Ассалому алейкум азиз радиотингловчилар. Ҳаммамизга маълумки, дунёни Худои Таоло бошқаради ва У ҳамма нарсани тартиб билан ўрнатган: қиш фаслидан кейин баҳор келади, олма дараҳти эса олма мевасини хосил қилади. Муқаддас китобда ёзилганидек, “Худо тартибсизлик Худоси эмас, тинчлик Худосидир”. Шунинг учун Худованд барча мамлакатларни, шоҳликларни, халқларни бошқарайдиган подшоҳу хокималарни ўрнатган.
Хоҳ спорт командаси бўлсин, хоҳ қандайдир ташкилот ёки мусиқа гуруҳи бўлсин ҳаммасида ҳам битта раҳбар ёки команда сардори бўлади. Худди шу сингари Худованд оилада ҳам тартиблик бўлишни хоҳлайди. Бу нарса албатта оила бошлиғига боғлиқ бўлади, яъни оилалар яхши, доно раҳбарга муҳтож бўладилар. Мен шу жойда қайнонаю қайноталарни назарда тутмаяпман, оталар ҳақида ўйлаяпман. Бу менинг хоҳишим эмас, бу Худонинг бизга Муқаддас китобида қолдирган амрларидан биридир. Бу жуда маъсулиятли жавобгарликдир. Шунинг учун ҳам баъзи оталар мана шу жавобгарликдан қочиб, хотинларига юклаб қўядилар.
Шу йўсинда мен Муқаддас китобда Мардохей исмли бир яхудийни мисол қилиб келтирмоқчиман. Бу ҳақида Эски Аҳддаги Эстер китобида ёзилган. Мардохей Эстерга отасини ўрнида бўлган, кичкиналигидан уни тарбиялаб катта қилган. Шунинг учун Эстер ҳар доим Мардохейга қулоқ солган, чунки унинг ҳаёт тарзини кўриб жуда ҳурмат қиларди. Эстер шоҳнинг саройига хотин бўлиб тушганда Мардохей ушанда ҳам ҳар куни уни олдига келиб, ҳол-аҳволини сўраб кетарди. Бир куни Эстер жуда муҳим танлов олдида туриб қолганди. Агар у ўша пайтда Мардохейга қулоқ солмаганида исроил халқи жуда оғир аҳволга тушган бўларди.
Бироқ Мардохейга қулоқ солишга ўрганган Эстер исроил халқини қутқариб қолди. Эстер буни қўрққанидан эмас, балки отасининг ўрнида бўлган Мардохейнинг севгисини, ғамхурлигини хис қилиб, шу ишни чин юракдан табий равишда қилган эди. Бу нарсадан қандай хулоса чиқарсак бўлади? Мардохей Эстерга буйруқ бермаган эди, бундай қилишга мажбурламаган эди ҳам. У шунчаки унга керакли руҳий насиҳат, маслаҳат берганди. У яхши ота эди. У фарзандига насиҳат қилиб, шу ишга руҳлантира олди. Айнан шу нарсани биз ҳам фарзандларимизни тарбиялаганимизда қўллашимиз керак.
Оталар ҳам яхши сардор, етакчи сингари ўз оиласини, фарзандларини севги ва донолик билан бошқаришлари керак. Сўзда, амалда, ётганда, юрганда ҳам насиҳат қилиб руҳлантириш жуда муҳим жараён деб ўйлайман. Шу жараёнда оналарнинг роли ҳам кам эмас, лекин оталар оиланинг бошқарувчиси бўлгани учун мана шу шарафли вазифани бажариб, Худованд олдида жавоб берадилар. Дирижёр бутун катта оркестрни тўғри бошқариши учун мусиқани ва дирижёрлик махоратини яхши билиши лозим. Шундагина яхши, чиройли куй чиқади. Келинглар оталар, оиламизнинг яхши тажрибали дирижёр бўлайлик, токи яшаш тарзимиздан чиройли бир куй чиқсин. Агар сизларда мана шу мавзу бўйича саволларингиз пайдо бўлса, интернетдаги сайтимизга кириб уларни ёзишингиз мумкин. Ўша сайтда сиз ўтган радиодастуримизнинг матнларини ҳам топишингиз мумкин. Кейинги радиоучрашгунча хайр соғ саломат қолинглар.