Ассалому алайкум қадрдон опа-сингиллар. Аввалги суҳбатларимизда сизлар билан биз Худонинг маъбади эканлигимиз ва инсон сифатида Худо бизни қандай кўриши ва устунликларимиз ҳақида кўриб чиққан эдик. Худо биз билан. Буни Забур 84 бобда ёзилганларидан ҳам билсак бўлади. “Шубҳасиз, Эгамиздан қўрққанларга Унинг Ўзи нажот беришга тайёр туради, Бизнинг еримизда Унинг улуғворлиги макон топади”. Худо солиҳларга ва Унга итоат қилувчилардан яхшилигини аямайди. Биз Худонинг фарзандлари сифатида Худони улуғлаш учун яратилганимизни биламиз, аммо улуғликнинг ўзи нима? Бугун мана шу саволга жавоб топишга ҳаркат қиламиз. Бунинг учун “улуғворлик” сўзининг Муқаддас Каломдаги маъноларини кўриб чиқамиз. Нелсон Библия Луғатида бу сўзнинг уч хилда талқин этилган. 1. Улуғворлик бу – гўзаллик, қудрат ва шараф. Булар Худонинг сифатлари. Худонинг буюклиги ва ҳокимияти.
Бу сўз Муқаддас Каломда уч хил мазмунда ишлатилган. Худонинг маънавий гўзаллиги ва характерининг мукаммаллиги мазмунида. Бу илоҳий сифатни инсон онги тушунишга қодир эмас. Буни ҳеч ким тушуна олмайди. 2. Худонинг маънавий гўзаллиги ва мукаммаллиги кўринадиган этиб тасвирланган. Биласизки Худонинг улуғворлиги кўринадиган нарса эмас, шундай экан баъзида Худованд Ўзининг мукаммаллигини инсонга кўринадиган қилиб беради. Бу улуғворлик кўпинча кўзни қамаштирадиган ёруғлик кўринишида баъзида эса қудратли бир иш кўринишида намоён бўлади. 3. Ҳамду-сано кўринишида. Кўпинча Худованд ўзи яратганлари оғзидан ҳамду-сано кўринишида улуғворлигини намоён қилади. Уни улуғлаш бу Унинг номини улуғлаб, амрларини ҳурмат қилиш дегани. Исо Масиҳ ҳам Отасининг иродасига итоат қилиб, хочдаги ўлимга боргани билан улуғлаган.
Демак эшитганингиздек, улуғворлик сўзи Худонинг илоҳий табиати ва сифатларига тегишли. Ҳар тонг Худонинг Каломини қўлингизга олиб, ибодат қилганингизда Унинг Ўзи сизга улуғворлигини очиб беришини сўранг. Сўраганингиздек, У сизга улуғворлигини у ёки бу шаклда намоён қилганида дафтарингизга ёзиб қўйинг. Худонинг улуғворлигига мисоллар Забур 145 бобда жуда яхши берилган. Ваҳий китоби 4 боб 8-11 ва 15 боб 3-4 оятлар ҳам Худонинг улуғворлигига мисоллар келтиради. Нелсон луғатида келтирилишича, Худонинг улуғворлиги кўринарли тарзда ҳам намоён бўлади. Чиқиш китоби 19 ва 20 бобларга қарасангиз, Худованд Исроил халқига ажойиб тарзда намоён этган. “Учинчи куни эрталаб момақалдироқ бўлиб, чақмоқ чақди. Тоғнинг устини қалин булут қоплади. Бурғу овози жуда қаттиқ чалинди. Қароргоҳдаги жамики халқни титроқ босди. Мусо халқни Худо билан учраштиргани қароргоҳдан олиб чиқди.
Халқ тоғнинг этагида турди. Кейин Эгамиз Синай тоғига — тоғ чўққисига тушди.
Эгамиз Синай тоғига аланга ичида тушиб келгани учун, бутун тоғ тутаётган эди. Тоғ қаттиқ силкинганда, тандирдан тутун чиққани сингари, тоғдан ҳам тутун чиқаётган эди. Бурғу овози қаттиқроқ чиққани сари, Мусо ҳам гапирарди. Худо унга момақалдироқ орасидан туриб жавоб берарди.” Чиқиш китоби 20 бобда эса Худонинг Ўзи халққа гапирди, “…Мен сизларни Мисрдаги қулликдан олиб чиққан Эгангиз Худоман. Мендан бошқа худоларга сажда қилманг. Мен, Эгангиз Худо, сизларнинг севгингизни бошқа худолар билан баҳам кўрмайдиган Худоман. Мендан нафратланадиганларни жазолайман, уларнинг гуноҳлари оқибатларини болаларига, набираларига ва чевараларига олиб келаман. Лекин Мени севиб, амрларимга риоя қиладиганларнинг минг–минг авлодларига содиқ севгимни кўрсатаман.”