3:13

Ўзгариш жараёни

MP3

«Эй, маҳбубларим, ҳозир биз Худонинг болалари бўлсак-да, келажакда нима бўлишимиз ҳануз ноаниқ. Фақат шуни биламиз-ки, Исо Масиҳ зоҳир бўлганида, биз У сингари бўламиз; У қандай бўлса, шундай ҳолда кўрамиз » (1Юҳ 3:2).

Ассалому алайкум. Ўзгариш. Бу сўз ҳар доим ҳам қувонч олиб келавермайди. Кимдир ўзгаришларни ёқтиради кимдир эса йўқ. Баъзи аёллар тез-тез уйида ўзгаришлар қилиб туришни хоҳлайди. Диван, кресло, сандиқ, мебеллар жойини ўзгартириб, уйга бошқача кўриниш беришни истайди. Буни қилиш аёлнинг бир ўзига осон бўлмайди. Баъзилар эса умуман ўзгаришларни ёқтирмайди. Бугунги суҳбатимиз бутунлай бошқача ўзгариш ҳақида. Агар аёл билан эркакни пластилин деб олиб қарайдиган бўлсак, аёл кишини юмшоқроқ пластилинга ўхшатиш мумкин. У юмшоқ бўлгани учун тезда шаклга киради. Уста уни қийинчиликсиз бирор бир шаклга келтириш мумкин. Аммо бу ўзгариш аёл кишига осон бўлмайди. Ўзгариш, бирор шаклга келиш, бу оғиздагина осон эшитиладиган гаплар. Аслида бу жараён жуда узоқ ва машаққат билан юзага келади. Ўзингиз биласиз, болалар тарбияси, оиланинг мустаҳкамлиги, турмуш ўртоқнинг ўзини яхши ҳис қилиши ва бошқа кўп нарсалар аёлнинг зиммасида. Агар аёл уйини тўғри бошқара олмаётган бўлса, турмуш ўртоғи билан муносабатида муаммолар бўлса, фарзандлари қулоқсиз бўлиб, ўзларини ёмон тутаётган бўлсалар, демак аёлнинг ўзига қарайдиган вақт келибди. Ўзига қараш, деганда, ясаниб, атир упа сепишни назарда тутаётганимиз йўқ. Болаларнинг хулқи, сўзлари, ўзларини тутиши, бошқаларга бўлган муносабатлари, худди аёлга тутилган ойна кабидир. Агар аёл фарзандларининг тўғри тарбия топишларини, улардаги камчиликларни, хатоларни тузатишни истаса, ўзгаришни энг аввало ўзидан бошлаши керак. Ҳа, ақлли ва доно аёллар худди шундай қиладилар. Улар фарзандларини ёки турмуш ўртоқларини ўзгартиришдан олдин, ўзларини ўзгартиришни бошлайдилар.

Тасаввур қилинг, бир нечта болалар майдончада ўйнашяпти. Уларнинг орасида биттаси, бошқаларига буйруқ бериб, ўзининг айтганини қилдирмоқчи. Айтганини қилмаса, жаҳли чиқиб, бақираяпти. Бу нимани билдиради. Шу болакайни онасининг ҳатти – ҳаракатини. Оилада она боласига буйруқ бериб ўрганиб қолган. Болакай онасининг айтганларини тезда ва гап қайтармай бажариши керак. Акс ҳолда жазоланади. Бу қаттиққўллик, бу буйруқ оҳанги, сабрсизлик, болага онасидан ўтган. Агар она боладаги бу хулқни кўра билса, ўзининг ҳатосини кўра олиши аниқ. Хўш, сизда ҳам шундай муаммолар борми? Болаларингиз асабий, тажанг, сабрсиз, тезда жанжаллашадиган, ношукрми? Унда ўзингизга бир қаранг. Юрагингизга, болаларингиз билан муносабатга, эътибор қилинг. Уларни ўзгаритишдан олдин ўзингиздаги шу хатоларни тузатинг. Кейинги сафар фарзандингизга меҳрибонроқ, мулойимроқ ва сабрлироқ бўлинг. Жанжаллашганларида асабийлашмасликка ҳаракат қилинг. Бу осон эмаслигини биламан. Ўзим ҳам айнан шу жараёндаман. Юқорида айтганимдай ўзгариш жараёни тезда ва осон бўладиган жараён эмас. Сиздаги ўзгариш қийин кечаётган экан, фарзандингизга бу нарса нақадар қийин эканини ўйлаб кўринг. Унга нисбатан сабрлироқ ва меҳрибонроқ бўлинг. Биз ҳаммамиз ўзгариш жараёнидамиз. Ҳали мукаммалликка эришганимиз йўқ. Ўзгариш йўлидаги ҳаракатингизни сусайтирманг. Омад ёр бўлсин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top