3:55

Худованд сиздан узоқда туюлганда… ёхуд юракдаги сахро

MP3

Ассалому алайкум азизлар. Сизнинг хаётингиз Худованд билан жуда яхши ўтаётганига аминмиз. Хаётимизда хар қандай қийинчиликлар бўлмасин, Худовандга таяниб, уларни енгишимиз ва нафақат енгиш балки улардан жуда кўп нарсалар ўрганишимизни хаммамиз яхши биламиз. ХАётимизга келадиган қийинчиликлар бизга фойдали бўлади. Биз Худованднинг оиласига қабул қилинганимиздан сўнг, Худовандни яхшироқ билиш истагида яшаймиз, Унга маъқул бўлишни истаймиз. Худовандга яқин бўлиш ва доимо Унинг хузурини қидириш, сизни кўзлаган мақсадингизга эриштиради. Уни кўпроқ таниб биласиз, рухан камолотга эришасиз. Аммо шуниси хам маълумки, рухий хаётимиз доимо бир маромда бўлавермайди. Бу хаётда хам паст-баландликлар бор. Бир неча хафта олдин Худованднинг хузуридан завқланиб, Унинг сиз билан эканини хис қилган холда, “бундан буён рухан ўсиб боравераман, хаммаси яхши бўлади”, деб ўйлаб юрганингизда, бирданига жарликка қулагандай хис қиласиз ўзингизни.

Атрофда хеч ким йўқ, ўзингизни ёлғиз хис қиласиз, яқиндагина Худованд сиз билан бирга эди-ку, Энди У қани? Унга ёқмайдиган бирор бир иш қилдимми? Шундай ўйлар билан ўзингизни, қилган ишларингизни Бирма-бир текшириб чиқасиз. Шу пайтда бир нарсани ёдингиздан чиқарманг. Худованд билан хис – туйғуларга асосланиб яшайдиган бўлсангиз, адашасиз. Инсоннинг хис-туйғулари алдамчи бўлади. Уларга ишониб яшасангиз албатта қоқинасиз. Худованд хақиқий, У Ўз сўзига ва ўзлигига содиқ. Сиз қандай хис қилаётганингизга қарамай, У доимо бор ва сизни ташлаб қўймаган. Хаётда хамма нарса яхши кетаётганида Худовандни улуғлаш жуда осон. Аммо хаётда фақат ёқимли холатлар бўлавермайди. Қийин дамларда Уни қандай улуғлайсиз? Худованд сиздан миллионлаб километр узоқда туюлганида нима қиласиз? Сиз хақиқий топинувчи, улуғловчи бўлишни истайсизми? Худовандни хақиқатдан улуғлайдиган ва унга топинадиган кишилар хаётидаги оғриқларга, қийинчиликларга қарамайдилар.

Улар синов пайтларида Унга ишонадилар, азоб чекканларида ўзларини Унинг қўлига топширадилар, У хатто узоқда туюлганида хам севишда давом этадилар. Биз Худованд билан яқин муносабатда бўлишимиз кераклигини биламиз. Аммо хақиқий яқин муносабат сукутда ва айрилиқда билинади. Худованд билан дўстона муносабатда доим хам Унга яқинлигингизни хис қилавермайсиз. Худованднинг оиласида, У билан дўстлик муносабатида ўсишингиз учун Худованд сиздан узоқлашгандай бўлиб синаб кўради. Бундай вақтларда одатда биз ўзимизни ташлаб кетилгандай ва унутилгандай хис қиламиз. Худованд миллион километр узоқликда хам сизни яхши тушунади ва ахволингизни яхши хис қилади. Биз Муқаддас Каломда Исо МАсихнинг Худованд билан яқин муносабатда бўлганини биламиз. Аммо Исо Масихдан ташқари Довуд пайғамбар хам Худованд билан дўстона муносабатда бўлган.

Худованд уни: «Менинг кўнглимдаги одам”, деб айтган. ХАтто у хам Худованд ундан узоқда туюлганида: “Тангрим нега мени ташлаб қўйдинг, мен Сенга энг мухтож бўлганимда нега мендан юзингни яширасан”, деб айтган. Албатта Худованд Довудни ташлаб қўймаган эди, сизни хам ташлаб қўймайди. Чунки у шундай ваъда берган: «Мен сени хеч қачон ташлаб кетмайман”. Аммо У : «Сен доимо менинг хузуримни хис қиласан”, деб ваъда бермаган. Хаётда Худованд сизнинг хаётингизда ишламаётгандай туюлган пайтлар бўлади, шундай пайтларда ХУдованд мени ташлаб қўйди, деб тушкунликка тушманг. Имон билан Унинг ваъдаларига асосланган холда, Уни улуғлашда давом этинг. Унга ишонинг. Азизлар бу мавзу хаётимизнинг қайноқ нуқталаридан бири, шунинг учун кейинги сухбатимизда хам бу мавзуни давом эттирамиз. Унгача эса Худованд сиз билан эканини унутманг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top