3:07

Воизлик 117

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сиз азиз тингловчиларимиз билан радио тўлқинлари орқали дийдор учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Бугун мен Ғолиббек микрофон олдидаман. Азизлар, бугунги эшиттиришимизни Забур оятларидан бошлашни жоиз топтик: “Гуноҳларимдан юзингни ўгиргин, барча ёмонликларимдан кечиб юборгин”.

Забур эллигинчи сано, ўн биринчи оят. Кўпинча инсонлар Худовандга шу гапларни айтишни эсларидан чиқарадилар. Лекин шу айтиб ўтган оятларимиздан шуни кўриш мумкинки, Худовандга гуноҳларимиз учун кечирим сўраб тавба қилишимиз мумкин экан. Инсон шундай бир жонзотки, қачонки боши бирон деворга урилганидагина қилган ишлари тўғрисида ўйлай бошлайди.

Лекин бир нарсани яхши билиб олайлик. Худовандга гуноҳларимиз учун тавба қилишга ҳеч қачон кеч эмас. Баъзи пайтларда масиҳий инсонлар ҳам Худованд тўғрисида жуда кўп маълумотга эга бўлиши мумкин. Ҳатто бир неча йиллардан бери Худовандга эргашиб юрган бўлиши ҳам мумкин. Шу билан бирга айрим Худованднинг олдида тавба қилиши керак бўлган муҳим нарсаларни эсдан чиқариш мумкин.

Шунинг учун ҳам, азизлар, ҳар бир Масиҳга ишонувчи киши ўзининг босиб ўтган ҳаёт йўлини бирма-бир текшириб чиқиши лозим. Бундай деб айтишимизга сабаб, Худованд Муқаддасдир, инсонлар эса фақатгина гуноҳсиз Унинг ҳузурига бора оладилар. Ҳар бир масиҳий инсон жуда кўплаб ваъзлар эшитиши мумкин. Турли семинар ва конференцияларда иштирок этиши мумкин.

Ҳатто нима учундир рўза тутиб Худовандга яқинроқ бўлишни истаймиз. Лекин барча олаётган руҳий озуқалар бизга фойда келтириши керак. Эшитган гапларимизнинг камчиликларини қидирмайлик. Балки ҳаётимизга қўллашни ўрганайлик. Шундагина Худовандга янада яқинроқ бўламиз. Эшитаётганларимиз эса бизга фойдали бўлиб хизмат қилади.

Ҳар доим яхшилик сари одим ташлашга одатланиш, Худованднинг инсонлар орасида амалга оширмоқчи бўлган мақсадидир. Юқорида айтиб ўтганларимизни амалга ошириш орқалигина фақат Худовандга, қолаверса биродарларгагина фойдали бўла олишимиз мумкин экан. Раббимиз Исо Масиҳнинг иккинчи бор ер юзига қайта келиш вақти борган сари яқинлашмоқда.

Буни дунёда содир бўлаётган воқеликлар орқали ҳам билишимиз мумкин. Шунинг учун ҳам, азизлар, бугунги эшиттиришимиз орқали дунёдаги инсонларнинг тавбаси ҳақида эмас, аксинча, Худовандга ишонадиган масиҳий инсонларнинг тавбаси ҳақида сўз юритдик. Шундай экан, доимо тайёр бўлиб Раббимиз Исо Масиҳни хурсандчилик ила кутиб олайлик.

Азиз радио тингловчилар, бугунги суҳбатимизни шу ерда якунлар эканмиз, ҳар бирингизга тинчлик-омонлик, оилангизга эса фаровонлик тилаган ҳолда хайрлашамиз. Яна радио орқали учрашгунча хайр, соғ бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top