3:10

Воизлик 118

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи азиз биродарларимиз. Эфирда яна сиз азизлар учун берилиб борилаётган эшиттиришларимиздан бири. Микрофон қаршисида эса мен Ғолиббек. Азиз радио тингловчилар, агар дунёдаги инсонлардан бағишлаш нима деб сўрасангиз, ўзингиз кутган жавобдан бошқачароқ жавобни эшитишингиз мумкин.

Чунки Худовандга ишонадиган кишилар ва дунёвий кишилар кўпинча бир-бирига қарама-қарши бўлган фикрлар билан юришади. Дунёвий киши бағишлаш деганда, балки ўзини ишга, бизнесга ёки оилага бағишлашни тушуниши мумкин. Лекин художўй киши, ўйлайманки, албатта, бағишлов деганини Худовандга нисбатан бағишлаш деб билади.

Лекин бағишлаш ҳам икки хил бўлиши мумкин экан. Биринчиси — ўзини тўлиқ бағишлаш, иккинчиси — ўзини ярим-ёрти бағишлашдир. Албатта, Худовандга ўзини бағишловчи киши ўзини юз фоиз бағишласа, Худованд билан бемалол мулоқот қилади деб айта оламиз. Лекин ҳали ўзини тўлиқ бағишламаган инсон кўп нарсада Худовандга нисбатан иккиланиб қараши мумкин.

Оддий бир мисол билан айтадиган бўлсак, бирон-бир бемор учун ибодат қилганимизда, ҳали бағишланмаган киши иккиланиши мумкин. Иккинчи қахрамонимиз эса албатта шифо топади деб, Худованддан умид қилиб ишона олади. Айниқса бугунги гапираётган мавзуимиз кўпроқ хизматчиларимизга тааллуқлидир.

Сабаби, ўзини Худовандга тўлиқ бағишламаган киши қандай қилиб хизмат қилиши мумкин? Шу ўринда бир чўпоннинг айтган гапларини эсладим. Ўзини тўлиқ бағишламаган киши, ўзини Худованднинг хизматидан тийиб тургани яхши деган эди. У чўпоннинг айтишича, агар инсон ёки чўпон Худовандга хизмат қилганида чин юракдан хизмат қилмаса, жамоат аъзолари ҳам худди шундай йўл тутишга ўрганиб қолишади.

Шунинг учун ҳам ҳар бир чўпонларнинг масиҳийлик ҳаёти даврида ўзини тўлиқ Худовандга бағишлай олиш жуда муҳим экан. Худовандга чин юракдан ишонадиган инсонгина ҳеч қандай муаммоларга қарамай ўз йўлида давом эта олади. Масалан, дунёдаги инсонлар билан художўй инсонлар, юқорида айтганимиздек, бир фикрни икки хил таърифлаши мумкин.

Дунёвий киши айтади, инсоннинг умри қисқа, шунинг учун ҳам, умримизни кайфу сафо қилиб ўтқазишимиз керак деб. Яъни, ҳаётнинг мазмунини ичиш, чекиш, ёки бошқалар билан зино қилишда деб билишади. Лекин сиз ҳаёт мазмунини Худованд билан биргаликда, ичмасдан, чекмасдан, зино қилмасдан ўтқазиш ҳам мумкин деб айтсангиз, устингиздан кулиши аниқ. Ёмонлик қилувчиларнинг отаси ким? Албатта шайтон. Инсонларни муқаддасликка чорловчи ким? Албатта Худованд. Шунинг учун ҳам доимо бир хил гапдан икки хил фикрлар пайдо бўлади. Азиз радио тингловчи биродарлар, ўзимизни Худовандга тўлиқ топширишга ўрганайлик, шунда Худованд бизни марҳаматлашни бошлайди. Хайр саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top