3:22

Ҳомиладорликда…

MP3

Ассалому алайкум. Аёл кишининг энг гўзал пайти бу унинг ҳомиладорлик даври, дейишади. Чунки Яратган аёл учун атаган масъулиятдан бири ва энг муҳими ҳам инсон давомчиларини дунёга келтиришдир. Ҳомиладорлик ҳақида кўп гапириш мумкин. Аммо биз бугун фақат қисқагина энг муҳим маълумотларни эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз. Ҳомиладорлик йилнинг икки мавсумини ўз ичига олади. Ҳар бир мавсумнинг ўз инжиқликлари бор. Албатта грипп эпидемияси кенг тарқалган пайтларда ҳомиладор аёллар имкон қадар одам гавжум жойларда камроқ бўлишлари лозим. Лекин бу ҳам шамоллаб қолмаслик учун 100 фоизлик кафолат бўлмайди. Масалан, ёзда ҳам елвизаклар, уй, ишхоналарга ўрнатиладиган совуткичлар ёки жазирамада муздек егулигу ичимликлар таъсирида шамоллаб қолиш хеч гап эмас. Хўш, бўлажак она ўзини авайлашга шунча уринса-да, шамоллаб қолса, қандай чораларни қўллаш керак?

Бўлажак она ҳомиладорликнинг эрта муддатларида шамоллаб қолса, ҳомилада кислород етишмаслик аломатлари юзага келиши ва ҳомила ривожланишдан ортда қолиши мумкин. Шунинг учун бу вазиятда организмдаги инфекцияни бартараф этишга қаратилган даво чораларини қўллаш ниҳоятда муҳим. Оғир вирусли инфекциялар ҳомиланинг айнан она шамоллаган даврида шакллана бошлаган аъзолари ривожидаги бузилишлар кўринишида таъсир қилиши мумкин. Грипп оқибатида ҳомилани ўраб турган сувнинг кўпайиши ва лойқаланиши, ҳомила тушиш хавфи, муддатдан олдинги туғруқ ва аёл саломатлигининг ёмонлашуви каби нохуш ҳолатлар юзага келиши мумкин. Агар ўткир респиратор касалликларни юриб ўтказган бўлсангиз, ҳомиладорликда асло бундай қила кўрманг. Шунинг учун кун тартибингизни шундай режалаштирингки, унда етарлича дам олишга ҳам вақтингиз бўлсин.

Агар шомоллаганингизни, томоқ қичишиши, бошда оғирликни сезсангиз, суюқлик истеъмол қилишни кўпайтиринг: лимонли ёки малинали чой, малина барглари ёки шохчаларидан дамламалар, асалли сут шулар жумласидандир. Томоқ қичишганида лимоннинг бўлагини шимиш фойдали. Бундай пайтда организмга ўз-ўзини тиклаши учун кўпроқ куч керак. Унинг кучини эса оғир, ёғли овқатларни ҳазм қилишга йўналтирмаган маъқул. Шунинг учун шамоллаган даврда паст калорияли парҳезга амал қилган маъқул. Туз истеъмол қилишдан чекланинг, у шишларни юзага келтиришга қодир. Бу эса бурун битишига ўхшаш ёқимсиз ҳолатларни кучайтиради холос. Пиёз ёки саримсоқ пиёзни майда бўлакларга бўлиб, идишчаларга солинг-да хонанинг ҳар жойига қўйиб чиқинг. Бу ҳам шамоллашга қарши кураш воситаси, ҳам оиланинг бошқа аъзолари вирусли инфекцияларни юқтириб олишининг олдини олади.

Ёдингизда бўлсин, шамоллаш энди бошланаётганда бўлажак оналарга оёқларни буғлаш ва иссиқ ванна қилиш мумкин эмас. Яна, баъзи доривор гиёҳлардан фойдаланиш тақиқланади. Борди-ю, улардан фойдаланишга қарор қилсангиз, албатта йўриқномасини диққат билан ўқинг. Ҳомиладорликда антибиотикларни фақатгина гриппнинг оғир асоратлари юзага келган ҳоллардагина тавсия этилади. Шунда ҳам уларнинг барчаси ҳомиладорликда қўлланилавермайди. Шифокорлар фақатгина йўриқномасида бўлажак оналарга қўллашга рухсат берилганларинигина ёзиб беришади. Уларни фақатгина шифокор назорати остида, ўта эхтиёткорлик билан қўллаш лозим. Ҳомиладорлик даврида тўғри овқатланиш ҳам, ҳомиладорлик жараёнининг меъёрда кечиши, ҳомиланинг тўғри ривожланиши учун аҳамиятлидир. Шундай экан, тўғри овқатланиб, шамоллашдан эҳтиёт бўлиб, жажжи фарзандингизни эсон-омон дунёга келтириб олинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top