Ассалому алайкум хурматли радио тингловчилар. Сиз азизлар билан яна радио тўлқинлари орқали учрашиб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Азиз тингловчи бугунги эшиттиришимиз орқали болалар мавзуси тўғрисида сизлар билан гаплашмоқчимиз. Болаларнинг бегонаси бўлмайди деганларидек ҳар бир ота она нафақат ўз фарзанди, балки бошқа болаларнинг тарбияси учун хам маъсулдирлар.
Хозирги замон боласи илгариги болалардан тубдан фарқ қилади. Балки бунинг асосий сабабларидан бири, замоннинг шиддат билан илгарилаб борилаётганидир. Хар бир инсон ўз фарзандига тарбия берганида, ўзи хақида хам ўйлаб кўриши лозим. Доимо фарзандларимизга ниманидир ўргатган пайтимиз, бир савол хар биримизнинг фикримизда бўлиши керак деб ўйлаймиз, яъни мен ўз фарзандимга қолаверса, бошқаларга ўрнак бўла оляпманми деган савол.
Болалар энг яхши разветкачи десак, хеч хам хато қилмаймиз. Улар доимо катталарнинг хар бир қадамини кузатиб боришади. Натижада эса, ўзларига керакли маълумотларни йғишади. Балки булар яхши маълумотдир, балки салбий, бола учун бу нарсанинг ахамияти йўқ. Хозирги кунда олимлар шуни такидлашяптики боланинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатадиган омиллардан энг дахшати бу телевизор экан. Дархақиқат агар ойнаижахонга нигохингизни қаратсангиз, у ердан яхши кўрсатувларни камдан кам топасиз.
Айниқса хар дақиқаларда қайта ва қайта намойиш этилаётган рекламалар, ва унда намойиш этилаётган спиртли ичимликлардан тортиб, ярим ялонғоч инсонларгача. Келинг азиз тингловчи кўпчилигимиз учун оддий рекламадек бўлиб қолган пиво ичимлиги хақида ўйлаб кўрайлик. Ушбу ичимлик тури телевизор орқали шундай ажойиб тарзда реклама қилинадики, болалар у ёқда турсин, ота оналар хам васваса бўлиши анниқ. Албатта ушбу ичимлик жуда чиройли тарзда реклама қилинганидан сўнг кўплаб болалар татиб кўришни истаб қолишади.
Бир марта татиб кўрилдими, орадан вақт ўтиб яна бошқа хилдаги ичимликни ичиб кўришни истаб қолишига хеч ким кафолат бера олмайди. Азиз ота оналар фарзандларимиз учун қилинган ибодат доимо уларни яхши инсон бўлишига гаровдир. Албатта болаларимизга юқорида айтиб ўтилган ва рекламада намойиш этилаётган махсулотларнинг яхши ва ёмон томонларини тушунтириб беришга эринмаслигимиз керак.
Келажакда яхши хосил олишни истаган дехқон, доимо ўз экинларини яхши парвариш қилади. Экин то ўзини ушлаб олгунига қадар, уларнинг холидан хабардор бўлиб туради. Эккан уруғи етилиб қушлар чўқиб кетмайдиган ва бегона ўтлар таъсирини ўтқазмайдиган бўлгунга қадар дехқон тиним билмайди. Маълум вақт тер тўкиб мехнат қилгач вақти келиб яхши хосил олади ва ўз мехнатидан рохатланади. Хурматли ота оналар, хар биримизнинг олдимизда болалар тарбияси деган катта вазифа турибди. Ушбу мехнатимиз самарали бўлиши учун, хар биримизга Худованд мададкор бўлсин. Шунинг билан бугунги эшттиришимиз ўз нихоясига етди хайр саломат бўлинглар.