Ассалому алейкум қадрли радиомуҳлисларимиз. Микрофон қаршисида сизлар билан яна мен Ғолиббек. Келинглар, бугунги эшиттиришимизни болаларнинг ўсишига бағишлайлик. Болани ўстириш бу буюк қувончдир. Ота она бўлиш бу нафақат бурч, бу Худонинг инъомидир. Қадимги Исроилда бошқа давлатлардан кўра бола жуда муҳим ўринга эга эди. Исроилда олий маълумот Муқаддас китобни ўрганишдан иборат эди. Болаларни ҳаётга тайёрлашида энг муҳими бу Худони таниб билиш ва Унинг хоҳишини билиш эди.
Бизнинг фарзандларимиз ҳам бу дунёда ўз ўринларини ва уларнинг ҳаётида Худонинг ўрнини тушунишлари лозим деб ўйлайман. Яҳудийлар бола тарбиясининг нафақат руҳий, балки ҳаётнинг амалий томонига ҳам эътиборларини қаратишган. Оталар одатда ўғилларига қандайдир хунарни ўргатишлари керак эди, токи улар катта бўлганларида ўз оилаларини боқишлари учун. Қиз болага эса кўпроқ уй юмушларини ўргатишарди. Биласизларми, шу каби амалий ишлар болага дадиллик беради.
Агар биз уларни ўрнига ҳамма ишларни қилиб юрсак, яхши иш қилмаган бўламиз. Баъзи ота оналар фарзандларини аяб уларнинг ўрнига барча ишларини қилиб юрадилар. Натижада эса данкаса, ишёқмас ва ҳаётга мослашолмайдиган инсонлар бўладилар. Институтда биринчи курсда ўқиганимда битта курсдошимни бувиси олиб кетгани келарди. Неварасига бутербродларни қўлига тутқазиб ўзи уни рюкзагини елкасига осиб уйга кетишарди. Ё йиғлашни ё кулишни билмайсиз ўша пайтда.
Тариҳ, ушбу тарбия системаси ўзини оқлаганини кўрсатди. Худди шу нарсани биз Исо Масиҳнинг тарбиясида ҳам кўзатишимиз мумкин. Марям билан Юсуф Исонинг нафақат руҳий тарбияси ҳақида қайғуришган, Унинг тарбияси амалий ҳам бўлган. Исо хунарни ўрганган. Марк Хушхабарида олтинчи бобининг учинчи оятида ёзилган: “Дурадгор Исо бу эмасми?” Яна Исонинг болалиги ҳақида Луқо Хушхабарида иккинчи бобининг иллик иккинчи оятида шундай сўзларни ўқишимиз мумкин:
“Шундай қилиб, Исо заковатда ҳам, ёшда ҳам улғайиб бориб, Худо ва бандаларнинг меҳрини қозонар эди”. Бу оят бизга инсон шаҳсиятининг ўсишининг тўртта йўналиши ҳақида гапиради, яъни интеллектуал, жисмоний, руҳий ва социал томонларидир. Бу оят бизга Исонинг инсонлигини кўрсатади. У одам каби ривожланарди ва биз ҳам фарзандларимизни тарбиялаганимизда мана шу тўртта томонини эсимиздан чиқармаслигимиз лозим.Шундай қилиб, азиз ота оналар, тарбия вазифаси қийин ва жавобгар ишдир. Худованд биздан нимани кутади? Ўзимизни тулиқ бағишлашимизни. Боланинг жони учун курашув ҳар куни ҳар эрталабда бошланади. Биз эса куч қувватга мухтожмиз. Ва мана шу кучнинг манбаи бу албатта Исо Масиҳдир. Фақатгина У бизга доно, яхши ва Худога маъқул ота она бўлишга ёрдам бера олади.Шунинг учун азиз тингловчилар, фарзандларимизнинг тарбиясига беэътибор бўлмайлик. Фарзандларимиздан вақтимизни, кучимизни, севгимизни аямай, ўзимизни тўлиқ бағишлайлик. Шу билан сизлар билан хайрлашамиз ва сизларга соғ саломат тилаб қоламиз. Келгуси радиоэфир орқали учрашгунча хайр.