Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Сиз азизлар билан яна радио тўлқинлари орқали учрашиб турганимиз учун Отамиз Худовандга шукроналар айтамиз. Микрофон олдида мен Ғолиббек. Агар бозорга борсангиз истаган хилдаги кийим-кечакларни харид қилишингиз мумкин.
Эски модага лойиқми ёки ҳозирги замонавий кийимлар дийсизми, барчаси мавжуд. Лекин ҳозирги ёшларга эътибор берсангиз, деярли ҳар куни янги турдаги кийимларни кийганига кўзимиз тушади. Кўпчиликнинг фикрича, одамни ўзига қаратишнинг энг осон йўли, у хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл бўлсин бу уларнинг кийиб олган кийимлардир.
Буни кундалик ҳаётимиздаги фильмлар орқали ҳам, газета журналлар орқали ҳам билиб олишимиз қийин эмас. Шайтон шундай йўл тутмоқчики, айниқса аёлларда, эътиборни ўзига қаратувчи кийимлар орқали, бошқаларда уларга нисбатан, ички бир хоҳиш туйғусини уйғотмоқчидек. Яъни жинсий алоқа қилиш хоҳиши.
Айниқса аёллардаги ёки ёш қизлардаги калта юбкалар, деярли ярмигача йиртилган куйлаклар, қолаверса хаддан ташқари тор шимлар бошқаларни ўзига жалб қиладиган кийимлар ҳисобланади. Бу нарсани фақатгина аёлларда деб айтиш унчалик тўғри бўлмас. Эркаклар ҳам хаддан ташқари тор шимлар ёки майкалар кийиб бошқаларни ўзига жалб қилишади.
Муқаддас китобда айтилгани каби, васваса ким орқали келса шуни ҳолига вой. Айниқса чўмилиш жойларидаги чўмилиш кийимларини кўриб ёқа ушлайсиз. Деярли ҳеч қандай кийим йўқдай. Азиз радио тингловчи дўстлар, агар кимдир шу орқали кимнидир ўзига қаратмоқчи бўлса, ёки кимнидир васваса қилмоқчи бўлса шуни яхши билиши керак — бу танлаган йўлингиз жуда хавфлидир.
Оқибати эса жуда ачинарли бўлиши ҳам мумкин. Бир полиция ходими шундай деб айтган экан: ”Қизлар бошқаларни устидан шикоят қилманг, аксинча одоб билан кийинишни ўргансангиз ҳаммаси ҳал бўлади деб”. Тўғри кийим инсонни қандайдир хавфдан қутқармайди. Лекин ҳар бир инсон ўзи ҳақида ўйлаётганидан дарак беради.
Ўйлаймизки, бугунги гапларимиздан кейин масиҳий дўстларимиз ўз кийиниш услубларига яна бир бор қараб чиқадилар. Бу гапимиз билан биродарларни айибламоқчи эмасмиз. Ҳозирча биродарларимиз кийиниши хаддан ташқари эмас десак ҳам бўлади. Бугунги айтганларимиз келажак учун ва фарзандларимизнинг кийиниш усулларига яна бир бор эътибор қаратишимиз учун айтилган эди холос.
Балки бугунги айтган гапларимиздан кимнингдир жаҳли ҳам чиқар. Бу нормал ҳолат. Чунки ҳамманинг хоҳиши ўзида, биз ҳеч кимга бундай кийим кийгин деб айта олмаймиз. Шундай экан ҳурматли радио тингловчи биродарлар, ўзимизга ярашган кийимларни танлашда адашмайлик. Яна радио орқали учрашгунча хайр, соғ саломат бўлинглар.