4:26

Дониёр пайғамбарнинг ибодати

MP3

Ассалому алайкум азиз биродарлар. Сиз билан дастурларимиз орқали учрашиб турганимдан бенихоят хурсандман. Мана анча вақтдан бери сиз билан бирга Яратувчимизга ибодат қилиб келмоқдамиз. Азизлар, келинг бугунги дастуримизда Каломдаги Дониёр пайғамбарни Худога қилган ибодатини ўқиймиз. Дониёр пайғамбар китоби тўққизинчи бобни ўқиймиз, «Бобил тахтига ўтирган Мидиялик Ахашвераш ўғли Доро ҳукмронлигининг илк даври. Мен Доро ҳукмронлигининг дастлабки йилида пайғамбарлар ёзиб қолдирган битикларни мутолаа қилишга киришган эдим. Эгамиз пайғамбар Еремиёга айтган сўзларига кўра, Қуддус етмиш йил давомида хароб бўлиб ётишини билиб олдим. Шунда мен Раббий Худога ёлвордим, рўза тутиб, қанорга ўрандим, кулга беланиб, илтижо қилдим. Мен Эгам Худога ибодат қилиб, халқимнинг гуноҳлари учун шундай деб тавба қилдим: Ё Раббий, Сен буюк Худосан, биз Сени улуғлаймиз! Сени севиб, берган амрларингга риоя қилган бандаларингга Сен садоқату меҳр–шафқатингни кўрсатасан. Аммо биз ноҳақлик қилиб, гуноҳга қўл урдик. Қабиҳ ишлар қилиб, Сенга қарши бош кўтардик, амрлару қонун–қоидаларингни унутиб, шоҳларимизга, раҳнамоларимизга, ота–боболаримизга ва авом халққа Сенинг номингдан гапирган хизматкорларинг — пайғамбарларга биз қулоқ солмадик. Сен ҳақсан, ё Раббим. Биз эса бугун шарманда бўлдик. Биз Сенга хиёнат қилганимиз учун, Сен ҳаммамизни — Яҳудо ва Қуддус аҳолисини ҳамда бутун Исроил халқини яқин ва узоқ юртларга тарқатиб юборгансан. Эй, Эгам, биз Сенга қарши гуноҳ қилганимиз учун шоҳларимиз, раҳнамоларимиз, ота–боболаримиз, биз — ҳаммамиз шарманда бўлдик. Ё Раббимиз Худо, биз Сенга қарши бош кўтарган бўлсак ҳам, Сен гуноҳларимизни кечирувчи, раҳмдил Худосан. Эй, Эгамиз Худо, биз Сенга итоат этмадик! Сен хизматкорларинг бўлмиш пайғамбарлар орқали бизга қонунлар бердинг, аммо биз уларга риоя қилмадик. Бутун Исроил халқи қонунингни бузиб, ҳақ йўлдан озди, Сенга қулоқ солишни хоҳламади. Биз Сенга қарши гуноҳ қилганимиз учун, қулинг Мусонинг Қонунида ёзилган қасамёду лаънатлар бошимизга тушди. Ҳа, Сен бизни ва раҳнамоларимизни огоҳлантирган эдинг! Сўнг айтганларингни қилиб, бошимизга шундай фалокатлар ёғдирдингки, Қуддусда юз берган бундай даҳшатли фожиани ёруғ дунё ҳали кўрмаган эди. Мусонинг қонунида ёзилган ҳар бир фалокат бошимизга тушди. Аммо биз шунда ҳам гуноҳларимиздан қайтмадик, Эгамиз Худонинг марҳаматини изламадик, Унинг содиқлигини эсга олмадик. Вақти келиб Эгам бизни бу фалокатларга гирифтор қилди, чунки биз Унинг гапларига итоат қилмадик. Дарҳақиқат, Эгамиз Худо доим адолат ила иш тутар. Эй, Раббимиз Худо, Сен Ўз халқингни қудратинг ила Мисрдан олиб чиқиб, шуҳратингни оламга ёйдинг. Сенинг қудратинг бугунга қадар тилга олинур. Биз эса гуноҳ қилдик, қабиҳликка қўл урдик. Ё Раббим, Сен ўтмишда бизга кўп илтифот қилдинг. Ҳозир ҳам ғазабу қаҳрингни Қуддусдан йироқ қилгин, деб ёлвораман. Қуддус Сенинг шаҳринг, Сенинг муқаддас тоғинг–ку, ахир! Бизнинг ва ота–боболаримизнинг гуноҳлари туфайли Қуддус ва танланган халқинг қўшни халқлар орасида хор–зор бўлмоқда. Шунинг учун, эй, Худойимиз, қулингнинг ибодату илтижоларига қулоқ тутгин. Ё Раббий, хароб бўлган Маъбадингга Ўз ҳаққи–ҳурматинг учун мунаввар юзинг билан боққин. Эй, Худойим, қулоқ солиб, нолаларимизни эшитгин! Кўзингни очиб, биз тортган жабрни кўриб қўйгин! Шаҳарнинг аҳволига бир қара, ахир, у Сенинг номинг билан аталган–ку! Биз Сенинг марҳаматингга лойиқ бўлмасак–да, Ўзингнинг чексиз раҳмдиллигинг туфайли бизга шафқат қил. Ё Раббий, нолаларимни эшитгин! Ё Раббий, бизни кечиргин! Ё Раббий, илтижоларимни эшитиб ёрдам бергин! Ҳурматинг ҳаққи шошилгин, чунки бу шаҳринг ва халқинг Сенинг номинг билан аталгандир, эй, Худойим!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top