3:26

Воизлик 122

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Сиз азизлар билан яна радио тўлқинлари орқали соғ-омон учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Бугунги эшиттиришимиз давомида мен Ғолиббек сиз азизлар билан бирга бўламан. Ҳурматли биродарлар, кўпчилик дўстларимиз каби, масиҳий биродарларимиз учун ҳам бошқаларга кечирим бериш ҳар доим ҳам осон бўлавермайди.

Шундай экан, келинг, азизлар, бугун сизлар билан шу мавзу бўйича ўз фикримиз билан ўртоқлашсак. Кечирмаслик ҳиссини кўпинча кимдир биздан қарздор бўлган ҳолатга таққослашади. Биз ўзимизни бошқара олмайдиган даражада ғазабга минсак ҳам, жахл қилсак ҳам, агар қарздор қарзини қайтара олмаса, буларнинг ҳеч бири фойдаси бўлмайди. Агар кечиришга қийналаётган бўлсангиз, айбдор шахс вазиятни ўзгартириш учун ҳеч нарса қилолмайди.

Ахир, тўлиқ товон ўрнига қисман товон тўлаш мумкин эмас-ку. Йўқотган қизингиз ёки ўғлингиз ўрнини нима ҳам тўлдира олади? Ëки ифлос фисқ-фасод гаплардан кейинги шармандаликни ювиб ташлаш мумкинми? Жабр кўрган киши учун фақат биргина йўл бор. Яшашда давом этиши учун йўқотишга кўниши ва «қарз»ини кечиб юборишга рози бўлиши керак.

Раббимиз Исо Масиҳга ишониб, Худованд олдида тавба қилганимиздан кейин, хеч биримиз мукаммал инсон эмаслигимизга амин бўлдик. Биз доимо Худони ранжитамиз. Унинг олдидаги қарзларимизни тўлай олмаймиз. Бизга кечирим сўрашдан бошқа йўл йўқ. Худованд раҳмдиллигининг эса чеки йўқ. Биз кечирим сўрасак, У кечиради. Унинг муҳаббати билан хочда қарзларимизга тўлов тўланган.

Бироқ бир «лекин»и бор. Биз Худонинг муҳаббатини қозонишга қодир эмасмиз. Биз ҳеч қачон Унинг муҳаббатини қозона олмаймиз. Бу кўпроқ чиндан ҳам унинг муҳаббатини тушунган-тушунмаганимизни кўрсатадиган синовга ўхшайди. Масиҳ бу ҳақида шундай дейди: Худо бағрикенглик қилиб, миллионлаб кишиларни кечирди. Агар биз Унинг қурбонлик тўловига ишонсак, унда шак-шубҳасиз, бор йўғи бир неча юз кишига кечирим беришдан бош тортишга ҳаққимиз йўқ.

«Бизга гуноҳ қилганларни биз кечиргандек, Сен ҳам бизнинг гуноҳларимизни кечиргин.» Бу Исо Масиҳ шогирдларига ўргатган ибодатдан олинган сўзлар. Бу қаторни У кейинчалик алоҳида айтиб ўтди. Бизни кечирадиган Худо, биздан бошқаларни ҳам кечиришимизни истайди. Демак, биз кечиришимиз керак бўлган икки сабабни аниқлаб олдик: хафалик ҳисси бизга зиён етказади ва кечирим бермайдиган юрак Худони ранжитади.

Сизни қаттиқ хафа қилган инсонга нисбатан кечирим бериш анча мушкул, лекин ўзингизда куч топиб, кечирим бера олсангиз ўзингизда шундай бир енгиллик ҳис қиласиз. Фақат сизнинг кечиримингиз юрагингизнинг туб-тубидан чин кўнгилдан бўлиши керак. Азизлар, агар кечирим беришга қийналсангиз Худовандга ибодат қилиб ёрдам беришини сўранг. Ҳамма нарсага қодир Худо сизга кечирим бериш учун куч бера олади. Азизлар, яна радио орқали учрашгунча хайр.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top