3:34

Ўтиш даври инқирози

MP3

Ассалому алайкум. Бутун умри мобайнида турли ўтиш даврларини бошдан кечирамиз. Бу пайтда организмимизда кечаётган турли физиологик ўзгаришлар маълум муддат руҳиятимиз, хулқ-атворимизга ҳам таъсир кўрсатади. Психологияда мазкур ҳолат ўтиш даври инқирозлари деб номланади. Ҳаётнинг янги бир босқичи бизни ҳам жамият, ҳам шахсиятимизга бўлган муносабатларимизни ўзгартириб, ижтимоий даражамизга ҳам таъсир кўрсатади. Айрим ҳолларда бу ўзгаришлар салбий жиҳатлари билан намоён бўлади…Психологлар ҳар ким ҳам дуч келиши аниқ бўлган бундай босқичларни батафсил ўрганиб чиқишган. Инқирозларнинг қайси ёшда қай  аломатлар билан юзага чиқиши мумкинлиги, бундай пайтда нималарга эътибор қаратиши, қандай иш тутиши лозимлиги борасида кўплаб изланишлар, кузатувлар натижалари, мутахассислар хулосалари тақдим этилган. Ўтиш даври кўплар ўйлаганчалик фақатгина ўсмирлик даврида содир бўлмайди.

Балки умримиз давомида 7-8, баъзан 10 маротабагача ўтиш босқичларидаги ўзига хос мураккабликлар билан ҳисоблашишимизга тўғри келади. Қайси ўтиш даври бўлмасин, уларнинг ҳар бирида мураккаб эмоционал ҳолат намоён бўлиши мумкин. Бунда инсон боласининг ўзи ва атрофидагилар билан муносабати ўзгаради, турли касалликлар, стресс, сурункали ҳолсизлик ва асабийлик, организмда гормонал ва бошқа физиологик ўзгаришлар кузатилади. Мутахассислар қуйидаги бир қатор энг кўзга ташланарли ўтиш даври инқирозларини санаб ўтишган. 30 ёш. Ёшлик ортда қолди, инсон ўз қилган ишларини баҳолай олади, келажакка янада теранроқ назар ташлайди. Кўпчилик бу ёшда ўз “каръераси”ни бошлайди, ишга, лавозим пиллапоялари сари илдамлашга ҳаракат қилади. Бу ёшдаги аёллар эса энди ўзини ёш ва гўзал эмаслигини тушуниб етади. Шу боис ташқи кўринишига янада кўпроқ эътибор қарата бошлайди.

Баъзи эркаклар эса 30 ёшгача муваффақиятга эришиш, ўзи ва оиласи учун барча шароитларни яратиб олиш лозим деган қараш натижаси ўлароқ, ўз мақсадларига эриша олмаса тушкунликка тушиб қолади. Умидсизликка тушиб, ўзини омадсиз ҳис эта бошлайди, хавотир ва қўрқинчлар уни стресс ва депрессия гирдобига тортиб кетишгача олиб боради. Бошқалар эса аксинча, оилавий ҳаётига кўпроқ эътибор қаратишни маъқул кўради, ҳаётнинг асл маъносини қидиради, юрак ва ақл билан иш тутишни режалаштиради. 40-45 ёшлар инқирози. 40 ёшни баъзи мутахассислар “Бальзак ёши” деб аташади. Ўрта ёшлар инқирози деб аталувчи мазкур босқич ҳам бирмунча мураккаб кўринишга эга. Организм аста-секинлик билан кучдан қолиб, ўз гўзаллигини йўқота бошлайди. Шу ёшлар оралиғида кексаликнинг илк аломатлари билан кураш кечади. Инсон онгида қандайдир ғариоддий юмушларни бажариш фикри пайдо бўлади.

Руҳиятида кечаётган ўзгаришлар кимнидир эътиқод, яна кимнидир фалсафа билан чуқурроқ шуғулланишга ундаса, баъзи кимсалар бузғунчи ғоялар гирдобига тушиб қолиши мумкин. 50 ёшга келиб эса яна бир муҳим ўтиш даври эркак ва аёллардаги климакс ҳолати билан характерланади. Айниқса аёлларда қон босимининг ўзгариши, асабийлик ва бошқа бир қатор аломатлар яққолроқ намоён бўлади. Баъзилар ўзини ҳеч кимга кераксиздек ҳис этади, депрессия гирдобида ҳаёт мазмунини йўқотиб қўяди. Бу муаммоларга ечим бор. Ўтиш давридаги муаммоларни ҳамжиҳатликда ҳал қилиш муҳим аҳамият касб этади. Соғлом турмуш тарзи. Соғлом турмуш тарзига риоя этиш ҳар қандай босқичнинг енгил ва асоратларсиз ўтишини таъминлаши аниқ. Тўғри овқатланиш, спорт билан шуғулланиш, кун тартибига риоя этиш, кайфиятни аъло даража ушлаб юриш жуда фойдали.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top