3:19

Керишиш ва эснаш фойдали

MP3

Ассалому алайкум. Ёшлигимда эсимда бор, эснайдиган бўлсак, “Эснама, дангаса одам эснайди”, дерди. Бунга тушунмасдик. Аммо ҳозир маълумотлардан шуни билдимки, қоида бўйича одамлар чарчаганларида, тиниқиб ухламаганларида ёки бирор ҳолатда ўтиравериш жонларига текканда эснайдилар ва керишадилар. Қизиғи, бу ҳаракатлар инсон организми учун жуда ижобий тасир кўрсатиши аниқланди. Эснаш шартли рефлексларга кириб, нафас олишнинг ўз-ўзидан пайдо бўладиган ҳаракатидан иборат. Бунда оғизлар катта очилганча чуқур нафас олинади, оғиз ва тoмоқ бўшлиқлари кенгаяди. Шундан кейин ўзига хос овоз билан кескин нафас чиқарилади. Эснаш пайтида эшитиш йўллари тўсилади, бунинг ҳисобига эшитиш қобилияти пасаяди, ҳиқилдоқ ундан ҳаво ошқозонгача бемалол кира оладиган даражада катта очилади. Ҳаттоки она қорнидаги ҳомила ҳам эснайди.

Эснаш балиқлар, қуруқликда яшовчи ҳайвонлар ва қушларга ҳам хосдир. Кўпгина ҳайвонлар эснаш билан ўзларининг тишларини кўрсатиб қўйишади ва бу билан ўзларининг тўдаларига қорни очгани ёки ухлаш вақти келганини билдириб қўядилар. Олимларнинг фикрича, эснаш механизмининг эволюция жараёнида биоритмлар алмашиниши ишлаб чиқилган: жониворлар эснаш орқали ухлаш пайти келганини намойиш қилишган. Бироқ нима учун одамлар эснайди? Эснашга сабаблар кўп бўлиши мумкин. Биз жуда толиққанимизда, зерикканимизда, тинмай ишлаганимизда ёки ухлагимиз келганда эснаймиз. Бундан ташқари, эснаш одам жуда оч бўлганда ёки керагидан ортиқча овқат еб юборганда ҳам содир бўлади. Эснаш инсон организми қўзғалиш ҳолатидан тормозланиш ҳолатига ўтаётганидан дарак беради, деб ҳисоблаш қабул қилинган.

Натижада асаб толаларининг ишлаш қобилияти пасаяди: организмнинг маълум физиологик жараёнлари ва функциялари секинлашади, айниқса бу нафас олишга тегишли бўлиб, у секинлашиб, юзаки характерга эга бўлади. Шу туфайли қонда метаболизмнинг жуда кўп маҳсулотлари – углекислоталар, токсик субстанциялар йиғилади. Айнан шу ҳолат эснашни келтириб чиқаради. Инсон эснаганда чуқур нафас олади ва қон кислород билан тўйинади, бунинг эвазига у қон томирлари, шу жумладан, мия қон томирлари орқали тезроқ оқишни бошлайди. Сиз эснаганингизда бўйин, юз ва оғиз мушакларингиз таранглашади, яъни эснаш орқали биз ухлаб қолмаслик учун тетиклашишга ҳаракат қиламиз. Бироқ бундай ҳолат узоқ давом этмайди, биз қанчалик кучлироқ эснасак, миямиз шунчалик толиқишни бошлайди. Авваллари, инсонлар бирор хонада ҳаво етишмаганда эснайдилар, деган тушунча одат бўлган.

Бироқ олимлар бу тахминни инкор этишди. Бу ҳақида улар анчагина қизиқарли маълумотларни илгари суришади. Инсонлар одатда, фаолликлари ошишидан олдин эснашни бошлайдилар, мисол учун бирор муҳим чиқиш, имтиҳон ёки бирор трюк кўрсатиш олдидан. Шу тариқа организм ўзининг кучларини тўплайди ва қўрқув билан курашади. Зерикарли тадбирлар давомида ҳам одамлар тетиклашиш учун эснашни бошлайдилар. Японияда баъзи корхоналарда ходимларга махсус эснаш танаффуслари берилади, бунда экранларда “ширин” эснаётган одамлар акс этган лавҳалар намойиш этиб турилади. Натижада ишчилар “эснаш жараёнига” жалб қилинадилар, яхшилаб эснаб олганларидан кейин икки ҳисса фаолроқ ишлай бошлайдилар. Одатда, ўзларини қўпол ва нотўғри тутишга мойил бўлган, оғир табиатга эга одамлар кам эснашлари кузатилган.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top