Ассалому алайкум қадрдон опа-сингиллар. Биз ўтмишдаги Худога садоқатли бўлган қаҳрамонларнинг ҳаётидан кўп нарсаларни ўрганишимиз мумкин. Аввалги суҳбатимизда Мусо пайғамбарнинг кун давомида шароити, кунга бўлган муносабати ва ҳис-туйғулари қанчалик ўзгаргани ҳақида гаплашган бўлсак, бугун унинг бу нарсаларга топган жавоби ҳақида суҳбатлашамиз. Мусо пайғамбар куни қанчалик расво ўтганига қарамай, ҳар доим қилганидай, чодирга кириб кетди. У ўша ерда Худо билан юзма-юз туриб гаплашарди. Мусо қанчалик юзма-юз туриб гаплашгани ҳақида аниқ бир маълумотга эга эмасмиз, аммо Муқаддас Каломда Худо бу ҳақида Мусога нима дегани маълум. “Мусо чодирга кириб, Эгамиз Мусо билан гаплашганда, устун шаклидаги булут пастга тушиб, чодирга кираверишда турарди. Бутун халқ чодирга кираверишда турган булут устунини кўриб, ўз чодирига кираверишда мук тушиб таъзим қиларди.
Бирортаси дўсти билан гаплашгандай, Эгамиз ҳам Мусо билан юзма–юз гаплашарди.” Кейинроқ Худованд Мусога ўзининг улуғворлигини зоҳир қилганида шундай бўлган эди, “Илтижо қиламан: менга улуғворлигингни зоҳир қилгин, — деди Мусо. — Мен Ўзимни сенга маълум қиламан. Мен сенинг олдингдан ўтиб, бутун эзгулигимни сенга зоҳир қиламан, — деди Эгамиз Мусога. — Марҳамат қиладиганимга марҳамат қиламан, шафқат қиладиганимга шафқат қиламан. Лекин Менинг юзимни кўра олмайсан. Мени кўрган одам тирик қолмайди. Менга яқин жойда қоя бор. Ўша қоянинг устида тур! Мен ўтаётиб улуғворлигимни зоҳир қилганимда, сени қоянинг ёриқ жойига қўяман. Ўтиб кетгунимча сени қўлим билан тўсиб тураман. Кейин қўлимни оламан. Сен Мени орқамдан кўрасан. Юзимни эса кўрмайсан.” Биз уларнинг қандай суҳбатлашганини тахмин қилишимиз мумкин ҳолос.
Аммо дўстлар бир-бирлари билан қандай гаплашсалар, Худо ҳам Мусо билан шундай гаплашар эди. Мусонинг ҳар доимгидек чодирга кириб кетиши бизга, яхши кунларда ҳам ёмон кунларда ҳам Худонинг олдига бориш кераклигини ўргатади. Мусонинг Худо билан чодирдаги вақти воқеаларни ўзгартириб юборди. Энди умид кўрина бошлади. “Агар мен Сендан марҳамат топган бўлсам, илтижо қиламан: менга йўлларингни кўрсатгин. Сендан марҳамат топиб юришим учун, Сени билайин. Бу халқ Ўзингнинг халқинг эканини ёдингда тутгин. Эгамиз Мусога айтди: — Мен сизлар билан бораман. Мен сизларга тинчлик ато қиламан. Мусо эса Эгамизга айтди: — Агар Сен биз билан бормайдиган бўлсанг, бизни бу ердан олиб чиқмагин. Бўлмаса, мен ҳам, халқинг ҳам Сендан марҳамат топганимиз қандай билинади? Сен биз билан бирга борганингдан эмасми?! Шу орқали мен ҳам, Сенинг халқинг ҳам ер юзидаги ҳамма халқдан фарқ қиламиз.”
Биласизми, Мусо биз унутган бир ҳақиқатни яхши биларди. Бу ҳар қадамимизда Худонинг ҳузурига эга бўлиш. У сафарни давом эттиришлари учун Худонинг ҳузурига муҳтож эканликларини яхши биларди. Мусо Худодан нималарни сўради? “Агар мен Сендан марҳамат топган бўлсам, илтижо қиламан: менга йўлларингни кўрсатгин. Сендан марҳамат топиб юришим учун, Сени билайин.”1. Менга йўлларингни ўргат, деди. 2. Сени билиб олай, 3. Сенинг назарингда марҳамат топишда давом этайин, деди. Хўш, бу суҳбат сизга Мусонинг юраги қандай бўлганини кўрсатаяптими? Унинг қандай яшаганиничи? Албатта ўрганишимиз керак бўлган энг муҳим нарса бу, ёмон кунларда ҳам яхши кунлардагидек, Худонинг ҳузурини қидириш. Ундан ташқари Мусо Худо унга йўлларини ўргатишини, Уни кўпроқ билишни ва доим Худонинг марҳаматига сазовор бўлишни қаттиқ истаган.