҳий бўлиш фақат кўзга кўринадиган нарсаларни бериш билан ўлчанмайди. Сиз жилмайишда, ким биландир дўстона муносабатда, мақтаб қўйишда, далда беришда, овқатлантиришда, бирор кимга вақт ажратишда, дардларига қулоқ солишда саҳий бўлинг. Эдит Шейфер исмли ёзувчи ўзининг «Оила нима?» деган китобида шундай деган эди: «Кимдир оилада яхши хотиралар қолдириш ва эсда қоладиган ёқимли нарсаларнинг ташаббускори бўлмоғи керак. Шундагина ҳаёт гўзал бўлади». Чиндан ҳам шундай. Оилада кимдир ёқимли совғалар қилиши, кутилмаган қизиқларли воқеаларни ташкиллаштириши керак. Кимдир оила қадрини кўтариш учун курашиши ва Худо даъват этганидай, бутун оилани ўз ҳунарига айлантириши керак. Боланинг руҳий тарбияси учун берилиб ишлаши керак. Ҳар бир оиланинг аёли шу ишларнинг ташаббускори бўлсин.

Дастлаб 2 Коринфликлар 9 боб 6 оятни ўқиганимда, бу оятни юзаки тушунгандим. Худо билан чуқур муносабатда бўлганим сари бу оятнинг маъноси нақадар чуқур эканини англадим. Келинг, сиз ҳам шу оятни эшитиб кўринг: «Шуни унутмангки, қизғаниб эккан қизғаниб ўриб олади; мўл эккан эса мўл ўриб олади». Демак фақат моддий, кўзга кўринадиган нарсаларда эмас, кўзга кўринмайдиган, маънавий нарсаларни беришда ҳам саҳий бўлишимиз керак экан. Азизлар, вақтингиз тиғизлик қилиб аввалги суҳбатларимизни тинглай олмаган бўлсангиз, бизнинг www.najot.com dilkash@najot.com сайтларимиз сизга бу борада ҳам ёрдам беради. Марҳамат қилиб ҳар бир суҳбатни ўзингиз ўқиб эшитиб кўринг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top