3:01

Муҳаббатсиз никоҳ

MP3

Ассалому алайкум қадрдон опа-сингиллар. Аёл зоти ўта матонатли ва сабрли. Айниқса, гап никоҳ ҳақида кетганда аёл бу учун ҳар нарсага тайёр. Аёлнинг иккинчи таърифи бу муҳаббат – деган экан кимдир. Бу қанчалик тўғри?! Чиндан ҳам аёл киши севишга ва севилишга эркакдан кўра кўпроқ муҳтож бўлади. Шунга қарамай, ҳамма никоҳлар ҳам севги асосида қурилган, дея олмаймиз. Қадимда момоларимиз севмай, турмуш ўртоқларининг юзини кўрмай турмуш қуришган, аммо жуда яхши яшашган. Бугун бундай қила олмайсиз. Ҳар бир даврнинг ўз қонун-қоидалари бўлади. Бугун ёшларга турмуш қуриш борасида жуда кўп эркинликлар берилган. Улар бир-бирини кўрмасдан, севмасдан турмуш қуришни исташмайди. Чиндан ҳам севиб турмуш қуриш яхши, у инсонга бахт олиб келади.

Ким учундир муҳаббат асосий қадрият бўлса, бошқа биров учун эса барқарорлик, ишонч, ҳурмат тушунчалари аҳамиятлироқдир. Ҳар ким ўз тажрибаси, дунёқараши, тарбияси, бир сўз билан айтганда, ўз нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда фикр билдиради. Бугун деярли ҳамма севиб турмуш қураётган пайтда, севмай, ота-онасининг инон-иҳтиёри билан турмуш қураётганлар ҳам топилади. Бундайлар турмуш ўртоғига нисбатан қандай фикрда экан? Улар турмуши қандай бўлишини орзу қилади?

Тасаввур қилинг, бир қиз бир йигитни жонидан ортиқ кўради. Уларнинг муҳаббати мактаб давриданоқ бошланган. Бироқ йигит ўқишга кетади. Қизни эса бошқа бир йигитга бериб юборишади. Шу ҳолатга тушган аёл ўзини қандай ҳис қилади? У агар бир-икки йил сабр қилсам, эримни севиб қоламан, деб тишини-тишига қўйиб яшайди.

У аввалги ҳолатини, севган йигити билан соатлаб гаплашишни, унинг дардларини тинглашни қўмсайди. Турмуш ўртоғи ҳам ўшандай уни тинглашини, «ҳолинг не», деб меҳрибончилик қилишини кутади. Аммо эри унинг кўнглини олиш тугул бир марта исмини айтиб чақиришга ҳам ярамайди. Аёл бундай ҳолатда узоқ яшай олмайди. Бундай аёллар “севмаса ҳам майли, мени тушунса эди”, дея орзу қилишади.

Бу бир ҳолат. Ҳаётда севмай турмуш қуриб, кейин бахтли тасодиф туфайли мустаҳкам оилага айланаётган жуфтликлар бор. Ҳисоб-китоб билан қурилган оила ҳамиша ҳам хато бўлавермайди. Кўпчилик «аввал муҳаббат, кейин оила» деган формулага қаттиқ ёпишиб олади. Аммо ҳаётнинг ўзи кутилмаган совғалари билан қизиқ. Тўйгача муҳаббат бу – пишган ош, уни сузиб ейиш қолади холос. Тўйдан кейинги муҳаббат эса энди олов ёқилган қозон – унга нима солишни-ю қандай таом пиширишни эр-хотин ҳал қилади.

Баъзан муҳаббат тўйдан кейин пайдо бўлиши ҳам мумкин. Аёл киши учун эса севмоқ эмас, севилмоқ муҳим. Агар эркак аёлини чин дилдан севса, унинг қалбида бунга жавобан илиқ туйғулар уйғота олади. Бундай ташқари, оила-мунтазам ҳаракатдаги жараён. Кеча бир-бирларини кўришга кўзи йўқ эр-хотинлар бугун тинч-тотув яшашда давом этишлари мумкин.

Баъзи ҳолатларда эса қизлар ёши ўтиб қолаётгани учун, онаси-ю, амма-холаларининг таъна дашномларидан қутулиш учунгина турмушга чиқади. Бу ҳам ҳаётимизда учраб турадиган никохларнинг бир кўриниши. Аёл киши севиб турмуш қурадими, севмайми, бу никоҳ оловини ёқишга ҳаракат қилиши керак. Ҳар иккала ҳолатда ҳам аёлнинг ҳаракати никоҳни мустаҳкамлашга қаратилиши керак. Севиб тумруш қурган ёшлар уни мустаҳкамлашга ҳаракат қилмаса, севгани бекор.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top