Сой, жилға,ариқ бўйлари, сернам ўтлоқларда ўсадиган ялпиз иссини кўпчилигимиз ёқтирамиз. Ўрта Осиё шароитида унинг сув ялпизи, қора ялпиз, қалампир ялпиз каби турларини учратиш мумкин. Ўткир ялпиз номи билан юритилувчи хили маданий равишда етиштирилади. Унинг баргларида эйфор мойлари флавоноидлар, рамноза, маъдан тузлари, микроунсурлар жамланмаси мавжуд. Ялпизга исмалоқ, момақаймоқ, йўнғичқа, шовул, бара пиёз, шивит, қўзиқулоқ, крафш кабиларни аралаштирган холда тайёрланган кўкатли сомса, чучвара ва шўр таомлар истеъмол қилинса, одам аъзолари ҳаётбахш моддаларга қақраб турган пайтда жуда қўл келади. Ялпиз қадим-қадимдан халқ табобати амалиётида кенг қўлланилиб келинади. Абу Али ибн Сино ялпиз билан ичак оғриқларини даволаган. Уни овқатни яхши ҳазм қилдирувчи, гижжа ҳайдовчи, қонни тўхтатувчи, қайт қилишни қолдирувчи восита сифатида тавсия этган. Халқ табобатида ялпизнинг ер устки қисмидан тайёрланган қайнатма тиш оғриғи, оғиз караши, милк яллиғланишини даволашда тавсия қилинади.
Ялпиз қайнатмасига қанд қўшиб тайёрланган қиём қуёнчиққа, шираси эса шақиқа ва сариқ касалига фойдали.
Шарбати қўтирни даволашда ижобий натижа беради.
Ялпиз кўкракни юмшатиб, балғам кўчирувчи ҳамда нафас йўллари касалликларининг олдини олувчи восита ҳам ҳисобланади.
Уруғини шаробга солиб қайнатиб ёки унга анжир қўшиб ичилса, кўкракда кигиздек ёпишиб турган балғамни юмшатиб, кўчиради. Озор топган, лат еган жойларга боғланса, зарбдан ҳосил бўлган қонталашдан ҳоли қилади. Ялпиздан зидди заҳар сифатида ҳам фойдаланилади. Беморнинг эти увишиб, қалтироқ босганида, чаён чаққанида, мушаклар лат еганида ялпизли қайнатма ичиш ижобий Самара беради.
Ялпиздан ванна сифатида фойдаланилса, танани яйратиб, кайфиятни зиёда қилади ва тетиклаштиради.
Замонавий тиббиётда ялпиз асосида тайёрланган препаратлар меъда ичак оғриқларида, қорин дам бўлганида, кўнгил айниб қусишда, холецистит, сафро-тош касаллиги ва гепатитда қўлланилади.
Ялпизли дори дармонлар юқори нафас аъзоларининг яллиғланиши касалликлари, жумладан, ларингит, трахеит, бронхитларни даволашда ишлатилади. Чунончи, ялпиздан олинадиган ментолнинг спиртдаги эритмаси ва мойли эмульсияси мигренда, асаб толалари шамоллаганда баданга суртилади.
Ялпизли дорилар қилтомирларда қон айланиши ва ичакнинг тўлқинсимон ҳаракатларини, ҳазм безлари ишини уйғунлаштиради, сафро ва пешоб ажралишини кўпайтиради.
Ялпиз баргларида ментол бўлганлиги туфайли микробларга қарши таъсир кўрсатади.Ялпиздан кўпроқ истеъмол қилсангиз юқумли касалликлар сизни четлаб ўтади.