3:33

Фарзандларимизнинг ўқиши ҳақида

MP3

Салом хурматли радио тингловчи дўстлар. Бугун мен сизларга фарзандларимизга оид мавзуда сўз юритаман. Ниҳоят, фарзандингиз биринчи синфга борди, ўқувчи бўлди. Сизни ўй-хаёллар қийнайди: балки уддалаб кетар, эҳтимол … Хавотирланманг, албатта уддалайди. Фақат дастлабки вақтларда сизнинг ёрдамингиз ва қўллаб-қувватлашингизсиз у қийналиб қолиши мумкин. Ўқиш – бу ҳам иш. Шунинг учун фарзандингиз ўз меҳнат фаолиятини қувонч билан бошлаши лозим. Уни мактабга, албатта, кузатиб боринг, ҳатто мактаб шундоққина уйингиз олдида бўлиб, йўлни кесиб ўтишга ҳожат бўлмаса ҳам. Бу каби кунлик эрталабки сайр биринчи синф боласи учун ўқувчиликнинг муҳим эканлигини ҳис қилишига ёрдам беради. У сизнинг кўмагингизни сезади ва ўзига нисбатан ишонч ҳосил қилади. Йўл-йўлакай ўтилган дарсни такрорлаш, бугун уни қайси машғулот қизиқтираётгани, мактаб ҳаётидан у нималарни кутаётгани ҳақида суҳбатлашиш мумкин. Уни руҳлантириш учун ўзаро ижобий ҳамжиҳатлик яратинг.

Мактабдан қайтгандан сўнг “Бугун қандай баҳо олдинг?” каби анъанавий савол билан бирга, “Бугун мактабда қандай янгилик бўлди? Нима билан шуғулландинг? Дарсларда нима қизиқарли бўлди?” сингари саволлар билан ҳам мурожаат қилинг. Мактабдаги ишлари билан қизиқаётганингизни билган бола чин дилдан ҳаммасини сўзлаб беради. Чой устида янги ўқувчини мақташни канда қилманг. Ушбу эътиборингиз унга доимгидан ҳам жуда зарур. Унинг ҳар қандай ютуғидан, ҳатто улар сиз учун аҳамиятсиз туюлса-да, сидқидилдан қувонинг. Mуваффақиятсизликлар учун болани уришиш ярамайди. Айниқса, у ниманидир тушунмаётган ёки хато қилган бўлса. Яхшиси, ёнига ўтириб, у билмаётган нарсаларни меҳрибонлик билан секин тушунтиринг. Унутманг, хато қилиш одатий ҳол, таълим жараёни бусиз кечмайди. Фарзандингизни ҳеч қачон “аҳмоқ, билимсиз, овсар” деб атаманг. Ҳақорат ҳеч нарсани ижобий ҳал қилмайди, аксинча, ўзига ишончсизликни, мактабдан кўнгил совушни келтириб чиқаради.

Кун тартибини тузиб чиқинг ва назорат қилинг. Машғулот ва дам олиш вақтини тўғри тақсимлаш чарчоқни қувишга ёрдам беради. 6-7 ёшли болалар машғулотнинг ҳар ярим соатидан кейин 15-20 дақиқа танаффус қилиб олиши шарт. Албатта, кунлик сайрни канда қилмаслик керак. Фарзандингизнинг шахсий иш жойи – ёзув столи ва дарсликлари, дафтарлари ва бошқа ўқув қуроллари учун жой ҳозирлаб беринг. Бошланишида уй вазифасини биргаликда тайёрланг. Аста-секинлик билан ушбу ҳамкорликдан четланиб, болангизни мустақилликка ўргата боринг. Лекин бажарилган ишни назорат қилишни унутманг. Дарсларни текшириш жараёнида бирорта хато чиқиб қолса, индамай қолдирманг. Ҳеч қачон болангизнинг уй вазифасини ўзингиз бажара кўрманг. Ахир, ўқиётган сиз эмас, фарзандингиз-ку!

Кичкинтой ўқувчи учун ўз ўқитувчиси – муҳим шахс. Фарзандингизнинг у ҳақидаги фикрларини ҳурмат қилинг. Ҳеч қачон ўқувчилар олдида педагоглар ҳақида ёмон гапирманг ва уларни танқид қилманг. Албатта, биринчи синф ўқувчиси учун янги ҳолатга кўникиш осон эмас, лекин уни уй юмушларидан батамом озод қилиб қўйманг. Бола уй тозалаш, идиш ювиш ва бошқа енгил ишларга ўрганиши керак.

Эсингизда бўлсин, бола эртадан-кечгача ўқиши шарт эмас. Сиз уни яхши хулқи ёки баҳоси учун эмас, шунчаки ҳаракат қилаётгани учун севинг. Сизга хикоя ёқди деган умиддаман. Кейинги сафар учрашгунча хайир, саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top