3:06

Аёл ва эркак ўртасида дўстлик

MP3

Ассалому алайкум зукко опа-сингиллар. Бугун ҳам аввалги суҳбатимиз «Эркак ва аёл ўртасидаги дўстлик» мавзусини давом эттирамиз. Сўровномаларга кўра 90 фоиз кишилар икки қарама қарши жинс вакиллари орасида дўстлик бўлиши мумкин эмас, деган фикрда. Қолган 10 фоизи эса бунга қай томондан қарашга боғлиқ, деб жавоб беришган. Бугун мана шу ўн фоиз аҳолининг фикрларига тўхталамиз. Мен дўстликка бошқа томондан ёндошган ҳолда бунинг иложи бор, ва ҳатто шундай бўлиши керак, деб ўйлайман. Келинг бу мавзуга сиз ҳам мен томондан туриб мулоҳаза қилиб кўринг. Бугун ҳаммамиз бир бўлиб турмуш томонидан аёл ва эркак ўртасидаги дўстликнинг имкони борлигини кўриб чиқамиз.

Аслида турмуш қурган эр-хотинлар бир бирлари учун энг яқин дўст бўлишлари керак. Бу муносабат фақатгина никоҳни мустаҳкамлайди. Турмуш ўртоғи аёлини тушунса, уни шахс ва ўзига дўст деб билса, бу аёл учун энг катта бахт. Худди шундай аёлнинг эри аёл учун ишончли шахс бўлса, унинг яқин дардкаши ва ҳамдарди бўлса, бу ҳам эркакнинг омади келганидан дарак. Эр хотин ўртасидаги дўстлик оилани соғлом ва мустаҳкам қилади. Аммо афсуски, аксарият жуфтликлар бир-бирлари билан дўст эмаслар. Улар учун эр-хотин бир-бирига дўст бўла олмайди. Аёллар, «аёлнинг эридан яширадиган сирлари бўлиши керак», — деб ҳисоблашса, эркаклар «ҳамма гапни ҳам аёлга гапириб бўлмайди», — дейишади. Шу фикр сабаб оилада дўстлик пайдо бўлмайди.

«Эрим мени тушунмайди, шунинг учун ҳам ундан яширадиган гапларим бор», дейдиган аёллар эри уни тушуниши учун замин ҳозирлаши керак. Турмуш ўртоғининг характери ва одатларидан келиб чиққан ҳолда унга дўст ва сирдош бўлишга ҳаракат қилсин. Эри уни тушунишини истаган аёл, биринчи ўринда ўзи турмуш ўртоғини тушунишни бошласин. Шундан сўнг эр ҳам аёлини тушуниш томон қадам ташлайди. «Аёлга ҳамма гапни ҳам айтиб бўлмайди», — деб ўйлайдиган эркаклар ҳам хато қиладилар. Кўпчилик аёллар тез шубҳага берилувчан, эрининг бирор бир гапидан ҳам дарров тескари маъно чиқариб оладиган бўлишади. Шу сабаб эркакларда юқоридаги каби фикр мавжуд. Аммо оилада турмуш ўртоғи билан дўст бўлишни истаган эркак ҳам аёлини шунга ўргата олиши мумкин.

Аёл эрини, эр аёлини тушунадиган оилада бошқа жинс вакилларининг дўстлигига ҳожат қолмайди. Бундай жуфтлик ҳар томонлама бир бирини тўлдиради. Эркак оиласидан кўнгли ҳотиржам, аёл эса ўзини аёл сифатида бахтли ҳис қилади. Шундай дўстлик муносабати аёл учун ҳам эркак учун фойдалидир. Шу дўстлик сабаб оиладаги кўпгина ўзаро муаммолар бартараф этилади. Турмуш муҳити соғлом бўлади. Оилага қувонч, ҳотиржамлик ва бахт нафаси киради. Бундай оилада ўсган фарзандларнинг ҳам руҳий ҳолати мустаҳкам ва баркамол инсонлар бўлиб етишишади. Энг муҳими улар ҳам ота-оналаридан ўрнак олган ҳолда келажакда турмуш ўртоқлари билан дўстона муносабат тиклай оладилар. Теша тегмаган ва антиқа мавзулардан боҳабар бўлиш истагида бўлсангиз, бизнинг www.najot.com сайтимиз айнан сизнинг қизиқишларингизга жавоб беради.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top