3:17

Лутнинг хотини

MP3

Ассалому алайкум қадрдон мунисалар. Садўм ва Ғамўра шаҳарлари воқеасини ўқимаган ёки ҳеч бўлмаса эшитмаган одам бўлмаса керак. Бу ҳикоянинг ичида персонажлар жуда кўп, уларнинг ҳар бири ва ҳар бир парча ҳаётимиз учун жуда ҳам керакли сабоқларни беради. Бироқ бугун биз айнан Лутнинг хотини персонажига тўхталишни ва унинг камчиликлари ва хатоларини кўриб чиқишни маъқул кўрдик. Луқо хушҳабарининг 17 боби 32 оятида Раббимиз Исо Масиҳ огоҳлантириб шундай деган эди, “Лутнинг хотинига нима бўлганини ёдингизда тутинглар.” Чиндан ҳам бу аёлга нима бўлганини ёдимизда тутишимиз ҳаётимиз учун жуда муҳим. Лутнинг ҳикоясида Садўм ва Ғамўра шаҳарлари одамларининг нақадар ёвуз ва гуноҳкор эканлиги аниқ тасвирлаб берилган. Шунинг учун ҳам Худованд у ерга фаришталарини юбориб Лутни ва унинг оила аъзоларини бу фалокат ва Худонинг осмондан ёғилажак ғазабидан қутқариб қолмоқчи бўлди.

Улар қочаётганларида фаришталар уларга “— Қочинглар, жонларингни қутқаринглар! Орқага қараманглар, водийдаги бирон жойда тўхтаманглар!”, деди. Аммо Лутнинг хотини ортига қараб, туз устунига айланиб қолди. Тарихий манбааларда келтирилишича, қадимги Садўм ва Ғамўра ҳозирги Ўлик денгизининг жанубий ғарбий қисмида жойлашган. Бу воқеанинг чиндан ҳам содир бўлганини ўша ерда бугунгача бирорта ҳайвон ёки ўсимлик учрамаслигидан ҳам билиб олиш мумкин. Лутнинг хотини ҳаётига назар ташлашимиз ҳаётда Худованд билан яқинроқ юришимизга ёрдам беради. Бу аёл энг аввало яхши одамга турмушга чиққан эди. Албатта, Лут ҳаётида жуда кўп хатолар қилган, аммо у яхши бўлишга ҳаракат қилган ва ўша шаҳарнинг оқсоқолларидан бўлган. Биласизки, оқсоқоллар қози сифатида шаҳар дарвозаси олдида ўтирарди. Демак, у шаҳар қозиси бўлган.

Яхши ишлар қилиш яхши, аммо ёмон одамлар орасида яшаш биз учун хавфли бўлиши мумкин. Калом бу ҳақида шундай дейди: “Лекин адашманглар, ахир “ёмон улфатлар яхши ахлоқни бузади”, дейишади–ку!” Афсуски, у қанчалик яхши одам бўлишга ҳаракат қилмасин, барибир ёмон одамлар орасида яшаш унга ҳам таъсир қилган. Каломда ёзилганидек, ҳеч биримиз ўз ишларимиз билан солиҳ бўлолмаймиз. Ҳамма гуноҳ қилган, шунинг учун ҳам Исо Масиҳ шахсидаги Нажотни қидиришимиз лозим. Ҳаворий Бутрус шундай дейди, “Агар солиҳ одам зўрға қутулса, бетавфиқу гуноҳкорнинг ҳоли не кечади?” Фаришталар Лутни ва унинг хотинини огоҳлантирди. Бу огоҳлантириш бу аёлга нажот берди. У ўлимдан қутулиб қолиши мумкин эди. У эри ва икки қизи билан қутулиб қолишга, жон сақлашга ҳаракат қилди. У тирик қолиши мумкин эди, аммо унинг юраги ҳали ҳам Садўмда эди.

Уни қочишга кўндиришган бўлса ҳам, бу шаҳар унинг учун ҳалокат бўлиши мумкинлигини у ҳали тушуниб етмаган эди. У кўп йиллар яшаган шаҳарини жуда яхши кўрарди. Бу ернинг қулайлиги, мўл-кўл ҳосил берадиган ери ва яна бизга номаълум бўлган бир нечта сабабларига кўра, унинг юраги ўша ерда қолган эди. Унинг ҳаёти биз имонлиларга ҳам жуда яхши сабоқ бўлади. Биз янги ижодмиз, аммо эски ҳаётимиздан янги ҳаётимизга олиб келган қадрли нимамиз бор? Юрагимизда эски ҳаётимиздан қолган қайси сифатларимизни сақлаб турибмиз? Уларни топиб, чиқариб ташлашга қаттиқ киришинг. Сиз Садўм ва Ғамўрани юрагингизда кўтариб юрманг. Агар шундай бўлса, улар сизни туз устунига айлантириб қўяди. Муқаддас Калом қаҳрамонлари ҳаётидан сабоқ олишни истасангиз, бизнинг www.dilkashradio.com сайтимиз сизга ёрдам беради.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top