3:08

Боладаги ишонч ва қатъият

MP3

Ассалому алайкум. Болаларни тарбия қилиш осон эмас, айниқса ҳали ота-оналар ёш ва тажрибасиз бўлса. Қандай тарбия қилсам экан, деган саволни деярли ҳар бир ота она умрида мир марта бўлсада ўз-ўзига берган. Баъзи болаларнинг ўзига бўлган ишончи ва қатъиятини кўриб, “қанийди мен ҳам шундай бола тарбия қилсам”, деб ўйлаб қоласиз. Чиндан ҳам кўпчилик ота-оналар омадли, ҳар қандай вазиятда ҳам ўзини йўқотиб қўймайдиган фарзандлар тарбиялашни орзу қилади. Хўш, қандай қилиб бу ишни амалга ошириш мумкин? Фарзандингизда “ҳар қандай вазиятда мен буни уддалай оламан, мен буни бир неча бор уддалаганман” каби ўзига бўлган ишонч туйғусини шакллантиришга ҳаракат қилинг. Болада келажакда рўй бериши мумкин бўлган ҳар қандай кутилмаган кўнгилсизликларга қарши курашувчанлик пайдо бўлсин. Бунинг учун болакайлар билан турли ўйинлар ўйнаш чоғида унинг ғалаба қозонишига атайлаб “йўл қўйиб” беринг.

Одатда ота-она фарзанди билан шахмат-шашка ёки шунга ўхшаш ўйинлар ўйнаш чоғида бола тинмай ютқазади. Натижада унинг руҳиятида “мен уддалай олмаяпман” фикрининг юзага келишига сабаб бўлади. Шу тариқа омадсиз болакай улғая боради. Болага ғалаба қозонишни ўргатинг. Фақат ўзинларда эмас, ҳар нарсада, унга ғалаба қилишни, бирор бир ишни уддалашни босқичма-босқич ўргатиб боринг. Бола оёқ кийимларининг боғичларини боғлай олмаётган бўлса, буни қандай қилишни ўргатинг ва кейин ўзига қўйиб беринг. У буни уддалай олишини ўзи ҳам кўриб, ҳис қилсин. У қанча кўп ғалаба қозонса, омадсизликларга қарши шунчалик кўп “иммунитет” пайдо бўлади. Ўйин чоғида эҳтиёткорлик билан, вазиятни яхшилаб ҳисобга олган ҳолда фарзандингизни мураккаб вазиятга туширинг. Натижада у ўйинда имкониятни бой берсин. Ҳаёт ҳар доим ҳам биз истагандек бўлмайди.

Болангизга ҳар доим ҳам у истаганидек бўлавермаслигини, ҳаётда қоқилишлар ва муваффақиятсизликлар ҳам бўлиб туришини ўргатинг. Унутманг, муваффақият ҳаракат билан ҳисоблашади. Нима қилиш кераклигини фарзандингизга сездирмасдан ёрдам беринг. Унинг ёнига бориб, у буни уддалай олишига ишонтиринг. Дейлик бола “ЛЕГО” ўйинчоғидан ниманидир ясамоқда ва қийин вазият юзага келди. Фарзандингизни бир неча сонияларга бошқа ишга чалғитинг, у сизни юзага келаётган муаммони бартараф қилиш йўлини излаётганингизни кўрмасин. Сўнгра шундай денг: “Қара, сен ҳаммасини уддаладинг!” Агар бола мақсадга интилиш учун астойдил ҳаракат қилса, бу унинг муваффақияти эканлигини, агар у кўпроқ ҳаракат қилса, истаганидан ортиғига эришиши мумкинлигини тушуниб етсин.

Бу каби руҳ билан улғаяётган болалар, ҳар қандай вазиятга чидамли, рақобатга нисбатан кучли бўлади. Омадсизликлар умидсизлик кайфиятини чақирмайди. Агар у биринчи уринишда мағлубиятга учраса, сабр билан ўзидаги ишончни йўқотмаслик чорасини излайди. Унутманг, ғолиблик ҳаёт мазмунини чуқур англаган, олдига мақсад қўйган, ўз кучига ишонган инсонларгагина насиб қилади. Инсонда истеъдод ва интилиш бўлса, кўзлаган мақсадига етиши аниқ. Ундан ташқари фарзандингизга ўз олдига мақсад қўйишни ва шу мақсад сари интилишни ҳам ўргатинг. Майли бошланишига кичик мақсадни қўйиб, бунга эришишга ҳаракат қилсин. Кейин у ҳаётида ўз олдига мақсадлар қўйишни ўрганади. Омад таваккал қилишдан қўрқамайдиган инсонларни яхши кўради. Ҳамиша муваффақият сизни эшигингиз остонасида пойлаб турсин!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top