3:23

Леанинг ҳаётидан сабоқлар 2 қисм

MP3

Ассалому алайкум бетакрор дугоналар. Ўтган сафар Леанинг ҳаётидан бир нечта сабоқни олган эдик. Ёдингизда бўлмаса, санаб ўтаман. Биринчиси, “Гўзаллик бизни қутқара олмайди”, иккинчи сабоғимиз, “Худонинг ҳар бир аёлда Ўз режасини амалга оширишида унинг гўзаллигининг аҳамияти йўқ. ” Леа Худо томонидан танланган аёл эди. Чунки у авлодидан Исо Масиҳ келиб чиқадиган Яҳудо исмли ўғилни дунёга келтирди. Бу шараф эмасми?! У шу ўғлини туққанидан кейин, “Мен Худони улуғлайман. Менга яна бир ўғил берди”, деб ўғлининг исмини Яҳудо қўйди. Яҳудо исмининг маъноси, “Худони улуғлайман”, деганидир. У шу ўғли туғилганидан кейин, эҳтимол Худонинг иродасини бажариш ҳар қандай эркакнинг эътиборидан кўра муҳимроқ эканини англаган бўлса керак. Юҳанно 9 боб 2-3 оятларда Исо Масиҳ бу кўр одам Худонинг иродаси билан кўр туғилган, дейди.

Леанинг кўзлари ожиз бўлган бўлса, бу ҳам Худонинг режаси амалга ошиши учун шундай бўлган. Баъзилар Худонинг режасини амалга ошириш учун чиройли бўлиб туғилсалар, бошқалар айнан шу мақсадда оддийроқ бўлиб туғиладилар. Ҳар иккала ҳолатда ҳам Худованд Ўз режасини амалга оширади. Шундай экан, чиройнинг қандайдир аҳамияти борми? Худо Леани унчалик гўзал қилиб яратмагани учун узр сўрамайди, чунки бунинг Худога ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Чунки Худо уни шундайлигича ишлатмоқчи эди. Гўзал бўлиш билан муаммоларимиз камаяди, деб ўйласангиз адашасиз. Бу бизнинг ўрганишимиз керак бўлган иккинчи сабоғимиз. Гўзаллик бизни алдайди. Биз гўзал бўлсак, ҳаётимиз осонроқ бўлади, деб ўйлаймиз. Аммо Роҳиланинг ҳаёти бундай эмаслигини кўрсатади. Муқаддас Калом Роҳилани “жуда чиройли”, бўлган дейди. Аммо унинг чиройи қийинчиликларида ёрдам беролмади.

У, “Агар мени севган шу эркакка турмушга чиқсам бахтли бўламан”, деб ўйлади. Аммо унинг бахти узоққа бормади. У бепушт эди. Биласизки, қадимда ҳам ҳозирги замонимизда ҳам аёл қанчалик чиройли бўлмасин, агар у бепушт бўлса, эркак у билан узоқ қололмайди. Аммо Роҳиланинг бахтига Ёқуб уни жуда севарди. Аёлнинг жисмонан мукаммал гўзал бўлиши, унга бахтли муаммолардан ҳоли турмушни кафолатламайди. Бу ҳикоядаги ҳақиқат шундаки, Леанинг ожиз кўзлари унинг учун Худодан берилган кулфат эмас эди. Аксинча, Худованд уни танлади, баракалади, севди. Худо ўзгармаган. У ҳозир ҳам шундай ишлайди. Гўзал бўлиш билан ички бўшлиғимиз тўлиб қолмайди. Биз Худонинг мақсадини амалга оширганимизда Унинг севгисига эришамиз. Баъзи аёллар гўзал бўлмагани ёки севимли бўлмагани учун Худо мени севмайди ва У мени ишлатмайди, деб ўйлайди. Аммо бу ёлғон. Худо сизни яратган экан, У сизни севади.

Фақат Унинг сизни ҳаётингизда режаси сиз кутганингиздан бошқача. Албатта, биз гўзаллик ҳар қандай нарсадан устун кўриладиган жамиятда ва замонда яшаймиз. Агар кўринишингиз чиройли бўлса, одамлар сизни қабул қилишади, йўқ бўлса, қабул қилишмайди. Аммо биз кимнинг фикрига қараймиз, одамларнингми ёки Худонингми? Бизнинг ҳаётимизда кимнинг режаси амалга ошади, Худонингми ёки одамларнингми? Ҳар бир аёл юракдан мана шу саволга жавоб топиши керак. Аммо ишончимиз комилки, юқоридаги сабоқлардан гўзаллик бизни юз фоиз бахтли қилолмаслигини, камроқ муаммоларга учрашимизни ва гўзал ҳаёт ваъда қилолмаслигини билиб олдингиз. Роҳиланинг ҳаётига қаранг, гўзаллик уни бахтли қилдими? Атрофингиздаги гўзал аёллар билан чин дилдан суҳбат қуринг. Улар чиндан ҳам кўринганидек бахтлимикан?

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top