3:39

Даҳшатли тилни тийиш

MP3

Ассалому алайкум қадрдон опа-сингиллар. Тилни тийиш жуда кўп жанжаллар ва келишмовчиликларнинг олдини олади. Негадир, тилни тийиш ҳақидаги маслаҳатлар аёлларга нисбатан қўлланилади. Бунга аёлларнинг ҳис-туйғуга бойлиги сабабмикан? Суҳбатимиз давомида бу саволимизга ҳам ҳамда кўплаб берилмаган саволларга ҳам жавоб топилади. Тилни тийиш ҳақида гап кетар экан, интернетда ўқиган бир қизиқарли ҳикояни эслайман. “Англиянинг бир қишлоғидаги тепаликда кулранг тош ётқизилган бир қабр бор экан. Қабр тошига эса шундай сўзлар битилган: “Бу бир ҳовуч бупроқ ичида ёшгина Арабелла ётибди. У 24 Майда тилини тийди”. Агар биз ҳам мана шу аёлга ўхшаб ҳеч қачон тилимизни тиймасак, атрофимизда қандай кўнгилсизликлар бўлишини тасаввур қила оласизми? Бир донишманд шундай деган экан, “Ҳаётимиз давомида тилимизни тийиш учун жуда кўп имкониятлар бўлади, келинг шу имкониятларнинг ҳаммасидан фойдаланайлик.”

Ёқуб 3 бобда биз учун жуда керакли сабоқ ёзилган. Ҳаворий Ёқуб қайта туғилгандан сўнг имон ва амалнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб бўлгач, аниқ бир нарсага, тилга диққатимзни қаратади. Ҳазрати Довуд ҳам бунга алоҳида эътибор қилган, “Эй Эгам, оғзимга посбон қўйгин, Лабларим эшигини қўриқлагин.” Ҳаворий Ёқуб тил имонлининг энг катта муаммоси бўлиши мумкинлигини яхши билган. Қизиғи шундаки, у тилни қандай тийиш ҳақида маслаҳат бермайди, фақат бу муаммонинг жиддийлигидан огоҳлантиради. Ёқуб 3:1-2 оятлар шундай дейди: “Эй биродарларим, ҳаммангиз ҳам устоз бўлаверманглар! Биз, устозлар, жиддийроқ ҳукмга дучор бўлишимиз ўзингизга маълум. Одамларнинг ҳаммаси кўп хато қилади. Сўзлаётганда хато қилмаган инсон етукдир. У бутун

вужудини жиловлай олади.” Бундан шундай сабоқ чиқаришимиз мумкин, биз сўзлаётган ҳар бир сўзимиз учун жавобгармиз.

Ёқуб бу мактубни ёзган пайтда жамоатлар ичидаги устозлар ўз-ўзларини устозлик лавозимига тайинлаб олган эди. Устозларни ҳурмат қилиш тўғри, аммо баъзи жамоатлар устозларни Худо даражасида ҳурмат қиларди. Исо Масиҳ ҳам Матто 23:6-11 оятларда шундай деган эди, “Шунингдек, зиёфатларда тўрга чиқишни ва синагогаларда яхши жойларда ўтиришни ёқтирадилар. Бозорларда одамлар уларга салом беришларини, “устоз” деб мурожаат этишларини яхши кўрадилар.” Ҳаворий Ёқуб биринчи оятнинг сабабини иккинчи оятда тушунтириб беради, “Одамларнинг ҳаммаси кўп хато қилади. Сўзлаётганда хато қилмаган инсон етукдир. У бутун вужудини жиловлай олади.” Ёқуб бундай инсонни етук, деб атайди. Эътибор қилинг, мукаммал эмас, етук. Сабаби етук инсонлар ҳам гуноҳ қилиб қўяди. Биз бу дунёда гуноҳсиз бўлишга эриша олмаймиз, аммо руҳан етук бўлишимиз мумкин.

Агар ҳаммамиз ҳам бир кун келиб гапирган гапларимиз учун ҳисоб беришимизни англасак, тилимизга ҳушёр бўламиз. Тилимизни тийишимиз учун тилнинг яхшиликни ва ёмонликни сўзлаш қудрати борлигини англашимиз керак. “Биз отларни бўйсундириш учун оғизларига сувлуқ соламиз. Шу орқали уларнинг бутун танасини бошқарамиз. Мана, кемалар ҳам, қанча улкан бўлмасин ва кучли шамоллар ёрдамида юрмасин, кичкина бир руль билан бошқарилади. Кемачи руль ёрдамида кемани истаган жойга йўналтиради. Тил ҳам худди шундайдир, тил баданнинг кичкина бир узвидир, аммо катта муаммоларни келтириб чиқаради.” Доно одам тилини бошқара олади. Ундай одам тилини ҳаётбаҳш сўзлар учун ишлатади. Азизлар, тилингизни тийишни ўрганинг. Ўзингиз учун бир илож топинг, шунда ақлли ва доно имонли бўла оласиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top