Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Яна эфирда сиз учун тайёрланган эшиттиришларимиздан бири. Микрофон олдида эса мен Ғолиббек. Азизлар, бугунги эштттиришимиз орқали сизлар билан Худованднинг каломи асосида бўлишмоқчимиз. Ҳурматли биродарлар, хоҳ ибодатхонада бўлсин ёки бирон бир семинар, конференцияда бўлсин, сиз билан биз кўп маротаба мағрурлик ҳақида эшитган бўлсак керак.
Мағрурлик нима ўзи? У инсонга қандай салбий таъсир қилиши мумкин? Мағрурлик, албатта, инсоннинг ичида бўлади десак тўғри бўлади. Балки у бошқаларга унчалик сезилмаслиги мумкин. Лекин унинг оқибатлари барибир яхшиликка олиб келмайди. Чунки Худованд ҳам мағрурларга қарши. Азиз радио тингловчи, агар сизга юқоридаги саволни берсак, мағрурликни нима эканлигини аниқ айтиб бера олишингизга ҳеч ҳам шубҳа қилмаймиз.
Мағрурлик, бу ўзинг ҳақингда кераклигидан ортиқ ўйлаш. Бу дегани инсон ўзини аслида қанақа эканглигини кўрмаслиги мумкин. Лекин Худованд эса ҳар биримизни қанақа эканлигимизни жуда яхши билади. Биз Аман ҳақида эшитганмиз. Унинг битта муаммоси бор эди, яъни унинг мағрурлиги. Лекин мағрурлик, бу бугунги кундаги ҳар бир инсондаги муаммо десак ҳам ёлғон бўлмайди.
Мағрурлик ташқаридан келмайди, у ичимизда. Бу эса инсондаги юрак билан бўлган муаммодир. Муқаддас китоб: “Инсон юраги барча нарсалардан маккор ва ўта бузуқдир: уни ким била олади?” — деб ёзади Еремиё китобининг 17 боб 9 ояти. Инсонни юраги, сен, аслида яхшироқ деган фикрлар билан алдаши мумкин. Масалан: менда ҳеч қандай гуноҳ билан муаммоим йўқ. Бошқа инсонлар ёмон ишларни қиладилар, лекин мен эмас.
Ёки аввал Худовандга ёқмайдиган нотўғри нарсаларни, яъни гуноҳ ишларни қилиб, улар аслида ёмон эмас деб уйлашимиз ҳам мумкин. Бироқ инсон ўз юрагини қанчалик тоза деб уйламасин Худованд ҳақиқатни билади. Худованд, биринчи эркак ва аёл, яъни Одам Ато билан Момо Ҳаво гуноҳ қилганларидан бери, ҳар бир одам гуноҳкор бўлиб туғилишини, Худо айтгандай эмас, аксинча ўзим хоҳлагандек қилишни “истайман” деган хоҳиш билан дунёга келишини жуда яхши билади.
Шунинг учун биз уйлаганимизда, гапирганимизда гуноҳ қиламиз ва Худонинг севгисини барбод қиладиган ишларни тап тортмай амалга оширамиз. Умуман Худовандга қарши гуноҳ қилишнинг катта ва кичиги бўлмайди. Оддий кичкинагина ўғирлик ҳам Худованднинг кўз ўнгида гуноҳ саналади. Яна бир мисол: агар кимдир кимнидир ёмонласа ёки сизнинг ёрдамингизга муҳтож бўлганлардан юз ўгирсангиз ҳам гуноҳ қилган бўламиз.
Гуноҳ дунёга кўплаб оғриқ келтиради. Лекин энг даҳшатлиси, гуноҳ инсонни Худодан ажратади. Гуноҳ кечирилмагунча эса Худодан абадий ажралган бўламиз. Яна радио орқали учрашгунча хайр саломат бўлинглар.