Уй — бу ота, она ва болалар бир-бирини бахтли қилиш учун ҳаракат қилган ҳолда ўз бахтларини топадиган жойдир. Ассалому алайкум хурматли радио мухлислар. Биз сизлар билан бугун уйимиз хақида сўз юритамиз. Ха, уй бу биз учун муқаддас жой десак хам бўлади. Ўзимизга уй қуриш бу олий неъмат. «Менинг уйим!» Бу сўзлар мен учун худди мусиқадек жаранглайди. Бу сўзлар қалбнинг туб-тубигача кириб бориб, ҳар қандай тош юракни ҳам эритиб юборадиган ёқимли най навосига ўхшайди. Менинг уйим мен учун жуда қадрли. Бутун дунёда унга тенг келадиган жой йўқ. Ҳар доим деворларининг оҳаги кўчиб ётса ҳам, томини зах босса ҳам майли! Эй қалдирғочлар, чирилланглар, эй чумчуқлар, чуғурланглар, чунки менинг дам оладиган, ҳордиқ чиқарадиган жойим шу! Нима сабабдан кўп одамлар бўш вақтларини кўчада ўтказишларини ҳеч ҳам тушуна олмайман. Уйда бўлиш анча яхшироқ ва фойдалироқ эмасми?! Ҳар хил жойларда соатлаб ўтириб, бекорчи нарсалар ҳақида гап сотиш, уйда ўзларини соғинчу интизорлик билан кутиб ўтирган қадрдон яқинларини эса эсдан чиқариш ҳеч қанақа қолипга тўғри келмайди!
Эркак киши ўз уйини бахтли ва муқаддас жойга айлантириш учун ҳаракат қилиши керак. Фақат ярамас қуш ўз инини булғайди. Фақат ярамас одам ўз оиласини барбод қилади. Бизнинг уйимиз, устига “Тангри маъбади” деб ёзилган кичкина даргоҳ бўлиши лозим. Кўплаб қоида ва буйруқлар ҳукмрон бўлган, севгию қувончдан маҳрум бўлган қамоқхона эмас. Тўғри, оилавий ҳаёт ҳар доим ҳам роҳат-фароғатдан иборат эмас. Бироқ, агар юракларда Худонинг марҳамати ҳукмрон бўлса, кўп қийинчиликларни осонликча ҳал қилиш мумкин. Худога бўйсуниш ва Худо айтгандай севиш ҳар қандай одамга маъноли ҳаёт кечиришга, худди бутадаги қуш каби тиканаклар орасида куйлашга ва шунингдек, бошқаларни ҳам куйлашга даъват қилишга имкон беради. Хотинига қувонч бағишлаш эр киши учун ҳузур-ҳаловат бўлиши лозим. Хотин киши ҳам ўз навбатида эрига парвона бўлишдан завқлансин. Ўз хотинига эътиборли бўлган одам ўзига эътибор берган бўлади. Афсуски кўпчилик одамлар фақат ўз хоҳиши билан иш қилишади, натижада оилавий бахт деган нарса бир мавҳум орзу сифатида қолиб кетади. Эр-хотин тотув яшаса турмушнинг қийинчиликларини ҳал қилиш қанчалик осон! Лекин афсуски кўпчилик оилаларда бунинг тескариси. Ҳақиқий оилада ҳар бир иш, ҳар бир сўз оилага бахт олиб келиш учун хизмат қилиши керак.
Эр киши оиланинг отасидир. У тегирмон тошига ўхшаб оиладаги ҳаммани эзмай, аксинча ҳар бир одамнинг суянган қоясига айланиши керак. Меҳрсиз золим эрни имонли деб аташ мумкин эмас, чунки у Худонинг амрларига тескари иш тутяпти. Бироқ шу билан бирга ҳар қандай уй албатта бошқарилиши лозим, акс ҳолда у ердан жанжалу можаро аримайди. Агарда оила бошлиғи жиловни қўйиб юборса, оила араваси тез орада йўлдан чиқиб кетади. Севги ва қаттиққўлликнинг доно бирлашмаси оилани мустаҳкам қилади. Аммо қаттиққўллик ҳам, мулойимлик ҳам, агар бирга ишлатилмаса, ҳеч қачон уйга тартиб ва осойишталик келтира олмайди.
Фарзандлари ота-онасига қулоқ солмайдиган оилани оила деб ҳисоблаш мумкин эмас. Қулоқсиз болалар билан яшашнинг турган битгани азоб. Болалари билан бахтли бўлганлар ва ота-онасига итоат этадиган фарзандлар ҳақиқатдан ҳам бахтли бўлади. Сизнинг уйингиздаги вазият қандай? Азизларим, афсуски, менга ажратилган вақт ўз нихоясига етди. Хикоянинг давомини кейинги эшитиришимизда тинглашингиз мумкин бўлади. Хайр, саломат бўлинг.