3:16

Цикламен ва алое ҳақида

MP3

Ассалому алайкум. Бугун икки хил турдаги: гуллайдиган ва манзарали ўсимликлар ҳақида маълумот бераман. Даставвал цикламен ҳақида. Цикламен гуллари хилма-хил, оқ, пушти, қизил, тўқ қизил ва қорамтир қизил тусда очилади. Хушманзаралиги жиҳатдан унга тенг келадиган ўсимлик кам учрайди. Цикламен уйда чимли, барг чириндили ва торфли тупроқда яхши ўсади. Илиқ, ҳавоси сернам уйларда Цикламен қиш бўйи гуллайди. Туганак ва ғунчаларини ҳўллаб қўймаслик учун бу ўсимликни авайлаб суғориш талаб этилади. Акс ҳолда туганаклар чирийди, ғунчалар эса тўкилиб кетади. Тувакларни алоҳида идишга жойлаб, сувни ўша идишга қуйиб туриш – ўсимликни остидан намиқтириб суғориш ҳам мумкин. Сўлиган барг ва шикастланган гулбандларни кесиб ташлаш керак. Ўсимликлар баҳорда ёки ёз кириши билан тиним даврига ўтиш учун аста-секин тайёргарлик кўра бошлайди. Гуллаб бўлган гуллар банди биан бирга тушиб кетади. Барглар ҳам тўкила бошлайди. Шу вақтдан эътиборан ўсимликлар сийракроқ – аввало ҳафтасига икки – уч марта, июль ўрталарида эса ҳафтасига бир марта суғорилади.

Сўнгра туваклар туганаги билан айвонга чиқариб қўйилади. Кузда ўсимликлар яна уйга киритилади. Октябрь – Ноябрь ойларида туганаклардан янги ўсимталар ўсиб чиқади, шу пайтда улар янги тупроққа кўчириб ўтқазилиб ёруғ жойга қўйилади. Янги тупроқ тайёрлаш учун икки қисм чимли тупроққа икки қисм торфли ва икки қисм барг чириндили тупроқ аралаштирилади. Ёруғ жойга ўтказилгач ўсимликлар қондириб суғорилади ва ғунчалагунча сув пуркаб турилади. Цикламен асосан уруғидан, баъзи бегония сингари туганакларини бўлаклаб ҳам кўпайтирилади. Уруғи барг чириндили тупроққа экилади. Тупроқ бир текис намланиб, температуранинг эса 18-23 даража атрофида бўлиши таъминланганда уруғлар бир ойдан кейин кўкаради. Уч тўрт ҳафта ўтгач, майсалар барг чириндили ва чимли тупроққа ўтқазилади. Бу ўсимликни қишда камроқ суғориш керак. Агар тўғри парваришланса Цикламен, иккинчи ёки учинчи йили гуллайди. Энди Алое ҳақида. Алоелар авлоди бир неча юз турга бўлинади. Уйда энг кўп ўстириладигани бу дарахтсимон алоедир.

Жанубий Африкада дарахтсимон алоенинг бўйи 4 метрга етади. Алое ширасидан медицинада дори-дармон сифатида фойдаланилади. Алоенинг кўпчилик турлари қуёшга қараган дераза олдида ўсади. Бу ўсимликлар бир қисм барг чиридили, икки қисм чимли тупроқ ва бир қисм қумга майдаланган ғишт ҳамда ёғоч кўмири қўшиб тайёрланган аралашмада яхши ўсади. Қишда ўрта даражада, ёзда эса қондириб суғорилади. Идиш тубидаги дренаж сифатли бўлиши шарт. Ўсимлик баъзи-баъзида айлантириб турилса, шакли бузилмайди. Алое уруғидан, қаламча ва бачки новдаларидан кўпайтирилади. Қаламчалар баҳорда 10-15см узунликда кесилади, кесигига кўмир кукуни сепилиб, шираси бир суткагача қуритилади ва ювилган тоза қумга ўтқазилади. Қаламчалар уч кунгача суғорилмайди. Мен Лола ҳар бирингизнинг хонадонингизда алое бўлишини маслаҳат бераман. Чунки у соғлиғингиз учун жуда фойдали. Сизларга саломатлик тилаб хайрлашаман.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top