Ассалому алайкум. Муқаддас Калом китобини очиб қарасангиз, Каломда Марям исмли аёллар жуда кўп учрайди. Аммо биз бугун сизлар билан Мусо пайғамбарнинг опаси Марям ҳақида суҳбатлашишга қарор қилдик. Агар ёдингизда бўлса, Мусо пайғамбар туғилган пайти Иброний ҳалқи Миср юртида қулликда азоб чекарди. Ўша пайтда мамлакатни бошқарган Рамзес 2 Иброний халқининг кундан кунга кўпайиб бораётганидан хавотирга тушиб, уларнинг сонини камайтириш мақсадида, ҳар бир туғилган ўғил чақалоқларни ўлдиришни буюрди. Мусо пайғамбар ҳам шу қарор ишга тушган, ўғил бола чақалоқларни ўлдиришаётган бир пайтда дунёга келди. Аммо унинг онаси чақалоқни 3 ойгина яшира олди ҳолос. Ундан кейин бир сават тўқиб, чақалоқни унга солиб, сувга оқизиб юборишга қарор қилди. Чақалоқнинг опаси эса, чақалоққа нима бўлар экан, деб кузатиб турди. Марям кичиклигидан жуда жасур қизалоқ эди.
У укасини фиръавннинг қизи топиб олганини кўриб, югуриб борди-да, “Чақалоқни эмизиш учун иброний аёллардан топиб келайми?”, деб сўради. Унинг жасур ва ақлли қиз бўлганини шу ҳатти-ҳаракатидан ҳам билсак бўлади. Хуллас, Мусо то кўкракдан айирадиган пайт келгунича, онаси билан бирга бўлди. Фиръавннинг ўғил чақалоқларни ўлдириш режаси иш бермади. Худованд Иброний халқини ҳимоя қилар ва кундан кунга уларни кўпайтирарди. Иброний аёллар кўзи ёриётганида икки доя аёлни Шипра ва Пуа деган аёлларни ёрдамга чақиришарди. Фиръавн уларни ҳам ёллаб, туғилган ўғил чақалоқларни ўлдиришга буюрди. Аммо бу доялар Худодан қўрқиб, фиръавннинг амрига бўйсунмадилар. Уларни фиръавннинг олдига сўроққа олиб боришганида улар шундай деб жавоб беришди, “Иброний аёллари жуда кучли аёллар. Улар биз ёрдамга боришимиздан олдин туғиб қўйяптилар”.
Шундай қилиб, улар чақалоқларни ўлдиришга қарши чиқдилар. Иброний халқини қулликдан олиб чиқиб кетган етакчи ва пайғамбар Мусо ҳаётини қутқариб қолгани учун беш нафар аёлдан миннатдор бўлиши керак. Биринчилари бу доялар Шипра ва Пуа. Улар фиръавнга қулоқ солмай, Мусони тирик қолдирдилар. Кейингиси унинг онаси. Онаси Мусони уч ой яшириб юрди. Кейин эса сават тўқиб, саватнинг ораларини сув кирмаслиги учун қора сақич билан сувади ва сувга қўйиб юборди. Учинчи аёл бу унинг опаси. Опаси унинг тақдиридан ҳавотир олиб, чақалоққа нима бўлар экан деб уни кузатиб борди. Чақалоқни фиръавннинг қизи топиб олгач, дадиллик билан бориб, болакайга эмизадиган она топиб бериш таклифи билан маликага мурожат қилди. Бу кичик қиз учун ўта дадил иш эди. Кейинги аёл бу фиръавннинг қизи. У чақалоқни топиб олди ва ўзига ўғил қилиб олди.
Қизалоқ унинг сувдан тортиб олган ўғлига топиб берган эмизадиган аёл, бу болакайнинг онаси эканини эҳтимол сезгандир, аммо бу нарса чақалоқнинг ҳам унинг оиласининг ҳам тақдирига соя солмади. Бу ҳикоядаги ҳамма аёлларни ҳаёт берувчилар десак бўлади. Кўриб турибсизки, Марямнинг Худованд Ўз халқини олиб чиқиб кетиши иши жараёнида таъсири ва ҳаракати жуда катта бўлган. У табиатан етакчилик қобилиятига эга қиз эди. Муқаддас Каломда келтирилмаган бўлсада, чиқиб кетгунгача бўлган ва ундан кейинги халқни бошқариш ишида акаси Хорун ва укаси Мусога ёрдам бергани аниқ. У иштиёқи баланд, фаол ва етакчи аёл бўлишига қарамай, укаси Мусога итоат қилиши керак эди. Шубҳасиз, уларнинг иккаласида ҳам бошқарувчилик ва етакчилик қобилиятлари бор эди. Аммо Мусо Худонинг иродасини бажо келтираётгани, Худо унга Марямдан кўра яқинроқ бўлгани учун Марям ҳам укасига қулоқ солиши керак эди. Аммо Марям хато қилди. Қандай хато қилганини кейинги суҳбатларимизда батафсил баён этамиз.