3:38

Муқаддас Каломдаги жасур аёллар

MP3

Ассалому алайкум қадрдон биродар опа сингиллар. Бугунги суҳбатимизни бир нечта жасур аёлларга бағишладик. Каломда исмлари зикр қилинган жасур аёллар бунчалик куч ва жасоратни қаердан олишган? Бу саволга жавобни суҳбатимиз давомида топамиз. Биринчи жасоратли аёл бу – Ёвел. У Муқаддас Каломдаги бошқа аёллар — Соро биби, Роҳила, Ривқо каби аёллардек машҳур бўлмаса ҳам, биз ўрганишимиз учун етарлича сабоқ бера оладиган аёл ҳисобланади. У ҳақида Муқаддас Каломда ёзилганларидан ташқари билган маълумотларимиз ҳам бор. Биз билган маълумотларимиздан бири бу унинг Бедуин аёли бўлганлигидир. У Хайин халқидан бўлган Хабернинг хотини эди. Ёвел ҳақида гапиришимиздан олдин, ўша пайтда Исроилда қандай воқеалар юз бераётгани ҳақида бироз гаплашсак. Исроил халқи Канонликлар билан уруш ҳолатида эди. Ҳакамлар 4 бобда ёзилишича, “Худованд Исроил халқини Канон шоҳи Ёбиннинг қўлига берган эди.”

Чунки Исроилликлар Худонинг кўз ўнгида гуноҳ қилаётган эдилар. Ўша даврда пайғамбар аёл Добира Исроилда яшаб, халқнинг ишларини адолат билан ҳал қилиб берарди. Каломда ёзилишича, “Бир куни Добира Нафтали ерларидаги Кедеш шаҳрига бир одам жўнатиб, Барақни чақиртириб келди. Барақ Абунавамнинг ўғли эди. Добира Бараққа шундай деди: — Исроил халқининг Худоси — Эгамиз сенга амр қилмоқда: “Бор, ўзинг билан Нафтали ва Забулун қабилаларидан ўн минг нафар одамни Товур тоғига олиб чиқ.

Мен Ёбиннинг лашкарбошиси Сисарони, жанг аравалари ва лашкари билан Хишон сойлигининг ёнида сенга рўбарў қиламан. Бу жангда уларни сенинг қўлингга

бераман.” Сисаро эса Канон армиясининг қўмондони эди. У жуда ҳам қудратли ва шавқатсиз одам эди. Унинг бошчилигидаги армия Исроил армиясини 20 йил давомида қийнаган. Аммо Барақ Добиранинг гапига шундай жавоб берди.

“— Агар сен мен билан борсанг, бораман, бормасанг, мен ҳам бормайман, — деди Добирага Барақ. Добира шундай жавоб берди: — Албатта сен билан бораман, лекин билгинким, бу ғалаба сенга шараф келтирмайди, зеро, Эгамиз Сисарони аёл кишининг қўлига беради.” Добира унинг таклифига рози бўлди. Ўша ғалабанинг шарафини оладиган аёл Ёвел эди. Барақнинг қўшини Сисаронинг қўшинини енгаётган эди. Ўша пайтда Сисаро қочиб, Ёвелнинг чодири олдига бориб қолди. Ёвел Сисаронинг келаётганини кўриб унинг олдига пешвоз чиқди. Сисаро қочиб, Хабернинг хотини Ёвелнинг чодирига борди, чунки Хазор шоҳи Ёбин Хабер уруғи билан сулҳ тузган эди. Хабер Хайин халқидан эди. Ёвел Сисарони қарши олиб: — Келинг, тўрам, ичкарига киринг, қўрқманг, — деди. Сисаро ичкарига кирди, Ёвел уни чодир пардасининг орқасига яшириб қўйди. Кейин Сисаро унга: — Илтимос, озгина сув бер, чанқаб кетдим, — деди.

Ёвел мешни очиб, унга сутдан ичирди. Сўнг Сисарони яна парда билан тўсиб қўйди.” Сисаро урушга қатнашмаган аёлнинг чодиридан уни ҳеч ким изламаслигини билиб шундай қилди. Эҳтимол, Ёвел ҳам Сисарога сутни ухлаб қолиши учун ичиргандир. У Сисарога имкон борича мулойимлик ва дўстона муносабатда бўлди. Сисаро ухлаб қолди. Ёвел уни ўлдириш имкони бўлганини англаб тезгина ишга киришди. Хабернинг хотини Ёвел эса бир қўлига чодир қозиғини, бошқа қўлига болға олиб секингина унинг олдига борди. Қозиқни Сисаронинг чаккасига қоқиб, бошини ерга қадаб қўйди. Сисаро ўлди. Бундай ишни қилиш учун нафақат аёл киши балки эркак киши ҳам жасоратли, қўрқмас ва кучли бўлиши керак. Бу аёл ҳақидаги суҳбатимизни кейинги сафар батафсил давом эттирамиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top