Ассалому алайкум. Оила аталмиш қўрғонда яшаётган экансиз, унинг турли муштларига ҳам гувоҳ бўлгандирсиз?! Бугун эркакларнинг аёлларга қўл кўтариши сабабларини сизлар билан бирга кўриб чиқамиз. Хўш, қандай эрлар аёлига қўл кўтаришади? Албатта, сабабсиз оқибат бўлмайди. Оилада жисмоний куч ишлатиш орқали сиёсат олиб боришга ирсий мойиллиги бор одамлар. Уларнинг отаси онасига қўл кўтарган, ота-онаси болаларини калтак билан тарбиялашган ёхуд ака-укалари, тенг-тўшлари билан ёқа бўғишиб улғайишган бўлишлари мумкин. Ожиз, яъни маънан, руҳан тўлақонли шахс бўлиб шаклланмаган эркаклар. Масъулиятдан қочадигалар. Улар бирор муаммо чиққанида уни ҳал қилишни эмас, муаммо ҳақида сўз бошлаган кишининг оғзини куч билан ёпишни маъқул кўришади. Руҳан носоғлом кишилар. Бунда, эрнинг умр йўлдошини дўппослашига икки томон ҳам бирдек айбдор саналади.
Бу ўринда эркак ва аёл ўртасидаги фарқ юзага чиқади. Яъни ўзингизга маълум, аёллар — ҳис-туйғуга берилувчан халқ. Айрим хонимлар бир гап бошлашса, минғир-минғирлари тугамай, нуқта-вергулни унутиб қўйишади. Эркаклар эса одатда ё «ҳа» дейишади, ёки «йўқ» билан кифояланишади. Хотинни эса бу қониқтирмаслиги мумкин. Ҳатто, бирор талабига эри «Хўп» деган тақдирда ҳам «Менга киноя билан хўп деманг» қабилида яна «сайрашда» давом этишади. Хўп дегани ҳам ёқмаган эркак эса қўлини ишга солади — эмоцияларини бошқара олмаётган аёлга тарсаки туширади. «Ака-укаси овсинларимга қўл кўтармайди-ю, мени эрим ўласа қилиб уради», дея норози бўлувчилар ҳам бор. Психологларнинг таъбирича, бунга аёлнинг онг остига «Мени уриш меъёрий ҳолат» деган фикрнинг қаттиқ ўрнашиб қолгани сабаб бўлиши ҳам мумкин экан.
Отаси онасини калтаклаганини кўриб ўсган қизлар ўзлари билмаган ҳолда урадиган эркакларни умр йўлдошликка танлашаркан ёки гап-сўзлари, ҳатти-ҳаракатлари билан эркакни уруш даражасигача олиб боришаркан. Муҳаббат қалбида энди куртак ёзаётган келинчакни турмушининг илк палласидаёқ қатъий режим асосида тарбиялашга киришадиганлар ҳам учраб туради. Кўп ҳолатларда янги куёвнинг рафиқасига қўл кўтаришига эркакларнинг ўзига хос қўрқувлари туртки бўларкан. Оиласида ёки ён-атрофида турмуш жиловини хотинининг қўлига тутқазиб қўйган эркакларни кўриб улар сергак тортишади. Ва уларнинг иттифоқида ҳам аёли устунликни қўлга олмаслиги учун «Бошидан хотиннинг попугини пасайтириш керак», деган хулосага келишади. Агар сизнинг пешанангизга шундай инсон ёзилган бўлса, унинг нозик нуқтасига тегишдан эҳтиёт бўлинг.
Ўзингиз истаган нарсани ёки айтмоқчи бўлган гапни ҳам гўёки ундан чиққан таклифдек кўрсатинг. Овқат тагига олмасдан туриб оловни пасайтириш ёки ўчириш кераклигини яхши биласиз. Муаммоларга ҳам шу тарзда ёндашинг. Аёл киши илк бор унга нисбатан жисмоний куч ишлатилгандаёқ бу муносабатга қарши чора кўриши керак. Асло йиғи-сиғи, араз-гина билан муаммони ўз ҳолича қолдирманг. Муносабатларингизга назар солинг: эрингиз қачон, қандай ҳолатда сизга жисмоний тазйиқ ўтказади? Шундай вазиятни сезишингиз билан тилингизга эҳтиёт бўлинг, зарурат туғилса, унинг кўзига кўринмай тура қолинг. Билагида кучи кўп бегингизнинг асаблари жойига тушгач, ўша кунги масалани бемалол гаплашиб олишингиз мумкин. Муҳими, ҳаддингиздан ошманг, шунда у ҳам ўзини бошқара олади.