Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Эфирда яна сиз азизлар учун берилиб борилаётган эшиттиришларимиздан бири. Мен Ғолиббек эса микрофон қаршисидаман. Муқаддас Каломнинг бошидан охирагача қараб чиқадиган бўлсак, ўзимизда пайдо бўладиган барча саволларга жавоб топиш мумкин.
Келинг азизлар, бугунги эшиттиришимизда ҳар биримизга ёшлигимиздан яхши таниш бўлган, балки бу сўзни эшитганимизда бироз этимизни ҳам жунжиктирган жинлар ҳақида сўз юритсак. Жинлар ҳам жуда кучли бўлган махлуқ десак нотўғри бўлмас, аммо улар ҳамма нарсани қилишга қодир эмаслар. Гадаралик одам, ичида яшаётган жинлар ёрдами билангина кишану занжирларни узиб ташлай олган.
Бу одам ўта кучли бўлгани учун ҳам уни ҳеч ким боғлай олмасди, деб айтади Марк китобининг 5 боби 3 ва 4 оятлари. Марк Хушхабар китобининг 9 боби 17 оятидан то 27оятида тасвирланган болакай ўзини ўтга, сувга ташлаб, жонига қасд қилмоқчи бўлади. Болакайнинг ичига кириб олган жин ўз таъсирини ўтказиб, уни ҳалок қилмоқчи бўлади, аммо уддасидан чиқолмайди.
Жинга йўлиқиш натижасида бир одам соқов бўлиб қолган (Матто 9 боб 32 оят). Бир қиз эса бешафқат азоб-уқубатга дучор бўлган (Матто 15 боб 22 оят). Аммо жинлар қанчалик кучли бўлмасин, уларнинг куч-қудрати албатта чеклангандир. Улар ҳеч қачон Худо қилган ишни қилолмайдилар, бу ҳақида Юҳанно мактубининг 10 боби 21 оятидан ўқиб кўришингиз мумкин.
Жинлар ҳеч қачон ўз куч-қудратлари билан Худонинг муқаддас ва қудратли хусусиятларига тенг келолмайдилар. Умуман олганда, жинлар ҳам худди иблис каби Худонинг режаларини ҳар турли усуллар билан барбод қилишга ҳаракат қиладилар. Бундай ҳаракатлар иблиснинг фаолиятини янада кенгайтиради. Сон-саноқсиз жинлар иблиснинг хизматкорларига айланадилар.
Гўё иблис бир вақтнинг ўзида ҳамма ерда ҳозирдек кўриниши мумкин, аслида бундай эмас. Биринчидан, жинлар турли хил касалликларга дучор қилиши мумкин. Матто Хушхабар китобининг 9 боби 32 ва 33 оятлари хамда Луқо Хушхабар китобининг 13 боби 10 ва 16 оятлари шу ҳақида гапиради. Айнан Луқо китобидаги шу бобда «ёмон руҳ» туфайли қадди букилган аёл ҳақида гапирилади, бу аёлни «ўн саккиз йилдан бери шайтон боғлаб қўйган» эди.
Баъзан руҳий ёки жисмоний касаллик билан жин фаолияти ўртасида ўзаро боғлиқлик бўлади. Бироқ бу нарсани ҳар доим ҳам аниқлаб бўлмайди. Шунинг учун жисмоний ёки руҳий касалликни ёвуз руҳларга боғламоқчи бўлган киши жуда эҳтиёткор бўлиши керак. Яна бир бор эслатиб ўтаман: Худо йўл берган тақдирдагина иблис турли хил оғриқ-касалликларга одамларни дучор қилиши мумкин (2 Коринфликларга мактуби 12 боб 7-10 оятлар). Хуллас азиз тингловчилар, шайтон ва унинг ёрдамчилари фақатгина инсонларга ва Яратувчимизга қарши бўлган махлуқдир. Шунинг билан бугунги эшиттиришимизни шу жойда якунласак-да ва сиз, азиз тингловчиларимиз билан хайрлашсак. Хайр саломат бўлинглар.