2:56

Воизлик 105

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Сиздек азиз тингловчиларимиз борлиги учун Отамиз Худовандга яна бир бор миннатдорчилик билдирамиз. Бугун микрофон олдида мен Ғолиббек. Келинг ҳурматли радио тингловчи биродарлар, бугун жамоатлар ва уй гуруҳлари ҳақида суҳбатлашсак.

Худованд ҳар хил йўллар билан уй гуруҳларини ва катта жамоатларни ташкил қилади. Айниқса уй гуруҳлари ташкил бўлишида битта биродарни ҳам ишлатиши аниқ. Айниқса ҳозирги кунда уй гуруҳлари кундан кунга кўпайиб бормоқда. Лекин шу ташкил қилинган гуруҳларни меники деб, кимдир инсонавий фикр қилмаслиги керак.

Биз эга бўлган барча нарсаларимиз Отамиз Худовандга қарашлидир. Шу жумладан жамоатлар ҳам. Тўғри, кимдир шу жамоат ёки уй гуруҳига бошчилик қилиши мумкин. Душмандан ҳимоя қилиш, тўғри таълимотни ўргатиш жамоат бошининг хизматига киради. Ҳозирги кунда бир нарса устида бош қотириш жуда маъқул бўларди.

Яъни қандай қилиб уй гуруҳларини янадa кўпайтиришимиз мумкин? Бироз қўполроқ бўлсада бир иборани келтириб ўтишни ўзимизга жоиз деб билдик: “Туриб қолса, сув ҳам сасийди”- деб бежиз айтишмаса керак. Бу айнан жамоатларнинг ва уй гуруҳларининг ўсиб бориши учун айтилгандек.

Агар у хоҳ уй гуруҳи бўлсин, хоҳ жамоат бўлсин, ўсиш бўлмаса айрим муаммолар келиб чиқиши мумкин. Тўғрироғи муаммолар бор бўлиши мумкин. Ўйлаймизки, жамоат бошлиқлари бир жойга тўпланишиб муаммони учи қаердалагини Худованддан ибодат орқали сўрасалар, У албатта кўрсатади.

Менга бир чўпон шундай деб айтган эди: “Агар уй гуруҳи аъзолари доимо Хушхабар тарқатиб одамларга нажот борлигини кўрсатишини истасангиз, чўпоннинг ўзи ҳам хушхабарчи бўлиши лозим”. Демак аъзолар доимо ўз бошлиқларидан ўрнак олишади. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, агар гуруҳлар кўпайиб бормас экан, уларнинг руҳий ўсишлари ҳам тўхтаб қолади.

Натижада эса имонлилар ҳам кўпаймайди. Ахир ҳар биримизнинг олий мақсадимиз — бутун дунёдаги одамзот Раббимиз Исо Масиҳ билан жаннатда бирга бўлсин деган яхши умиддамизку. Уй гуруҳларидаги мақсад фақатгина ўз гуруҳидаги имонлиларнинг сони ошиб бориш эмас, уй гуруҳларининг сони ошиб бориши бўлмоғи керак.

Демак гуруҳларнинг сони ошиши учун ҳар бир биродар сидқидилдан Отамиз Худованд учун хизматда бўлмоғи зарур. Кимдир ибодат орқали, кимдир Хушхабар айтиш орқали яна кимдир шогирдлик қилиш билан хизмат қилиши мумкин. Умуман Худовандга хизмат қилмоқчи бўлган биродарларимиз учун хизмат етарлидир. Худованд ҳар бир уй гуруҳини ва жамоатларни марҳаматласин, деб сиз азиз тингловчиларимиз билан хайрлашамиз. Омон бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top