3:33

Худо бизни тозалайди

MP3

Ассалому алайкум, бугун тонгда Худонинг ишлари ҳақидаги ажойиб фактларни ўқиб туриб бир парчага кўзим тушиб қолди. У жуда таъсирли эди. Худди шу воқеани сизлар билан бўлишишга қарор қилдим. Бу воқеани бошлашдан олдин, Малахи пайғамбар китоби 3 боб 3 оятни эшитинг, “У ўтириб, Леви авлодини тозалайди, кумуш ва олтинни оловда софлагандай уларни софлайди. Шунда улар Эгамизга манзур келадиган назрлар тақдим қилишади.” Олтин ва кумуш оловда қандай тозаланишини тахминан билсангиз керак. Энди ҳикояни эшитинг. Бир аёл Малахи китобини ўқий туриб, 3 боб 3 оятга келганда жуда қизиқиб қолибди. “Худо нега олтин ва кумушни тозалагандай”, деган иборани ишлатган? Олтин билан кумуш қандай тозаланади? Шу савол билан у заргарнинг устахонасига борибди. У заргарга келиш сабабини очиқ айтмай, шунчаки қизиқаётганини билдирибди. Устахонага келганида аёл заргарни иш устида учратибди.

Заргар бир парча кумушни олов устига қўйиб қиздираётган экан. Шунда уста заргар аёлга олтин ва кумуш парчалари шу йўл билан тозаланади, дея тушунтирибди. “Уни оловнинг энг баланд ва қайноқ қисмида ушлаб туриш керак, шунда ҳамма ёт нарсалар чиқиб кетади”, дебди уста. Аёл Малахи китобида ўқиган оятини эслабди. “У ўтириб,…кумуш ва олтинни оловда софлагандай уларни софлайди”. Кейин устадан сўрабди, “Сиз кумушни то тоза бўлгунича оловда ушлаб ўтирасизми?”. “Мен шунчаки ушлаб ўтирмайман. Тозаланиш жараёни кетаётганда мен кумуш бўлагидан кўзимни узмайман. Сабаби, агар кумушни оловда бир дақиқа ортиқча ушлаб турсангиз ҳам у қайта тикланмайдиган бўлиб, бузилади.”, дебди заргар. Унинг олдига кузатишга келган аёл устадан кумушнинг тайёр бўлганини қандай билишини сўрабди. “О! Бу жуда осон”, дебди жилмайиб уста. “Мен унда ўз аксимни кўрганим заҳоти оловдан оламан”.

Аёл Малахи китобида ўқиганларини яна эслади, “Сарвари Олам шундай дейди: “Мана, Мен Ўз элчимни юборяпман. У Мен учун йўлни ҳозирлайди. У тўсатдан Ўз Маъбадига келади. Сизлар излаётган Раббий Ўшадир. Аҳд элчиси Унинг Ўзидир. Сизлар Ундан ғоят мамнун бўласиз.” Аммо У келганда ким бардош бера олади?! Пайдо бўлганда кимнинг жони сақланиб қолади?! Ҳа, У ўядиган ишқор, тозалайдиган олов кабидир. У ўтириб, Леви авлодини тозалайди, кумуш ва олтинни оловда софлагандай уларни софлайди. Шунда улар Эгамизга манзур келадиган назрлар тақдим қилишади.”

Қадимда қимматбаҳо металларни тозалаш ишлари билан шуғулланадиган кишилар жуда ўз ишига уста ва ўта тажрибали кишилар бўлишган. Улар бутун жараённи ўта эҳтиёткорлик билан, бирор бир нарсани кўздан қочирмаган тарзда бажарганлар. Бу жараёнда олов тафтини тўғри танлаш ҳам муҳим эди.

Усталар ҳаддан ташқари баланд ёки ҳаддан ташқари паст оловни ишлатмасликлари керак эди. Қимматбаҳо металдан чиққан чиқиндилар олиб ташланишидан олдин, металга зарар етмаган бўлиши керак бўлган. Гуноҳ бу бизнинг Худо томонидан берилган соф табиатимизга қўшилиб олган ёт нарсадир. У бизни қимматбаҳо бўлишимизга ҳалал берадиган, сифатимизни бузадиган нарса. Худо эса уста моҳир заргар каби. Қийинчиликлар оловида бизнинг ичимиздаги гуноҳни чиқариб юбориш жараёнини ўтказади. Масиҳий қийинчиликларни бошидан кечираётганида, буни ажиб бир ҳолат деб ёки Худонинг эътиборсизлиги деб қабул қилмаслиги керак. Чунки Худованд бу вақт давомида биздан кўзини узмайди. У то Ўзига ўхшаш бўлгунимизча, бизни оловда ушлаб туради. Буларнинг ҳаммаси биз Унга ўхшаш бўлишимиз учундир.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top