3:23

Воизлик 119

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Яна эфирда сизлар учун тайёрлаган эшиттиришларимиздан бири. Мен Ғолиббек микрофон қаршисидаман. Азизлар, келинг бугунги эшиттиришимиз орқали Худованднинг каломидан сизлар билан Худонинг инъомлари ҳақида бўлишайлик. Азиз радио тингловчилар, Худованд яҳудийларнинг ҳаётини сақлаб қоладиган янги қонун ёзилишида Мардохейдан қандай фойдаланганини биз яхши биламиз.

Ўзимизга оддий бир савол бериб кўрайлик. Мардохей ўша қонунни умуман ёзмаганида нима бўларди? Албатта, унинг халқи ҳалок бўларди. Бу нарса эса бизга, Худованд мен ва сиз учун нима қилганини эслатади. Худованд дунёни яратганда, дунё муккамал эди, чунки Худонинг Ўзи муккамалдир. У муқаддас, бу дегани У ҳеч қачон гуноҳ қилмайди.

Худованд биринчи эркак ва аёлга, яъни Одам Ато билан Момо Ҳавога фақат битта амрни берган эди. Бироқ Худога итоат қилиш ўрнига, Худованд яратган одамлар гуноҳни танладилар. Ўша пайтдан бери барча одамлар гуноҳ қилиш “хоҳиши” билан туғилмоқдалар. Шунинг учун бизнинг нотўғри фикрларимиз, гапларимиз ва нотўғри ҳаракатларимиз Худога ёқмайди.

Қачонки инсон кимгадир муштлари ёки ўзининг гаплари билан оғриқ келтирсагина гуноҳ қилган бўлмайди. Инсон табиатан гуноҳкор бўлиб дунёга келади. Агар у ўз гуноҳларини Худованд олдида тан олиб барча гуноҳлари учун кечирим сўрамас экан, гуноҳкорлигича қолаверади. Гуноҳ юқорида айтганимиздек ҳар хил бўлади. Ҳатто биз гуноҳ эмас деб ўйлаган фикрларимиз ҳам гуноҳ бўлиши мумкин.

Масалан: қачонки инсон кимнидир, у бошқача бўлгани учунгина писанд қилмаса, яъни бошқаларни менсимаса демоқчимиз, бу ҳам гуноҳ саналади. Ҳатто биров ҳақида ёмон фикрлаш ҳам гуноҳ саналади. Бундан ташқари инсон яна қандай гуноҳларни қилиши мумкин? Албата бу саволга жавоб бериш учун рўйхатни узоқ вақт давомида келтиришимиз мумкин.

Худонинг гуноҳ ҳақида қонуни бор. Азизлар, кўпчилигимиз балки уни билмаслигимиз мумкин. Албатта, бу қонунни биз Худонинг каломи бўлмиш Муқаддас Китобдан топамиз. Бу қонун, биз ҳатто бир маротаба гуноҳ қилсак ҳам эвазига нимага дучор бўлишимизни айтади, яъни руҳий ўлимга. Бу эса, Худони бу ҳаётда билмаслик ва ҳеч қачон Осмонга Худованднинг ҳузурига бормасликни англатади.

Энди ўйлаб кўрайлик: биз инсонларнинг қанчамиз шундай руҳий ўлимга дучор бўламиз? Бу оятнинг иккинчи қисми бўлмаганида, бу оят Муқаддас китобдаги балки энг оддий оят бўлиб қолиши хам мумкин эди. Ушбу оят Римликларга мактубининг 5 боби 8 оятида ёзилган: “Лекин биз ҳали гуноҳга ботган чоғимизда, Масиҳ биз учун ўлди. Бу Худонинг бизга бўлган муҳаббатидан далолатдир”. Худованд бизни севгани учун Раббимизни шу ўлимга юборди ва бизни ўлимдан асраб қолди. Худойимизга ҳамду санолар бўлсин. Хайр.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top