Ассалому алайкум азиз опа-сингиллар. Худованд бизни билади. У бизнинг заифлигимизни, камчиликларимизни кўриб туради. Шундай бўлса ҳам У биз орқали ишлашни истайди. Бизнинг заифлигимиз Унинг қудратини кўрсатишини истайди. Ўтган сафар Гидўннинг ҳаётини мисол қилиб келтирганимиз ёдингиздами? Худованд уни Исроил халқини жангга бошлаш учун танлаган эди. У жангга 22 минг одамни тўплади. Аммо Худованд бу одамлар кўп, деди. Шунинг учун У, қўрқаётган кишилар уйларига қайтиб кетишини, кейин эса Гидўнга энгашиб эмас, ҳовучида сув олиб ичганларни қолдиришни буюрди. Гидеон бор йўғи 300та жангчи билан қолганида, яна қўрқди. У қўрқувини кўрсатмаган бўлса ҳам, Худованд унинг юрагидаги қўрқувни кўриб турарди. Худо унга шундай деди, “Агар қўрқаётган бўлсанг, Пурах деган хизматкорингни олиб, қароргоҳга туш. Мидиёнликларнинг гапини эшитгач, юрак ютиб қароргоҳга ҳужум қиласан.”
Гидеон Худованд айтганидай қилди. “Мидиёнликлар, Омолек халқи ва шарқдаги кўчманчилар водийда чигирткадай ғижиллаб ётарди. Уларнинг туялари эса денгиз қирғоғидаги қумдай сон-саноқсиз эди. Гидўн ёв қароргоҳига етиб борганда, бир одам ўзининг биродарига тушини айтиб бераётганини эшитиб қолди. Ўша одам шундай ҳикоя қилаётган эди: — мен бир туш кўрдим. Тушимда арпадан пиширилган қандайдир бир нон Мидиён қароргоҳига юмалаб келиб, чодирга урилибди. Чодир эса ағдарилиб тушибди. – Бу аниқ Исроил халқидан бўлган Йўш ўғли Гидўннинг қиличидир, деди биродари. Худо Мидиёнларни барча лашкари билан унинг қўлига берган экан-да”. Бу туш таъбирини эшитгач, Гидўн дадилланиб ортга қайтди. Шундай қилиб, Гидўн ўз одамларини жангга бошлади ва енгди. Аммо унинг ҳатти-ҳаракатларига қарасангиз, у фақат ғалаба қилишига далил бўлгандагина ҳаракат қилишини кўрасиз.
У Худога ишонишни истайди аммо ўзига ишонмайди. Биз ҳам шундаймиз, тўғрими? Аммо, ташвиш қилманг, Худованд бизни қандайлигимизни билади, шундай бўлса ҳам бизни Ўз қудрати билан жасур ва довюрак инсонга айлантиради. Худованд Гидўнни “довюрак жангчи” сифатида кўрди. Худо уни “довюрак ” деди, аммо аслида у қўрқоқ ва журъатсиз эди. Агар биз Худо билан бўлмасак, албатта қўрқоқ ва журъатсизмиз. Худода бўлсак, довюракмиз. Агар Муқаддас Китобни ўқиб чиқсангиз, баъзи буюк ишлар оддий, заиф одамлар томонидан амалга оширилганини кўрасиз. Аслида, инсоний нуқтаи назардан бу одамлар Худованд чақирган ишни бажаришга қодир эмас эдилар. Худованд бизга бирор вазифа берганида, худди Мусога ўхшаб, “Худойим, мен бу ишни қилишга қодир эмасман, бошқа бир одамни танла”, деймиз. Ўшанда, Мусо мўъжиза кўраётган эди. Худо оловли дарахт ичидан туриб, у билан шахсан гаплашаётган эди. Бу мўъжиза эмасми?
Ундан ташқари, Худонинг Ўзи ваъда бериб, “Сенга нима дейиш кераклигини ўргатаман”, деди. Яна, Худованд Еремиё пайғамбарни чақирганда ҳам у, “Худойим, мен нима дейишни билмайман”, деган эди. Худо бизга бизнинг назаримиз билан эмас, Ўзининг назари билан қарайди. Ҳаворий Павлусни эсланг. У Худодан танасига азоб бераётган тиконни олиб ташлашини сўраганида, Худованд унга қандай жавоб берди? “Менинг иноятим доим сенга етарли бўлади, чунки Менинг қудратим сенинг ожизлигингда тўлиқ намоён бўлади.” Шунинг учун заиф бўлганимизда кучли бўлар эканмиз. Бугун Худованд сизни бирор вазифани бажаришга чақирса, қўрқманг, иккиланманг. Худованд Гидўнни қудратли шахс сифатида кўрган бўлса, сизни ҳам ундан кам кўрмайди. Биз ҳам заифлигимиз ичида Худонинг қудрат билан ишлашини кўрамиз. Биздан талаб қилинадиган иш, Худонинг чақириғига “Лаббай”, деб жавоб бериш.