Ассалому алайкум қадрли биродарлар. Худо сизни бизни севади. Бу оддий гап эмас. Бу гапнинг тагида Худонинг чексиз муҳаббатга тўла қалби, донолиги ва раҳм-шафқати бор. Бундай дейишимизга сабаб Муқаддас Каломда Унинг чексиз ва ўзгармас муҳаббати ҳақида ёзилган санодир. Ўтган сафарги суҳбатимизда Забур 106 сано ҳақида бир оз гаплашган эдик. Бу орада Забур 106 санони ўқиб чиққандирсиз? Агар ўқимаган бўлсангиз, бу санони ўқишни маслаҳат берамиз. Чунки шундагина Худонинг севгиси нақадар чексиз ва ўзгармас эканига амин бўласиз. Шу санодаги фактларга кўра Худонинг севгиси қанчалик эканини икки турга бўлган эдик. Биринчиси Худонинг севгиси энг қайсар асирларга ва энг ахмоқ халққа ҳам етади. Иккинчиси эса Худованд Ўзининг асир бўлган халқи билан бирга қийналади. То улар озод бўлмагунларига қадар Худованд ҳам улар билан бирга азоб чекади.
Худо қайсарларни Ўзига илтижо қилиши учун шундай йўл тутади: Худо асирларнинг «зулматга ва ўлим ваҳимасига” тушиб қолишларига йўл қўяди. Бизнинг инсоний хоҳишларимиз бизларни тўппа-тўғри асирликка бошлайди. Бу эса ҳар бир кишини ҳиссий қоронғуликка тушишига сабаб бўлади. Ҳамма тушкунликларни ҳам қайсарликнинг оқибати дейиш нотўғри бўларди. Бироқ Худонинг амрларига итоатсизлик қилиш бизни ҳиссий қоронғуликка ва тушкунликка бошлайди. Худонинг йўлида кўп йилдан бери юрадиган имонлилар Худога итоатли бўлиб У билан яхши муносабатда бўлишнинг нақадар завқли эканини билади. Худо билан муносабатни бузиш ҳар бир имонлини тушкунликка туширади. Худо биздаги қайсарликка барҳам бериш учун ҳам баъзида қоронғуликка тушишимизга йўл қўяди. У бизни ёруғликка бошлаб бориш учун қоронғуликдан фойдаланади. Бу учун Худованддан миннатдор бўлишимиз керак.
Ҳаётимиз давомида қайсарлик қилсак, Худованд қоқилишимизга йўл қўяди. Бошқалар ҳам бундай пайтда ёрдам беролмайдилар. Бу учун ҳам Худога шукр қилишимиз керак. Бу жуда ғалати эшитилади, тўғрими? Агар қоқилганимизда бизга ёрдам берадиганлар бўлмаса, биз кимга мурожаат қиламиз? Сизларни билмадим-у, аммо мен бундай ҳолга жуда кўп маротаба тушганман. Менинг ота-онам, қариндошларим, яқинларимнинг ҳеч бири бой-бадавлат, қаерга қўл чўзса етадиган кишилар эмас. Баъзида шундай ёрдамчилари борларга ҳавас қиламан. Аммо менинг қийналганимда ёрдам берадиган ҳеч кимим йўқ. Бундай пайтларда фақат Худога суянаман. Биргина У менинг суянчиғим ва қалқоним. У менинг қўрғоним. Шундайлигидан хурсандман. Забур 106 санони ўқиган ҳар бир имонли унда ўзини топишига шубҳам йўқ. 17 оятда “Қилган ёмонликлари эвазига жаво ҳам чекдилар”, деб ёзилган. Ҳа, Худованд жафо чекишимизга ҳам йўл қўяди. Яна бир марта эслатиб ўтай, ҳамма ҳасталиклар ёки танамизга етказилган бирор бир жароҳат қайсарлигимизнинг оқибати бўлмаслиги мумкин.
Бироқ қайсарлигимиз жисмонан азобланишимизга сабаб бўлади. У буларга йўл қўяди, бироқ Унинг бу ҳатти ҳаракати ортида ўзгармас севгиси ётади. Худо севгиси шунчалик чексиз ва ўзгармаски, у асирлар билан бирга азоб чекади ва охиригача улар билан бирга бўлади. Бизнинг қайсарликларимиз ва итоатсизлигимизнинг охирга энг ёмон натижаси Худонинг биздан воз кечиши бўлиши мумкин. Бу фикримга қўшиласизми? Бироқ Худога шукрки У бундай қилмайди. Қайсарларни қайта-қайта тарбиялаши мумкин, бироқ ташлаб кетмайди. Бунинг исботи Забур 106 санода ёзилган. Жамиятимизда қамалган хотинларни эрлари ташлаб кетади, ёки бўлмаса қамалган эрларни хотинлари ташлаб кетади. Қамалган одамлар бир умрга унутилади. Бироқ Худованд бизни қайсарликдан озод қилмагунча Ўз муҳаббати билан бизга сабоқ беришда давом этаверади. Унинг муҳаббатини бағритошлик деб тушунманг.
Агар суҳбатларимизнинг баъзиларни тинглай олмаган бўлсангиз, бизнинг www.najot.com сайтимизга киринг. У ердан сиз ўтказиб юборган суҳбатни ва ва бошқа қизиқарли мавзудаги маълумотларни олишингиз мумкин.