3:18

Меҳмондўстлик 49

MP3

Ассалому алейкум азиз радиотингловчиларимиз. Маълумки Муқаддас Китобда Худонинг кўплаб ваъдалари мавжуд. Улар бизларни албатта руҳлантиради, ҳаракатга келтиради ва Худованд билан бўлган алоқани янада ҳам мустаҳкам қилади. Ибронийларга мактубида ўн учинчи бобининг биринчи оятларида шундай ёзилган: “Бир-бирингизни биродарларча севишни давом эттиринглар. Меҳмондўстликни унутманглар; баъзи кишилар меҳмонларимни яхши кутай, деб билмасдан фаришталарни кутганлар”.

Албатта бу Раббимизнинг ажойиб ваъдаларидан биридир, чунки Худованднинг хизматчилари бўлмиш фаришталарни кутиш бу ҳақиқатан ҳам катта шараф деб ўйлайман. Бироқ ушбу мактубининг муаллифи, агар биз меҳмон кутсак, қандайдир ғойибона мавжудотларнинг ташрифини кутишимиз керак деб айтмоқчи эмас. Бироқ муаллиф меҳмондўстлик кутилмаган мукофот ва марҳаматни олишига келтиришини айтади. Лекин ҳар бир ишимизда, ҳаракатимизда, хоҳишимизда энг аввало юрагимизнинг ҳолати муҳимдир. Агар биз фақат мукофотни ўйлаб, яъни қандайдир ютуқни ўйлаб меҳмондўст бўлсак, бу албатта самимий бўлиб, юракдан чиқмайди. Раббимизнинг Колосаликларга учинчи бобининг йигирма учинчи оятида айтгани бор: “қиладиган ҳар бир ишни инсонлар учун эмас, Раббингиз учун қилаётгандай, чин қалбдан бажаринглар”. Меҳмондўстлигимиз чин қалбдан чиқиши учун эса Худовандга бўлган муҳаббатимиз ва муносабатимиз севадиган юракдан чиқиши лозим. Сизларга севги етишмаса, сўранглар ва сизларга берилади, чунки Худонинг Ўзи севгидир.

Меҳмондорчиликда эътиборли бўлайлик. Балки ўзимизда ҳам мана шу нарсани кўзатган бўлишимиз мумкин. Уйимизга оддийроқ одам келса биз оддий кўрпачаларни, идишларни ишлатамиз, дастурҳонимиз ҳам оддий бўлади. Лекин обруйлироқ, муҳим ёки яқин одам меҳмонга келганда биз қимматбаҳо дастурҳонни ёямиз, қимматбаҳо идишларни стенкадан чиқарамиз, қават-қават чиройли курпачаларни соламиз, овқатларимиз ҳам шунга яраша бўлади. Бундай нарсани биз иккиюзламачилик деб аташимиз мумкин. Иккиюзламачилик эса Худога маъқул эмас. Бундай одамлар ҳақида Раббимиз шундай дейди: “сизлар ташқаридан чиройли кўринадиган, лекин ичи ўликларнинг суяклари ва ҳар хил қабиҳликларга тўла, оҳақланган қабрларга ўхшайсизлар. Гарчи ташқаридан инсонларга мўмин кўринсангизлар ҳам, лекин ичларингиз иккиюзламачилик ва ёмонликка тўладир”.

Шунинг учун азиз биродарлар, иккиюзламачилик қилмасдан ҳамма меҳмонларимизга бир хил муомила қилайлик, меҳмондўстлигимиз эса чин юракларимиздан чиқсин. Ҳаворий Павлус филиппиликларга ёзган мактубидаги сўзларни сизларга тилаб қолмоқчимиз: “Ҳамма нарсани нолимай ва шубҳаланмай қилинглар, токи бу ўжару бўзилган насл орасида Худонинг пок, беғубор, бенуқсон болалари бўлинглар”.

Шу билан бугунги меҳмондорчиликка бағишланган мавзуимизни якунлаб сизлар билан хайрлашамиз. Худонинг инояти сизларга ёр бўлсин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top