3:29

Руҳий ғалаба 258

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сизлар билан эфир орқали учрашиб турганимдан бағоят миннатдорман. Ўйлаймизки, биз тайёрлаётган эшиттиришларимиз сиз азиз радио тингловчилар учун манзур бўляпти. Азиз радио тингловчи биродарлар, Муқаддас каломдан барчамизга яхши таниш бўлган бир ажойиб оят билан бугунги эшиттиришимизни бошламоқчи эдим. “Ҳушёр ва бедор бўлинглар. Душманингиз иблис бировни ютиб юбориш учун, шердай бўкириб кезиб юрибди. Дунёнинг ҳар ёғидаги биродарларингиз худди шундай азобларга дучор бўлаётганларини билиб, мустаҳкам имон билан иблисга қарши туринглар”.

Ушбу оятлар Муқаддас каломнинг 1 Бутурус китобининг 5 боби 8 ва 9 оятларида битилган. Азизлар, ушбу оятга бизнинг муносабатимиз жуда жиддий бўлиши керак, бундан ташқари ҳушёр бўлиб доимо руҳий тайёр туришимиз лозим. Бизнинг ҳатто фикрларимиз ҳам шамолда тебранадиган дарахтга асло ўхшамаслиги керак. Фикримиз чалкаш, тартибсиз ва фақат ўзимиз ҳақимизда қайғурувчи бўлса, шайтон биз масиҳийларни гуноҳ қилдириб, ашёвий далил устида қўлга туширмоқчи бўлиб пойлаб юради. Азизлар, агар шернинг ов қилиш усулини билсангиз, у доимо ўз ўлжасини панада писиб ётиб пойлайди ва қулай пайт келганида орқасидан ҳужум қилади.

Агарда ўлжа қочиб қоладиган бўлса, унинг ортидан маълум жойгача қувиб боради. Ўлжа чарчаб қолганини сезиб, унинг оёғидан чалишга ҳаракат қилади. Шунинг учун ҳам ушбу оятда шайтонни шер каби моҳир овчидек тасвирлаб берган. Шер ҳеч қачон ўзини ўлжага кўрсатиб, бирданига олдидан чиқиб ҳужум қилмайди. У каби шайтон ҳам ҳеч кимга олдиндан айтиб, кейин ўзининг ўлжасига ташланмайди. Шер доимо ўз ўлжасини қўлга киритганидан кейин, уни тилка-пора қилишдан аввал ўкириб ўзининг ғалабасини нишонлайди. Шундай экан Худованднинг каломи биз масиҳийларни доимо ҳушёр бўлишга чақиради.

Азиз радио тингловчи, барча масиҳий биродарлар мустаҳкам имонга эга бўлишни истаса керак. Ундай бўлса ёвузликдан қочинг ва Худога яқинлашинг. Агарда шайтон ёки танавий эҳтирослар, васвасаларга қарши туришимизга халақит қилаётган экан, тўхтаб Каломда ёзилганидек қўлимиздан келгунича қаршилик кўрсатайлик. Ёқуб китобининг 4 боби 7 оятида шундай далда берувчи оят ёзиб қўйилган: “Шундай қилиб, Худога итоат қилинглар. Иблисга қарши туринглар, шунда у сизлардан қочади”. Раббимиз Исо Масиҳга қанчалик яқинлашиб борсак, бу дунёда шунчалик қаршиликлар кўпайиб боради.

Агар шундай қаршиликларга туриб беришга тайёр бўлсак, демак, содиқ аскар каби ўз хизматимизни бошласак бўлади. Шайтон ер юзига келганидан бери ҳар куни масиҳийларга қарши қандайдир гуноҳга бошловчи тузоқ қўймоқда. Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етиб бормоқда. Сиз азизлар билан хайрлашиб, сизга ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини айтиб ўтмоқчи эдим: dilkash@najot.com Ушбу электрон почтамизга ўз мактубларингизни жўнатишингиз мумкин. Хайр саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top