Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Ҳаво мавжларида яна сизлар билан учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Микрофон олдида эса мен Ғолиббек. Ибтидо Китобининг 3 боби 1 ҳамда 15 да Одам Ато ва Момо Ҳавони васвасага солган илон ҳақида ёзилган.
Бу илон шайтоннинг айнан ўзгинаси эди. Гапларимизни тасдиғи сифатида Ваҳий китобидан 12 боб 9 оятни ҳамда 20 боб 2 оятларини ўқиб кўришингиз мумкин. Тавротда, Пайғамбарлар Китобларида ва Забурда иккита парча мавжуд. Бу парчалар Муқаддас Китоб олимлари томонидан кўп йиллардан бери шайтоннинг илк ўрни ва бу ўринни у қандай қилиб йўқотганлиги ҳақидаги далил сифатида ўрганиб келинмоқда.
Улар Ишаъё пайғамбар Китоби 14:12-15 ва Ҳизқиё пайғамбар Китобидан 28:11-19 оятлари олинган. Аввалига бу оятлар Бобил ва Тир шоҳларига тегишли бўлган. Бироқ уларнинг кўп маъноли матни кўпгина изланувчиларга бу ерда шайтоннинг ўзи назарда тутилган, деб тахмин қилишларига йўл беради.
Ҳизқиё пайғамбар Китоби 28:12-15 да «илоннинг» гуноҳга ботиб, самодан ҳайдалгунга қадар бўлган пайти тасвирланади. У Худо ҳузуридаги ўзининг юқори лавозимидан ва атрофини ўраб турган самовий ажойиботдан ҳузурланарди. У «мойланган… қўриқловчи» деб аталиб, унга Худо ҳузурида юқори ва обрў-эътиборли мартаба берилганди.
Ишаъё бу олий фариштани «Тонг юлдузи, шафақ ўғли» деб таърифлаган Ишаъё Китоби 14:12. Азиз радио тингловчи биродарлар. Муқаддас Китобни ўрганаётган ҳар бир киши, шайтон Худонинг энг катта душманига айлангач, бу нуфузли номлардан бенасиб қолганлигига эътибор бериши керак. У гуноҳга ботгунга қадар савлатли, донолик ва гўзаликда тўкис ҳамда бенуқсон бўлган деб айтади Ҳизқиё Китобининг 28:12,15.
Аммо мағрурлик шайтонни тамоман гуноҳга ботирди. У ўз кўркамлигидан мағрурланиб кетди, мағрурлик эса доноликдан устун келди. Бундан кўриниб турибдики, шайтон мағрурланишгача олиб келган ғоят катта мавқега эга бўлган.
Иблиснинг гуноҳини кўрсатадиган «Мен шундай, шундай шундай қиламан» деган бешта тасдиқ мавжуд.
У Худонинг ҳузурига киришни ва бошқа фаришталар устидан ҳоким бўлиб, ўз тахтини ўрнатишни истаб қолади. Иблис «Қодир Худога» ўхшашни хоҳлайди. Айнан шунинг учун Худо уни самодан пастга улоқтириб ташлайди. Шундан кейин у Худовандга ва Унинг ердаги барча фарзандларига қарши руҳий жанг қилиб келмоқда. Ҳурматли радио тингловчи биродар, доимо Худованддан ибодат орқали бошқа биродарлар учун ҳам ҳимоя сўрайлик. Шуни билишимиз керакки, токи Худованднинг ҳузурига боргунга қадар руҳий жанг давом этаверади. Шу жангда эса Отамиз ва Раббимизнинг ёрдами ила ғолиб чиқамиз. Яна радио орқали учрашгунча хайр саломат бўлинглар.